Даромадлар сар омади

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq hayoti» - Ҳамиджон БУРҲОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Чиндан ҳам томорқанинг даромади ишбилармон одам учун бошқа барча даромадларга сар омад бўлар экан.

Бу гап Риштон туманидаги Зоҳидон шаҳарчаси атрофида жойлашган бир неча қишлоқларда ҳам ўз тасдиғини топган. Шаҳарча атрофида жойлашган Капа, Узун кўча, Кўтарма, Бўтқа, Амиробод, Гулистон қишлоқлари аҳолисининг деярли барчаси томорқачилик соҳасида катта тажриба тўплаган.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари томорқачилик билан шуғулланувчиларга керакли шароитларни яратиб беряпти. Ҳадемай, аҳоли томорқаларида етиштирилган эртапишар бодринглар бозорларни безайди. Маҳаллаларда улгуржи савдо авжига минади. Тадбиркорлар шу атрофдаги деҳқон бозорларидан ташқари, Қўқон, Фарғона, Наманган, Тошкент, Олмаота, Чимкент, ҳатто, Россиянинг қатор шаҳарларига бу ердан бодринг олиб кетишади.

– Ҳудудимиздаги 200дан ортиқ хонадонда плёнка остида бодринг кўчатлари ўстирилган, – дейди “Узункўча” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳомжон Тожибоев. – Бодрингдан аҳолимиз катта даромад олаётгани сир эмас. Бундан ташқари, сервитамин кўкатлардан укроп, петрушка ва кашнич етиштирамиз. Булар ҳар йили юк машиналарига жойланиб, Россия бозорларига етказиб бериляпти. У ёқлардан қишлоғимизга ёғоч, тахта ва бошқа қурилиш материалларини олиб келаётган тадбиркорлар ҳам бор. Бу билан тадбиркорлар юртимиз ободлигига, якка тартибда уйлар қурилишига муносиб ҳиссаларини қўшяптилар.

Маҳаллада кейинги йилларда ўз кучлари билан иссиқхона барпо қилаётганлар кўпаймоқда. Бундай кишилар ўз иссиқхоналарида бодринг, помидор, қалампир, лимон етиштириб, даромадларини оширишмоқда.

– Узум, лимондан мўл ҳосил етиштириб, барака топаётганлар сони ошиб бораётганини кўряпмиз, – дейди Илҳомжон Тожибоев. – Улардан бири Анваржон Мамаев учта ўн икки сотихли томорқасида ўғиллари билан ҳар бири 2 сотихли 3 та лимонарий барпо қилган. Қолган ерларининг асосий қисмида узум етиштиради. Фақат “Ризамат” навли сифатли ҳосил берадиган кўчатлар экилган бу узумзорнинг даромади бир йилда 50 миллион сўм атрофида бўляпти. 4 сотих ерда эса шафтоли ва гилос ўстириляпти. Бир йилда шу 3 та томорқадан олинаётган даромад 80-90 миллион сўмдан ошаётир.

Анваржон Мамаев чиндан ҳам ерга ишлов беришни, ўсимлик агротехникасини яхши билади. Мана бир неча йилки, у етиштирган лимон, узум ва бошқа меваларни тадбиркорлар олиб, хорижда сотишмоқда. Бундан томорқа эгасининг ҳам манфаатдорлиги катта бўлаётир.

– Янги қурган уйларимиз, хонадонларимизга сотиб олаётган уй жиҳозларининг барчаси томорқаларимиздан олаётган даромадимиз эвазига бўляпти, – дейди Анваржон Мамаев. – Шунинг учун ҳам ерларимизга яхши ишлов берамиз, мевали дарахт ва токлар ҳосилини кўпайтириш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Анваржон яшаётган Капа қишлоғи ҳудудида Шарифжон Умаров, Муроджон Алиев, Сотиболди Юсупов, Рўзали Шаропов, Нўмонжон Ҳакимов, Ўғилча Султонова каби юзлаб томорқа эгалари ҳам баракали меҳнатлари билан ўз даромадларини кўпайтирмоқдалар.

Фарғона вилояти

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.