¤ЗАРО ИШОНЧ ВА Д¤СТЛИККА АСОСЛАНГАН ¥АМКОРЛИК ЖАДАЛ РИВОЖЛАНМО£ДА

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА мухбири.

(Боши 1-саҳифада) Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамда Ер усти юк ташувлари тўғрисидаги келишувларга мувофиқ тузилган Халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича қўшма комиссия бу йўналишдаги алоқалар ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

“Боку – Тбилиси – Карс” темир йўли ўзаро савдо алоқалари учун улкан имкониятлар яратиши қайд этилди. Шу жиҳатдан транзит тарифларини янада мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистонда 1993 йилдан буён ваколатхонаси фаолият кўрсатаётган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) саъй-ҳаракатлари ҳам юқори баҳога лойиқдир. Ўтган давр мобайнида ушбу агентлик тиббиёт ва таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган қатор лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида фаол қатнашди.

Музокараларда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, ушбу ташриф икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ривожига янги суръат бахш этиши таъкидланди.

Икки мамлакатда ҳам харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни етказиб бериш ва узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш орқали ўзаро савдо ҳажмини муттасил ошириб бориш ва диверсификация қилиш бўйича якдил фикр билдирилди.

Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, энг аввало, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ишлари бундан кейин ҳам рағбатлантириб борилиши қайд этилди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришда миллий авиакомпанияларимиз ўртасида шерикчилик муҳим ўрин тутади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан ўтган йил октябрь ойидан бошлаб “Са- марқанд – Истанбул”, жорий йилнинг мартидан бошлаб “Турк ҳаво йўллари” томонидан шу йўналиш бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани, халқларимиз ўртасидаги борди-келдининг соддалаштирилгани муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди.

Ҳозирги вақтда авиақатновларни кенгайтириш мақсадида янги режа ва қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Мамлакатимизда туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги дастурлар доирасида турк инвестицияси иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи ҳам музокаралар мавзуси бўлди.

Ўзбекистон ҳам, Туркия ҳам туризм соҳасида улкан имкониятларга эга. Бу салоҳиятдан тўла фойдаланиш, сайёҳлар алмашинувини ошириш улкан иқтисодий самара беради.

Яна бир муҳим йўналиш – Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ҳам амалий фикр алмашувлар бўлиб ўтди.

Ўтказилган суҳбат ва музокаралар давомида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази инфратузилмаларини ривожлантириш ва уларнинг фаолиятини шакллантиришда туркиялик қардошлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган маданий-гуманитар алоқалар ҳам Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг ажралмас қисми ҳисобланади. 2016 йил июнь ойида Анқарада Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Турк санъат усталарининг Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этиши, Туркия давлат телерадиокомпанияси (ТРТ) Ўзбекистонда ўтказиладиган расмий тантаналарни хорижий мамлакатларга ретрансляция қилиши анъанага айланди.

Соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳаларида, етакчи тадқиқот марказлари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатларимиз БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига ўхшаш ёки яқин.

Президентлар минтақавий ва халқаро даражада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш истагида эканликларини таъкидлаб, кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини билдирдилар. Хусусан, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш масаласида ҳам атрофлича фикрлашиб олинди.

– Бизнинг бу борадаги қатъий позициямизни яна бир бор таъкидлашни истардим: Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев. – Албатта, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу борада асосий воситачи ролини бажариши лозим.

Давлат раҳбарлари маърифий ва бағрикенг ислом динини тарғиб этиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш борасида ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар. Зеро, ислом дини доимо эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон кенг кўламли стратегик ҳамкорлигимизни янги, янада юксак босқичга кўтаришга қаратилган, ўз мазмун-моҳияти билан катта аҳамиятга эга бўлган Қўшма баёнотни имзоладилар.

Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатларимиз ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга доир 24 та ҳужжатга имзо чекилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтганини, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

– Музокаралар халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик анъаналарига мос ҳолда, очиқ, сермазмун ва самарали бўлди. Ҳамкорлигимизнинг бугунги ҳолати холисона баҳоланиб, унинг устувор йўналишлари ва истиқболдаги вазифалари аниқ белгилаб олинди. Икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик шериклик олий кенгаши тузиш бўйича келишувга эришилди, – деди давлатимиз раҳбари.

Туркия Президенти музокаралар ўзаро англашув, манфаатдорлик ва ишонч руҳида ўтганини, Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, стратегик даражага кўтарилганини таъкидлади. Кўлами ва аҳамияти катта бўлган келишувларга эришилганидан, Бухородаги муборак қадамжоларни зиёрат қилажагидан бахтиёр эканини билдирди.

Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонга мамлакатимиз парламентида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Туркия Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзлади.

Куннинг иккинчи ярмида Туркия Президенти Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Шундан сўнг Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, Буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон “Ўзэкспомарказ”да ташкил этилган “Ўзбекистон – Туркия” ишбилармонлари бизнес форумида иштирок этдилар. Бизнес-форум доирасида умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг 50 дан ортиқ янги инвестициявий қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Президентлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришда бундай бизнес-форумлар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.