Кластер шовотликларга шижоат бахш этди

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница - Болтабой МАТҚУРБОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Жорий йилда шовотлик деҳқонлар кластер усулида пахта етиштирмоқда. Бунинг учун “Textile Finance Khorezm” масъулияти чекланган жамияти тумандаги 356 та фермер хўжалиги билан 9630 гектар майдонда хом ашё тайёрлаш бўйича шартнома тузди.

– Чигит экишдан тортиб ҳосилни йиғиштириб олишгача бўлган барча агротехник тадбирларни замонавий техника воситалари ёрдамида амалга оширамиз, – дейди “Textile Finance Khorezm” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рафаэл Тавхидов. – Шу мақсадда Франциядан 5 та сеялка, Туркиядан 20 та культиватор харид қилдик. Беларусь Республикасининг “Минск” трактор заводидан 30 та чопиқ трактори, АҚШнинг “JONDIR” компаниясидан юқори унумли пахта териш машиналари сотиб олиш бўйича шартномалар тузилди. Ҳосилни машинада териб олиш учун минг гектар майдонга туксизлантирилган уруғлик чигит экилди. Корхонамиз томонидан тумандаги “Нуржон Жуманиёз” фермер хўжалигида 15,6 гектар майдонда Исроил давлати тажрибаси асосида ғўзани томчилатиб суғориш лойиҳаси синовдан ўтказилиши режалаштирилди. Сув таъминоти қийин бўлган ҳудудларда бу усул жуда қўл келиши мумкин.

Кластер усули жорий этилгач, фермер хўжаликларига пахта хом ашёсини етиштириш учун олдиндан бўнак маблағлари ўз вақтида ва тўлиқ ажратилмоқда. Бу ўзаро ҳисоб-китоблар ҳамда тўлов интизомини яхшилаш баробарида агротехник тадбирларни ўз муддатида, сифатли ўтказиш имконини бермоқда. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу жараёнларни бошқаришда турли идораларнинг аралашуви қисқариб, ортиқча буйруқбозлик, сансалорлик ҳолатлари барҳам топди.

Кластер усулининг моҳиятидан келиб чиқиб, шартнома бўйича туман фермерлари етиштирадиган 26 минг 620 тонна пахта хом ашёсини шу ернинг ўзида тўлиқ қайта ишлаб тайёр маҳсулот сифатида экспортга йўналтириш лозим. Бунинг учун мавжуд йигирув, тўқув ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ҳам ошириш талаб этилади. Шу мақсадда “Textile Finance Khorezm” масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 10 минг тонна ип-калава ва 70 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш лойиҳалари рўёбга чиқарилмоқда. Янги корхоналар иш бошлагач, маҳаллий ёшлар учун 500 та иш ўрни яратилади.

Пахтани экишдан тортиб йиғиб териб олингунгача бўлган даврда ғўза қатор ораларида техникаларнинг эмин-эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, экин майдонлари марказида жойлашган сим ёғочларни дала четларига кўчириш, носоз техникаларни таъмирлаш каби ишларни амалга оширишга киришилди.

Мухтасар айтганда, вилоятда пахтачиликда кластер усулининг кенг жорий этилиши ташқи бозорга хом ашё сотишдек иқтисодий самарасиз услубга барҳам бериб, серқуёш заминимизда етиштирилган аъло сифатли пахта толасидан ишланган тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтиришга хизмат қилади.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.