Јулай йґлакдан экспортга

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Имконият - Гавҳар МАҲМУДХОНОВА,

Ўтган йили вилоятда экспорт билан шуғулланувчи 27 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирда уларнинг сони қарийб 40 тани ташкил этмоқда. Уларнинг нафақат сони, балки фаолият йўналиши ҳам кенгайишида яратилаётган қулайликлар, хусусан, божхона енгилликлари ҳам айни муддао бўлаётир.

Хусусан, хорижга чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотларни “Термиз”, “Жарқўрғон”, “Денов” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида тез фурсатларда расмийлаштириш тизими яратилган.

Масалан, “Termiz Kargo Center” МЧЖ ҳудудида жойлашган “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида товар ва транспорт воситаларининг замонавий рентген мажмуаси ёрдамида божхона кўригидан ўтказилиши ҳамда расмийлаштириш ишлари қисқа фурсатда амалга оширилмоқда. Мазкур божхона маскани орқали бир кеча-кундузда ўртача 70 га яқин автотранспорт воситаси назоратдан ўтказиляпти.

Воҳада ҳудудий экспорт ҳажмини ошириш, импортни оптималлаштириш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқиш ва шу асосда ишларни ташкил этиш чора-тадбирлари олиб борилмоқда. Вилоят ҳокимлиги ҳамда прокуратураси ҳамкорлигида ҳар куни экспорт ва импорт масалалари бўйича чуқур таҳлил амалга оширилади. Натижаларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 60,6 фоизга кўпайди.

Экспорт ҳажмининг ошиши билан бир қаторда яратилган енгилликлардан келиб чиқиб, экспорт географияси ҳам кенгаймоқда. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 72 фоизи Афғонистонга, 10 фоизи Россияга, яна 18 фоизи Туркия, Хитой, Украина, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинган.

Бу ерда, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида экспорт ишларини “бир дарча” тамойили бўйича амалга ошириш механизми қўлланилмоқда. Аҳамиятлиси, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан ҳужжатлар учун расмийлаштирилган ариза тегишли идораларга электрон тарзда юборилади. Ўз навбатида, аризанинг жавоби ҳам электрон тарзда қабул қилинади. Бу эса экспорт иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежаб, давлат хизматларига бўлган ишончини оширмоқда.

“Termiz Kargo Centеr” МЧЖ ҳудудида замонавий меҳмонхона ҳам бунёд этилган бўлиб, унда ишбилармонларнинг ўз бизнесини самарали олиб бориши ва дам олишлари учун қулай шароитлар мавжуд.

Соҳа ривожи йўлида қўйилган яна бир истиқболли қадам бу – Афғонистонга юртимиз тадбиркорлари томонидан тухум маҳсулоти экспорти йўлга қўйилганидир. “Жарқўрғон парранда” МЧЖ ҳамда қўшни давлат тадбиркорлари ўртасида 3 миллион АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланган бўлиб, айни кунгача шартноманинг 569 минг долларлик ҳажми бажарилди. Мазкур корхона раҳбари Абдуқаҳҳор Қулматовнинг сўзларига кўра, маҳсулотни экспорт қилишда божхона амалиётлари шу ернинг ўзида амалга оширилиб, маҳсулот ортилган юк машинаси “Жарқўрғон парранда” МЧЖ ҳудудидан тўғри Афғонистонга қараб йўл олиши натижасида маҳсулот тез фурсатларда манзилга етиб бормоқда. Давлат божхона қўмитаси ва Россия Федерацияси федерал божхона хизмати ўртасида “Соддалаштирилган божхона йўлаги” тўғрисида имзоланган битимга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинганда қабул қилувчи мамлакатда товарлар божхона кўригидан озод қилиниши белгиланган. Бу эса экспортга юбрилаётган мева-сабзавотлар тез фурсатларда бозорга чиқиш имкониятини яратади. Пировард натижада маҳсулот сифати бузилиш ҳолати кескин камаяди. Бундан ташқари, фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тез ва сифатли экспортини таъминлаш мақсадида вилоят бўйлаб қатор марказлар ташкил этилган. Биргина Ангор туманида 4 та ана шундай шохобча фаолият юритмоқда.

Воҳада аграр тармоқни жадал ривожлантиришда улкан имконият мавжуд. Ҳудудда етиштирилган маҳсулотларни хорижга экспорт қилишга қаратилган истиқболли лойиҳалар эса тармоқ ривожини янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.