«Мудраётган» томорқалар «уйғотилди»

БАҒДОД ТУМАНИДАГИ “МИРЗАОБОД” МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИДА ЕРДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИБ, ОИЛАСИ ВА ЮРТ ФАРОВОНЛИГИНИ ОШИРАЁТГАН МИРИШКОРЛАР КЎПАЙМОҚДА.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq Hayoti» -

– Маҳалламизда тадбиркорликка қизиқиш тобора ортиб бормоқда, – дейди “Мирзаобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собиржон Жумаев. – Мана яқинда тўрт нафар тадбиркор қалампирни қайта ишлаш корхонасини барпо этди. Шундан сўнг томорқасига қалампир экадиганлар янада кўпайди. Қалампирни сотиш учун шу ернинг ўзида харидор бор. Ҳудудимизда 1450 та оила бўлиб, улар ихтиёрида 62 гектардан ортиқ томорқа ерлари мавжуд. Жорий йилда 52 гектарига қалампир, 5 гектарига райҳон, қолганига помидор ва бошқа резавор экинлар экилди.

Маҳалла ҳудудида Таваккал Исмоилов, Хуршидбек Маҳмудов, Абдумансур Маткаримов, Мамасоли Саримсоқов, Фурқат Бердалиев, Қаҳрамон Акбаровлар ўз хонадонларида бирин-кетин қайта ишлаш корхоналарини очди. Уларнинг ютуқлари бошқаларни ҳам шу каби ишларни дадил бошлашга руҳлантиряпти.

Биз маҳалла тадбиркорлари орасида биринчилардан бўлиб, ўз уйида қўлбола қалампир тегирмони ташкил қилган ва ҳамқишлоқларига иш ўрни яратган Таваккал Исмоилов хонадонида бўлдик ва олиб бораётган ишлари билан яқиндан танишдик.

– Йигирма йилдан бери қалампир, райҳон, жамбил, укроп, саримсоқпиёз каби резавор ўсимликларни қуритиш билан шуғулланаман, – дейди тадбиркор Таваккал Исмоилов. – Бир йилда 10 тоннадан ортиқ қуруқ қалампир, 10 тоннадан ортиқ кўкат ва бошқа резавор ўсимликларни қуритиб сотяпмиз. Маҳалламиздаги 10 дан ортиқ аёлларни иш билан таъминлаганмиз. Ёзда офтобда, совуқ тушганда узун қурилган махсус хоналарда қуритамиз. 2 та қалампир майдалайдиган дастгоҳ ўрнатганмиз. Улар яхши самара беряпти.

Тадбиркор ўз томорқасидан ташқари 25 сотих ерда қалампир етиштиряпти. Тадбиркорнинг укаси Анваржон Исмоилов ҳам акасининг изидан бормоқда.

Таваккал Исмоиловнинг аёли Насибахон Исмоилова гулчилик билан шуғулланади. 1 сотих келадиган иссиқхонада гул кўчатлари етиштириб, аҳолига тарқатади. Сирасини айтганда, бу оила аъзолари оддий чўпдан ҳам ниҳол ўстира олишади.

– Қандай ноёб гул турини эшитсам, албатта, ўшани топиб келиб, ўстираман, – дейди Насибахон Исмоилова. – Гул сўраб келган харидорларга уни ўстириш сир-асрорларини ҳам ўргатаман.

Аммо, афсуски, маҳаллада томорқасидан унумли фойдаланмаётган кишилар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Тоҳиржон Йўлдошев ўз томорқасидан деярли фойдаланмайди. Аниқланишича, Тоҳиржон маҳалладаги фермер хўжаликларидан бирида ишчи бўлиб ишлаб, оиласини боқар экан. Фермер хўжалигидаги ишларидан ортмаган хонадон соҳиби томорқасига қарашга вақти бўлмаган. Маҳалла раиси Собиржон Жумаев у билан суҳбатлашди ва вазиятни тушунгач, ёрдам уюштирди. Маҳалладаги ёшларни ёрдамга чорла- ди. Ҳашар уюштирилиб, ер чопилди, эгат олинди. Тайёр ерга турли экинлар экиб, суғорилди. Томорқа яшнади.

Тоҳиржон Йўлдошев бу йил маҳалладошларининг кўмаги билан яхши даромад олиши мумкин. Оила чиндан ҳам ёрдамга муҳтож бўлгани учун унга ҳар томонлама кўмак уюштирилмоқда.

Маҳаллада кекса кишилар, фаоллар, оқсоқоллар бундай кишиларни қаттиқ танқид қилишади. Шу боис, томорқага иккинчи даражали иш, деб қараган йигирмадан ортиқ оиланинг фикри ўзгаргани, ўз томорқаларига яхши даромад берадиган экинлар экиб, астойдил парвариш қилаётгани маҳалла фуқаролар йиғинининг ютуғи бўлди.

Бағдод тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Маъруфжон Шералиевнинг айтишига қараганда, ҳар бир маҳаллада бўш ётган томорқалар аниқланиб, уларга амалий ёрдам уюштирилган. Ҳозир бу томорқаларга экилган қалампир, помидор, бақлажон каби фойдали экинлар яхши ривожланяпти. Ерга ишлов бериш қўлидан келмайдиган кишиларнинг ерлари бошқа одамларга фойдаланиш учун олиб берилган.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.