Гоне қалъа янгиликлари

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq Hayoti» - Давуд АБИБУЛЛАЕВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Маҳалла фуқаролар йиғини биноси ҳам яқинда янгитдан бунёд этилди. Йиғин раиси Гулнора Утемуратова жонкуяр, фидойи инсон. У айниқса, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ҳамда уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун бор куч-ғайратини аямайди.

Ўтган йили ушбу ҳудудда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга ва ногиронлиги бор шахсларга 42 та квартирали янги турар жой фойдаланишга топширилди. Гоне қалъалик фуқароларнинг 5 нафарига ушбу турар жойда яшаш бахти насиб этди.

– Шу кунгача олти нафар фарзандим билан ижарада яшаб келдик, – дейди I гуруҳ ногирони Қайрат Оразов. – Тўсатдан икки кўзим кўрмай қолди. Бир фарзандим вафот этди. Турар жой масаласида қийналдим. Президентимизга раҳмат, кўпчилик ногиронлиги бўлган шахслар қаторида менга ҳам ушбу янги турар жойдан бири берилди.

– Президентимиз раҳбарлигида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларни турар жойлар билан таъминлаш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Гоне қалъа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулнора Утемуратова. – Ҳудудимизда яшовчи Хатша Абдигаппорованинг уйи Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари Кенгаши томонидан таъмирланди. Дурсин Черкесова, Элмира Абдисаметова, Зиёда Қаражанова, Саламат Жалимбетовларнинг оиласига маиший хизмат буюмлари тақдим этилди. Биринчи гуруҳ ногирони Бозорбой Мамбетниязов ва Еркебой Сармановлар оилаларининг коммунал тўловлардан қарздорликлари тўлаб берилди. Биринчи гуруҳ ногирони Нокисбай Идрисов, иккинчи гуруҳ ногирони Абдижамал Алсереев, болалигидан ногирон Саламат Жалимбетов, болалигидан ногирон фарзанди бор Гулноз Таджиева, уч нафар фарзандли ёлғиз она Замира Исмоиловалар турар жой билан таъминланди. Жумабай Қорамурзаев, Шаҳзода Алимбетова, Қаллибек Пиржановларнинг оилаларига ҳам ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

Бугунги кунда ҳудуд фуқаролари ўзларига берилган томорқа ер майдонларига сабзавот, полиз экинларини экишди. Маҳаллада хайрли ишлар давом этмоқда. Нукус шаҳридаги “Гоне қалъа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида турли миллат вакилларидан иборат мингдан зиёд аҳоли тотувликда умргузаронлик қилишади. “Гоне қала”, яъни эски шаҳар бугун замонавий қиёфа касб этмоқда. Кўп қаватли замонавий турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари, таълим ва даволаш муассасалари, спорт мажмуалари ҳудуд чиройига кўрк қўшмоқда.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.