Китоб чоп этишдан муддао не?

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq Hayoti» -

Яқинда “Қўйлиқ” бозоридаги дўкондан кўркам муқовали китоб сотиб олдим. У “Адабиёт учқунлари” нашриёти томонидан чоп этилган бўлиб, ҳажми 4 босма табоқ, адади 3 минг нусха экан. Мени ажаблантирган дастлабки ҳолат китобга иккита ном қўйилгани бўлди: “Узум етиштириш сирлари” ва “Ҳовлида ток ўстириш”.

Китоб муаллифи ҳақидаги қисқача маълумотдан унинг уч жойда масъул лавозимда ишлашини, яна ижод учун вақт топганини ўқиб, тўғриси, қойил қолдим.

Китобнинг кириш қисмида узумчилик тарихи дунё мамлакатлари мисолида баён этилган. Лекин унда умумий гаплардан нарига ўтилмаган. “Узумчилик ривожланмоқда” деб номланган ярим бетлик маълумот узумни қайта ишлаш корхоналари ҳақида бўлиб, ҳовлисида ток ўстирмоқчи бўлганларни нечоғли қизиқтириши номаълум. “Узумчилик соҳасидаги ислоҳотлар” деб номланган бобдан на соҳадаги ислоҳотлар, на ҳовлида ток етиштириш борасидаги янгиликлар ўрин олган. Китобни варақлай туриб “Юқори сифатли навлар” бўлимига кўзим тушди. Хайрият, янги навлардан бохабар бўлар эканман, деб хурсанд бўлдим. Бироқ 3 та гапдан иборат матнда тайинли маълумот йўқлигини кўриб, ҳафсалам пир бўлди.

Шу тахлитда китобни ўқиб битирдим, лекин узум етиштириш сирлари ҳақида керакли маълумотни ололмадим. Китобда тартиб ва изчиллик етишмаслиги боис муаллиф хаёлига нима келса, шуни ёзганмикин, деган ўйга ҳам бордим.

Бу китобни ўқиган одам мана бундай жумлаларни қандай тушунишни билмай, хуноб бўлиши тайин: “Модул катталиги – шингил узунлигининг унинг ўрта диаметрига нисбати деб ҳисобланади” (20-бет), “Узумнинг юзасида доим ҳаво таъсирида ўтган турли ёввойи ва маданийлаштирилган ачитқилар бўлади” (22-бет), “Тузилиш кўрсаткичи – шарбат вазни шингилнинг қаттиқ қисмининг вазнига нисбати” (23бет) ва ҳоказо.

Адашмасам, бундан қарийб 15 йил аввал матбуотда “Китоб чиқариш осонми?” сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда соҳадаги камчиликлар, муаммолар ҳақида баҳс юритилган эди. Биргина ушбу китоб мисолида бу борадаги муаммолар ҳамон барҳам топмаганини кўрдик. Китоб чиқариш муаллиф учун ҳам, нашриёт учун ҳам бирдек масъулият. Балки бу ишга қўл уришдан аввал ана шу масъулиятнинг залворини обдон ҳис этиш керакмикин?

Содиқ МЎМИНОВ,

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.