Анзур тадбиркорнинг элга манзур ишлари

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq Hayoti» - Муҳаббат ЭЛИБОЕВА, “Qishloq hayoti” мухбири.

Инсон дунёга келишидан аввал, она қорнидалигидаёқ тақдири битилган, келажаги тайин бўлади, дейишади. Лекин шундай инсонлар ҳам борки, босиб ўтган ҳаёт йўллари, минг машаққат-ла эришган муваффақиятларига боқиб туриб, беихтиёр улар ўз тақдирларини ўзлари, қўллари билан яратганлар, дегингиз келади. Тақдир зарбаларига тик бориб мардонавор тура билган, ўз бахтини меҳнатда топган, бу йўлда тиниб-тинчимай, изланишда давом этган тиришқоқ инсондан Яратган ҳам марҳаматини аямайди, омад ва имкониятлар эшигини очиб беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 28-29 январь кунлари Қашқадарё вилоятига ташриф буюрган эди. Ташриф давомида мамлакатимиз раҳбари Яккабоғ туманидаги “Дармон Фарм” кўп тармоқли хусусий корхонаси ишлари билан ҳам танишган эди.

СУПЕР ИНТЕНСИВ БОҒ

– Мамлакатимиз раҳбари вилоятга ташрифи давомида бизнинг корхонада ҳам бўлиб, ишчи-ходимлар билан учрашуви пайтида берган қимматли маслаҳатлари, билдирган фикр-мулоҳазалари кўксимизни тоғ қадар юксалтириб, янада жўшқинлик, шижоат билан ишлашга руҳлантирди, – дейди фахр ва ифтихор билан корхона раҳбари Анзур Нормуродов. – Ана шу юқори ишчанлик кайфияти сабаб туманимиз ҳудудидан 1000 гектардан зиёд ерда супер интенсив боғ ва боғдорчилик ассоциациясини ташкил этиш ишларини бошлаб юбордик. Янги ташкил этилган боғларни суғориш учун тик қудуқлар қуриш ҳамда томчилатиб суғоришнинг янги усулларини жорий этиш ишлари ҳам жадаллик билан давом эттирилмоқда.

Боғда 7 турдаги дарахт кўчатлари ўтқазилиб, унда мева ўз маромида етилиши учун микроиқлим ҳосил қилинган. Яъни ҳар бир дарахт кўчати учун алоҳида найчалар орқали сув таъминоти йўлга қўйилган. Бунда минералларга бой озуқа суви кўчатлар томирига тўғридан-тўғри етиб боради. Шунингдек, ҳосилни қуёшнинг кучли нуридан ҳимоялаш учун боғ устидан қуёш нурини меъёрида тақсимлаб берувчи махсус тўр тортилган.

Ушбу боғнинг икки юз гектари учун Осиё тараққиёт банки томонидан 1 миллион 234 минг 400 АҚШ доллари, Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банкининг Қашқадарё вилояти филиали томонидан 40 миллиард 373 миллион 435 минг сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилди. Боғ барпо этилиши баробарида 250 та доимий ва 550 та мавсумий иш ўрни яратилади.

УМИД, ИШОНЧ ВА ҲАРАКАТ

Яккабоғ туманида туғилиб, вояга етган Анзур Нормуродов она меҳридан эрта айрилган. У ўспиринлик чоғидан ўқиш ва изланиш, меҳнат ортидан ҳаётда ўз ўрнини топиш мақсадида Қарши шаҳрига йўл олади. Жисмонан бақувват ва руҳан тетик, интилувчан ва тиниб тинчимас Анзур мактабдан сўнг тиббиёт йўналишида ўрта махсус маълумот олган. Анзур олий таълимни иқтисод йўналишида давом эттиради. У таҳсил олиш билан бир қаторда, меҳнат қилишга ҳам вақт топарди.

– Тақдир экан, эрта улғайдим, – дейди у. – Суягим меҳнатда қотди. Болалигим меҳнат билан ўтди.

Меҳнат фаолиятини оддий ишчиликдан бошлаган Анзур Нормуродов истиқболини тадбиркорликда кўрди. 2005 йили 20 гектар ерда боғ яратиб, “Дармон Фарм” кўп тармоқли хусусий корхонасига асос солди. Корхона ерлари бугунги кунда кенгайиб, 1000 гектардан ошган. 2017 йилга келиб корхонанинг салоҳияти ва ишлаб чиқариш қуввати ошиши натижасида бу ерларда “Шарофат она Қаҳрамон қизи” агрофирмаси ташкил этилди. “Дармон Фарм” кўп тармоқли хусусий корхонасига қарашли ушбу агрофирма бугунги кунда корхонанинг асосий хомашё манбаи ҳисобланади. Бу ерда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, полиз экинлари ички бозорни таъминлаш билан бир қаторда экспортга ҳам чиқарилмоқда.

ИННОВАЦИЯ – БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ

Корхона даромади ва салоҳиятини ошириш мақсадида қиймати 253 минг еврога тенг бўлган Австриянинг “Voran Maschinen GmbH” ва Польшанинг “Mega SP Z О.О.” компанияларининг соатига икки тонна мева-сабзавотни қайта ишлаб, табиий шарбат тайёрлайдиган ускуналари келтирилиб ўрнатилди. Бунинг натижасида ўтган йили 1 миллиард 60 миллион 200 минг сўмлик (142,4 тонна) мева шарбати ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 265 миллион сўм (36,3 тонна)ни ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, завод ишга тушиши билан 40 дан ошиқ доимий, 200 дан зиёд мавсумий иш ўрни яратилди.

Корхонада инновацион технологияларнинг жорий этилиши натижасида экспорт салоҳияти ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, ўтган йилда 547 минг АҚШ доллари миқдорига тенг (814,4 тонна) маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йил биринчи чорагида 132,5 минг долларлик (316,6 тонна) маҳсулот хорижга чиқарилди. Айни дамда карамнинг “Айсберг” нави ҳамда саримсоқпиёз пешма-пеш россиялик харидорларга шартнома асосида етказиб берилмоқда. Жорий йил якунига қадар Осиё тараққиёт банки кредити асосида қиймати 2,6 миллион еврога тенг 5000 тонна сиғимли муз- латкич ҳам ишга туширилади.

Яқинда яна бир янги йўналиш – болалар табиий озуқасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Унга кўра, ёш болалар учун 90 граммдан 200 граммгача бўлган бўтқа, жем, кетчуп ҳамда ҳар хил мева ва сабзавотларнинг шарбатлари тўғридан-тўғри сиқиб олиниб, шифобахш ва фойдали хусусиятлари сақланиб қолган ҳолда бежирим ва зарарсиз идишларда қадоқланади. Қиймати 1 миллион 250 минг евро бўлган ушбу лойиҳани амалга ошириш борасида корхона раҳбари Италия давлатида бўлиб, “Guala Pack grupp”, “Navatta grupp” каби илғор компаниялар таклиф этаётган энг сўнгги замонавий технологиялар билан танишиб, шартномалар имзолаб қайтди.

Корхонада аҳоли саломатлиги йўлида ҳам ибратли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ва дори-дармон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларни қондириш мақсадида Қарши шаҳрида умумий қиймати 9 миллиард 664 миллион сўмлик замонавий диагностика маркази, дорихона, автомобиллар тўхташ жойи ҳамда қўшимча бинолар қуриб битказилиб, ишга туширилганки, буларнинг барчаси халққа хизмат қилиш, қулайликлар яратиш билан бир қаторда, янги иш ўринлари яратилишида ҳам муҳим омил бўлмоқда.

CАХОВАТДА ГАП КЎП

Анзур Нормуродов Яккабоғ туманидаги Саховат уйи, 44-умумтаълим мактаби ҳамда Қарши шаҳридаги Меҳрибонлик уйига доимий ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиб келади. Шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг моддий таъминотига кўмаклашиш ҳам корхона учун одат тусига кирган. Ана шундай ҳомийлик ишларига 2017 йилда 100 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.

– Интилган, изланган, меҳнат қилганга, албатта, толе кулиб боқади, – дейди тадбиркор Анзур Нормуродов. – Буни мен ўз ҳаётимда кўрдим, ҳис этдим, бошдан кечирдим. Менинг оила бошлиғи, йирик корхона раҳбари сифатида ягона мақсадим халқимга хизмат қилишдир. Бунинг учун бор куч-ғайратимни, билим ва салоҳиятимни аямайман.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.