¥аётбахш исло}отларнинг ёр³ин самараси

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница - Иброҳим ТОШЕВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Бўка тумани Ровот қишлоғида истиқомат қилувчи Ҳафиза момо Раҳматова бу йил ўғли ва келини билан икки қути ипак қуртини парвариш қилди. Танланган уруғлик янги, наслли зотга мансублиги боис, у қадар кўп озуқа талаб этмади, одатий ипак қуртларидан аввалроқ дастага кирди. Етиштирилган пилла ҳосили тарозига қўйилганда режадагидан ортиқча тош босди.

Пиллани қайта ишлашга ихтисослашган “Равнақ силк” МЧЖ вакили касаначига келишувга асосан режадаги ҳосилга алоҳида, зиёдига эса янада кўпроқ нархда, жами 1 миллион 600 минг сўм нақд пул санаб берди. Оила атиги 30 кунда шунча даромад топди. Натижадан кўнгли тўлган момо мутасаддиларга иккинчи мавсумда ҳам фарзандлари билан ипак қурти парваришлаш истаги борлигини билдирди.

– Ёшим етмишда, – дейди Ҳафиза Раҳматова. – Яшириб нима қилдим, соҳанинг машаққатларини ҳам кўрганман. Оиламизга тайинли фойдаси бўлмаса­да, мажбуран 3 қутилаб ипак қурти ташлаб кетишган пайтлар ҳам бўлган. Жонзотларни уволидан қўрқиб боқардик, кўнглимиз совиб, қўлимиз ишга бормас эди. Шукрки, пиллачининг елкасига офтоб тегадиган, косаси оқарадиган кунлар келди. Мен пенсиядаман, ўғлим Абдуғани ишсиз эди. Мана иккинчи йилдирки, мендан тажриба ўрганиб, касаначи сифатида меҳнат қиляпти. Олаётган даромадимиздан мамнунмиз.

Айни пайтда вилоятнинг 11 та туманида пилла қабул қилиш авж паллада. Барча шохобчаларда маҳсулотга ҳақ тарози ёнида нақд пул шаклида бериляпти.

– Жорий йил илк маротаба уч босқичда пилла етиштиришга киришганмиз, – дейди вилоят “Агропилла” МЧЖ раҳбари Аҳмаджон Кенжаев. – Биринчи босқичда 1150 тонна сифатли хом ашё қабул қилиб олиш режалаштирилган. Бунинг учун 7 минг 110 та фермер хўжалиги ҳамда уйда ишсиз ўтирган 3 минг нафарга яқин аҳоли жалб қилиниб, касаначиларнинг ҳар бирига меҳнат дафтарчаси очилди. Мавсум аввали ва иш жараёнида пиллачиларга 3 миллиард сўмдан зиёд бўнак маблағлари, хоҳловчиларга ёғ ва ун маҳсулотлари тарқатилди.

Пиллачилик соҳасидаги хайрли ишлар давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Тармоқ ривожида муҳим аҳамият касб этаётган мазкур ҳужжатга биноан пиллачилик корхоналарини молиявий қўллаб­қувватлаш, модернизация қилиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, пилла етиштириш ҳажмини кўпайтириш, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш мақсадида 2023 йил 1 январгача мазкур йўналишдаги корхоналар ягона солиқ, ягона ижтимоий тўловдан озод қилинди. Айниқса, касаначиларнинг жисмоний шахсларга солинадиган даромад солиғидан озод қилиниши, пилла боқувчилар ва касаначиларнинг пилла етиштириш мавсумида бажарган ишлари уларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи, деб ҳисобланиши аҳолининг ушбу тармоқда фаолият юритиш истагини оширмоқда. Қарорга биноан вилоят “Агропилла” МЧЖ балансига 3294,1 гектар тутзорлар ўтказиб берилди. Озуқа мўллигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўзида 53,5 гектар янги тутзорлар ташкил этилиб, 149 минг туп ёш тут ниҳоллари экилди. Истиқболда вилоят бўйича барча тутзорларни хорижий йирик баргли серҳосил тут кўчатлари билан тўлдириш мақсадида шу йилнинг ўзида ушбу дарахтларнинг оналик авлодини яратиш учун Оққўрғон туманидан 30 гектарлик ер ажратилди.

– Пиллачилик – сердаромад соҳа, – дейди Оққўрғон тумани “Агропилла” МЧЖ раҳбари Акбар Раимқулов. – Илгари бу борада мустаҳкам тизим яратилмаганлиги боис тармоқ узоқ вақт оқсаб келди. Давлатимиз раҳбарининг эътибори туфайли соҳа тараққий этмоқда. Айни пайтда би- ринчи босқичда етиштирилган ҳосилни жадал қабул қилиб оляпмиз. Шу билан биргаликда, касаначиларимиз иккинчи босқич бўйича ипак қурти парваришлашга киришдилар. Учинчи босқич пилла етиштириш август ойида ниҳоясига етади. Тажрибалар вилоятимиз ҳудудида ҳам уч марта пилла ҳосилини олиш имконияти мавжудлигини кўрсатди. Ўтган йили кеч кузда 400 килограмм пилла етиштириб, бу борадаги синовдан муваффақиятли ўтган эдик. Озуқа масаласига келсак, тасарруфимизга берилган майдонларда хориждан келтирилган серҳосил тут ниҳоллари ўстирилмоқда. Кейинги йилдан бошлаб туманларга ҳар йили 1 миллион туп янги, серҳосил навли кўчат етказиб бериш имконияти пайдо бўлади. Қувонарлиси, ушбу йўналишда Оққўрғон тажрибаси намуна бўлмоқда.

Бўка, Юқори Чирчиқ, Чиноз, Ўрта Чирчиқ ва Оҳангарон туманларида ҳам ипакчиликни сердаромад соҳага айлантириш, сифатли пилла етишти- риш ва қайта ишлаш, тайёр маҳсулотга айлантириш ва экспорт қилиш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун тут плантациялари ҳудудларида қурт боқишга мўлжалланган бинолар қуришга киришилди. Маҳсулотни қабул қилиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Турон силк” ва “Равнақ силк” МЧЖлар ташкил этилди. Тармоқни ижтимоий­иқтисодий ривожлантириш бўйича уч йиллик даврга мўлжалланган махсус дастур ва “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унда истиқболда яратиладиган тут плантациялари, барпо этиладиган қуртхоналар, улар қошида йўлга қўйилувчи чорвачилик, қўйчилик, паррандачилик соҳалари, пилла ғумбагидан ёғ олиш ва тут баргидан чой, новдасидан қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда хорижга экспорт қилиш, пировардида яратиладиган доимий иш ўринлари ҳажмигача қамраб олинган.

Соҳа ривожида инвестиция жалб этиш муҳим аҳамият касб этади. Эътиборлиси, ушбу масала ҳам ижобий ечим топмоқда. Яқинда вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимов бошчилигидаги делегация Хитой давлатида бўлиб, хорижликларга воҳанинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятларини намойиш қилган эди. Ўзаро келишувлар самараси ўлароқ, хитойлик сармоядорлар кўплаб соҳаларга инвестиция киритиш мақсадида вилоятга ташриф буюришди. Уларнинг аксарияти айнан ипакчилик соҳасида ҳамкорликка киришаётгани тармоқнинг порлоқ истиқболидан далолатдир.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.