«¢алаба»да ме}нат ва шижоат ²алабаси

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Жиззах вилоятининг Манас қишлоғида мамлакатимизда биринчи бўлиб амалга оширилган “Обод қишлоқ” дастури вилоятнинг барча туманларида кенг қулоч ёймоқда. Дастурга мувофиқ, ободонлаштириш лойиҳаси, биринчи навбатда, энг чекка, аҳолининг яшаш шароитлари оғир қишлоқларда амалга оширилаётир.

Мирзачўл туманидаги Ғалаба маҳалласи ҳам одамлар кўз ўнгида ўзгармоқда. Қишлоқда бўлсангиз, барча тадбирлар “Обод қишлоқ” дастури бўйича аниқ режа асосида амалга оширилаётганининг гувоҳи бўласиз.

Ноқонуний қурилишлар, чўнқайиб турган бостирмалар туфайли асл кўркини йўқотган ҳудуддаги кўп қаватли уйнинг атрофи очиб, тозаланмоқда. Натижада эгри­бугри кўчалар ва уйлар бир хил кўриниш ва тус олаётир.

ЗАРБДОР 90 КУНЛИК: ЭНГ АВВАЛО, МУАММОЛАРГА ЕЧИМ ИЗЛАНМОҚДА

Шуни таъкидлаш жоиз, 9 апрель куни “Обод қишлоқ” дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси ишчи гуруҳининг ташаббуси билан Мирзачўлда зарбдор 90 кунлик эълон қилинди.

– Зарбдор 90 кунлик доирасида катта ҳажмдаги қайта қуриш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари олиб борилиши белгиланган, – дейди Ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Мирзачўл тумани кенгаши котиби, ташкилий­услубий гуруҳ бош мутахассиси Олим Умиров. – Айни пайтда Ғалаба, Мустақиллик, Ўзбекистон, Мирзадала, Дўстлик маҳаллаларини ўз ичига олган ҳудуд улкан қурилиш майдонига айланган.

Ғалабада ишлар мавжуд камчилик ва муаммоларни аниқлашдан бошланди. Кейин ҳар бир соҳага алоқадор ташкилот ва корхоналар томонидан уларни бартараф этишга киришилди. Жумладан, бугунгача қишлоққа 112 дона темир бетон таянчлар ўрнатилиб, 11,45 километр узунликда электр тармоқлари тортилди. Шунингдек, битта янги трансформатор ўрнатилди, 15 километр узунликдаги ҳар хил ўлчамли газ қувурлари демонтаж қилинди. Аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 11,10 километр узунликда қувурлар тортиш ҳамда 22 та қудуқ ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

Ерости сувлари юзага яқинлиги сабаб қишлоқда 31,2 километр узунликдаги дренаж тармоқларини тозалаш белгиланган. Бу тадбирга сув хўжалиги ташкилотлари томонидан 7 дона экскаватор жалб қилинди. Иш бошлангандан буён 12,5 километрдан ошиқ дренаж­коллекторларда таъмирлаш­тиклаш ишлари амалга оширилди. Йўл қурилиши борасидаги тадбирлар ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Қишлоқ ҳудудида 3 километрдан ошиқ жой лоток ўрнатишга ҳозирланиб, қарийб 2 километрига лоток ўрнатилди.

Бу хайрли тадбирларда қишлоқ аҳолиси ҳам ташаббус кўрса-

тиб, тоза­озода яшашни аввало оилада шакллантириш кераклигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу кенг кўламли ишларга давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол ёшлари хайрихоҳ бўлиб, қишлоқдаги ёлғиз, ногирон ва кексаларга ёрдам бермоқда.

– Маҳалламизда 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилбар Саидова. – Бизни доимо қишлоғимизнинг хунук қиёфаси қийнаб келарди. Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган ушбу хайрли лойиҳага айнан биз яшаётган қишлоқ тушганидан мамнун бўлдик. Ўндан зиёд миллат вакиллари бир оиладек тинч­тотув истиқомат қилаётган қишлоғимиз аҳолиси ташкилотчилардан миннатдор.

“ЭНДИ ЯНГИ УЙДА ЯШАЙМИЗ”

Ҳудудда намунавий лойиҳа асосида 169 та арзон уй барпо этилади. Уларнинг 112 таси бир қаватли 4 сотих ер майдонига эга бўлиб, мазкур турар жойлар, биринчи навбатда, яроқсиз бўлиб қолган уйларда яшовчиларга ажратилади.

– Саккиз нафар фарзандим билан барак типидаги уйда яшаб келаман, – дейди Ўғилой Усмонова. – Уйларимиз 1960­йилларда қурилган бўлиб, ўтган вақт мобайнида нураб­тўкилиб, маиший­коммунал, санитария тармоқлари йўқ бўлиб кетганидан кундалик турмуш шароитимиз тоқат қилиб бўлмайдиган даражага етганди. “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилаётган ишлар натижасида маҳалламиз бутунлай янгича қиёфа касб этмоқда. Яқин кунларда замонавий уйга кўчиб ўтамиз. Бундан жуда ҳам мамнунмиз.

Шунингдек, ҳудуддаги 36 та кўп қаватли уйда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу уйларнинг томи тўлиқ шиферланди, ташқи қисми пардозланяпти. Уйлар қаршисида 13 та тандирхона, ўчоқхона ва ўтинхоналар барпо этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, 15 та кўчада қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари қизғин кечаётир.

ЯНА ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ

Ҳудудда 100 та қорамол, 200 та қўй­эчки боқишга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси ва бостирма қурилаётир. Бу ерда сутни қабул қилиш шохобчаси, ветеринария бўлими, сутни қайта ишлаш цехи ишга туширилади. Чорвачи- лик мажмуаси кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун барпо этиляпти. Яъни хоҳловчиларга 7 фоизли кредит ҳисобига зотли соғин сигирлар олиб берилади. Чорвани боқиш ва ем­хашак етиштириш учун ер ажратиш чоралари ҳам кўриляпти. Қурилиш учун 150 миллион сўм йўналтирилган. Яна шунча маблағ сутни қайта ишлаш цехини ускуналар билан таъминлашга сарфланади. Буларнинг барчаси янги иш ўринлари демакдир.

“Мирзачўл тикувчилик мажмуаси” масъулияти чекланган жамиятида эса қурилиш ишлари якунланган. 200 та иш ўрнига эга бўладиган корхона ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Айни вақтда чеварларга касб сирлари ўргатилмоқда.

ЗАМОН БИЛАН ҲАМНАФАС

Обод манзилларда яшашнинг гашти ҳам ўзгача. Бугун қай бир юртдошимиз билан гаплашманг, қишлоқларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибордан мамнунлигини изҳор қилади. Юқорида саналганлар “Ғалаба”да бажарилаётган ишларнинг бир қисми, холос. Ўзгариш ва янгиланишлар суръатини кузатиб сездикки, тез кунларда “Ғалаба”да ҳам Манасдек кўркли бўлади. Зеро, бундай кенг кўламли бунёдкорлик, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари қишлоқ аҳолисининг турмуш маданиятини юксалтириши билан бирга, қишлоқларни замонавий қиёфага келтириш ва ҳудудларни ижтимоий­иқтисодий ривожлантиришда муҳим асос бўлади.

Муқимбой ИСМОИЛОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.