Инновация меваси «Олтин» бўлди

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Латофат БЎРИЕВА

Инновацияларни татбиқ қилишдаги фаоллиги учун Ўзбекистоннинг “Боғдорчилик илми” телеграм каналига Италияда ташкил этилган “MacFrut Innovation Award – 2018” инновациялар кўрик-танловининг Олтин медали берилди.

Ҳар йили Италиянинг Римини шаҳрида “MacFrut Fruit & Veg Professional Show” мева ва сабзавот кўргазмаси ўтказилади. У Италия ва Европада фаолият юритаётган мева­сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва мутахассислари учун анъанавий тарзда ташкил қилинадиган етакчи савдо кўргазмаси ҳисобланади. Умумий майдони 5 гектарга тенг ҳудудда мингдан ортиқ иштирокчилар 40 мингга яқин ташриф буюрувчиларга ўз маҳсулотларини намойиш қилишади.

Яқинда бўлиб ўтган кўргазмада ўзбекистонлик мева­сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчи ва экспортчилари илк бора иштирок этишди. Ҳамюртларимиз “Roma saroma”, “Siyob Shavkat Orzu” ва “Gardencells” брендлари остида жаннатмонанд юртимизда етиштирилган ҳўл ва қуритилган мева­сабзавот маҳсулотлари билан қатнашиб, кўргазма иштирокчиларининг диққат марказида бўлишди.

Кўргазма доирасида, шунингдек, “MacFrut Innovation Award – 2018” инновациялар кўрик­танлови ташкил этилган бўлиб, унда иштирокчи компаниялар зироатчилик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотишда қандай янги ғоя ва усулларни, яъни инновацияларни татбиқ қилаётганини намойиш қилишлари керак эди.

Танловга юзлаб европалик компаниялар ариза топширди ва улардан қирққа яқини саккизта йўналишда олтин, кумуш ва бронза медалларига лойиқ кўрилиб, мукофотланди. Ўзбекистон делегацияси эса боғдорчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда инновацияларни татбиқ қилгани ва онлайн платформалардан самарали фойдалангани учун “Логистика ва хизмат кўрсатиш” йўналишида юксак мукофот – олтин медалга муносиб деб топилди.

Ўзбекистонлик уч нафар компания вакили бу танловда ижтимоий тармоқда тузилган “Боғдорчилик илми” гуруҳи, телеграмдаги ҳамда YouTube даги каналлари тақдимоти билан қатнашди. Ўзбекистонда “Яхшидан боғ қолади” шиори остида эътибор қозонган ушбу каналнинг фаолияти европалик кўплаб мутахассисларни ҳам қизиқтириб қўйди. Улар соҳага оид саволларни муҳокама қилиш ва билимларни улашишда “Боғдорчилик илми” канали фаолиятидан намуна сифатида фойдаланиш катта самара беришини таъкидлаб ўтди.

Ушбу халқаро танловга ариза топширишда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” (AVC) лойиҳаси маркетинг йўналиши мутахассислари яқиндан ёрдам берди.

– Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда юқори қўшимча қийматга эга бўлган боғдорчилик маҳсулотларини етиштиришни қўллаб­қувватлайди, – дейди AVC лойиҳаси жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Комил Ёқубов. – Яъни лойиҳа 2015 йилдан бери ҳўл ва қуруқ мева маҳсулотларини етиштиришдан бошлаб, уларни экспорт қилишгача бўлган жараёнда ўзбек аграр соҳа вакилларига консультатив ва техник кўмак кўрсатиб келмоқда. Лойиҳа мақсади боғдорчилик маҳсулотларини етиштиришда ўзига хос “қиймат занжири”ни ривожлантириш ва истеъмолчига юқори қўшимча қийматли маҳсулотни етказиб беришда боғбонларга керакли маълумот ва кўмакни беришдан иборат.

Ўзбек боғбонлари нафақат боғ ва далаларда, балки ахборот коммуникацион технологиялар (АКТ) соҳасида ҳам илгарилаётгани эътиборга молик. Юртимизда мевачилик соҳасини ривожлантиришда инновацияларни татбиқ этишга катта урғу берилаётган бир пайтда бу мукофот миришкор боғбонларимизнинг ўз ишини сидқидилдан бажараётгани ва замон билан ҳамнафас одимлаётганидан дарак беради.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.