Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув... ва ер ҳам керак экан...

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Инобат МАТЁҚУБОВА, “Qishloq hayoti” мухбири.

Бугун юртимизда шиддат билан рўй бераётган ўзгаришлар, қизғин жараёнлар кишини руҳлантиради. Айниқса, давлатимиз раҳбари бошчилигидаги ислоҳотлар сабаб содир бўлаётган янгиланишлардан кўнглинг тоғдек юксалади. Беихтиёр, ана шу эзгу ташаббусларга бош қўшгинг, эл корига камарбаста бўлгинг, халқнинг кунига ярагинг келади. Айниқса, тадбиркорликка қаратилаётган улкан эътибор, соҳани тараққий эттириш борасида берилаётган имтиёз ва имкониятларни кўриб ғайратинг жўшиб кетади.

Бироқ катта мақсадлар билан узоқни кўзлаб йўлга чиққанингда, айрим масъулларнинг масъулиятсизлиги сабаб юзага келадиган тўсиқлар нафақат орзу ва ниятлар йўлидаги, балки Ватанимиз, мамлакатимиз тараққиёти учун ҳам катта ғов бўлиши аниқ. Очиғи, давлатимиз раҳбарининг ўзи халқнинг ичида юриб, уларнинг ўй ва ташвишлари, орзу­истаклари билан қизиқаётган, одамларни ҳаётдан рози қилишга уринаётган бир пайтда баъзи раҳбарларнинг ўз ишига виждонан ёндашмаётгани ёки аҳоли дардини жон қулоғи билан эшитмаётганлиги ачинарли ҳол. Боз устига, иш бошлайману, элу юртга наф келтираман, деб турганларга тиргак бўлмаслик, назаримда, ўта лоқайдликдир.

Сирдарё вилояти Боёвут тумани Ширин маҳалласида яшовчи 26 ёшли Адҳамжон ҳам юрагида ўти бор, ғайратли, шижоатли ёшлардан. Энг муҳими, ишнинг кўзини биладиган йигит, суяги меҳнатда қотган. Бир парча ернинг ҳам қадрига етадиган, иштиёқ билан ишлайдиганлардан. Унинг илдамлиги, шаҳди бажараётган ишидан бошлаб, айтаётган гап­сўзида ҳам яққол сезилиб туради. У ёши улуғлардан товуқ – етти хазинанинг бири деган нақлни кўп бора эшитган. Кексаларнинг гапида ҳикмат кўплигини яхши англаб етган Адҳамжон товуқ боқиб, рўзғори ободлигини ният қилади. Товуқхона қуриш, шу орқали тухум ва парранда гўшти етиштириш мақсадида 2015 йилда туман ҳокимиятига ер сўраб мурожаат этади. Бироқ унинг мурожаати мутасаддилар томонидан қаноатлантирилмайди.

Гарчи ер олишга бўлган уринишлари бир неча бор бесамар кетган бўлса­да, Адҳамжоннинг ўй­хаёлларини, истакларини ҳеч нарса тўхтата олмади. Юрагидаги улкан орзулар, режалар уни яна олдинга интилишга ундайверди.

Шу тариқа, томорқасида мўъжазгина товуқхона бунёд этади. Уч юзта жўжа олиб келиб, ишларни бошлаб юборади. Уларни меҳр билан парваришлашга киришади. Икки йил деганда, товуқларининг сони мингтага етади. Ўз вақтида ва тўғри парвариш сабаб паррандалар тез тухумга кирди. Айни пайтда товуқлардан кунига 700­750 тадан тухум олинмоқда. Эришилган натижа эса Адҳамжонни янги марралар сари ундаётир. Унинг эндиги режаси товуқлари сонини 2­3 баробарга кўпайтириш. Агар ишлари кўнгилдагидек кетса, яна икки йилда паррандалар сонини 5­6 мингтага, улардан олинаётган тухумларни эса 4­5 мингга етказиши мумкин. Бунинг учун унда иштиёқ ҳам, интилиш ҳам бор. Фақатгина товуқхона қуриш ва озуқа етиштириш учун ер майдони бўлса, бас. Бироқ бу имкониятларни ишга солиш учун мутасаддиларда шунчаки истак ёки эътибор етишмаяпти, назаримизда. Боиси, Адҳамжоннинг айтишига қараганда, у ўтган йили туман ҳокимига қайта мурожаат этиб, фаолиятини кенгайтириш учун ер сўрайди.

– Ҳоким товуқхонани келиб кўргач, ер ажратишга ваъда берди, – дейди у. – Фақат бунинг учун ҳудудда ортиқча ер майдони йўқлигини рўкач қилиб, агар бирорта фермер тасарруфидаги 50 сотих майдонини ўз ихтиёри билан ҳокимиятга топширишга рози бўлсагина, муаммонинг ҳал этилишини айтди. Шундан сўнг ўзим фермерлар билан гаплашдим. Ҳатто, ер берадигани ҳам топилди. Лекин шунча уринишларимга қарамай, ўтган йили менга ажратилиши мўлжалланган ер майдонига шоли экилди.

Бу гаплардан сўнг англаганимиз шуки, Адҳамжоннинг қалбида умидсизлик кечмоқда. Тўғри­да, бутун бошли туманда 3 йилдан бери сарсон бўлиб юрган йигитнинг дардини эшитадиган биронта мутасадди топилмаса бу каби ҳолатнинг юз бериши табиий. Хўш, энди савол туғилади. Ҳокимият балансига қайтарилган ҳудуддан Адҳамжон каби ёшларнинг ташаббусларини қўллаб­қувватлаш мақсадида фойдаланиш ўринлими ёки шоли экишга ажратиш? Вақтида қабул қилинган тўғри қарор эса ҳудудда паррандачиликнинг кенгайишига, шунинг баробарида халқнинг, одамларнинг келажакка ишончи ортишига сабаб бўлишини наҳотки мутасаддилар тушуниб етмаса? Ахир, халқимиз бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак, деб бежизга айтмаган. Бу ҳаммага аён ҳақиқат. Агар товуқлар мингта бўлса­чи, у ҳолда дон ва сувдан ташқари, ер ҳам керак бўлади­да!

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.