Наслли Іунажинлар ´зимизда етиштирилса...

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Нурмуҳаммад ГУЛЕВ, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.

Бир чорвадор танишимиз нуқул шу гапни айтади: “Бизнинг сигир зўрға бир коса сут беради. Телевизорда кўрсатади, битта сигирдан 50-60 литр сут олармиш, Нидерландияда. Нега бизда шундай эмас?”.

Ҳақиқатан, чорвачилик, наслчилик ишларини ҳозирги замон талаблари асосида олиб бориш, маҳсулдор қорамоллар подасини яратиш аҳолини арзон сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашнинг муҳим омилидир.

Бу масалада икки йўл бор: бири, хориждан зотдор ғунажинларни келтириш, иккинчиси, хўжаликлардаги сигир ва ғунажинларни генетик қобилияти юқори бўлган наслли буқалар уруғи билан қочиришдир. Шулар ҳисобига маҳсулдор подалар сонини кўпайтириш мумкин. Четдан келтирилган молларнинг маҳсулдорлиги юқори бўлса­да, уларнинг талайгина қисми озуқа, иқлим, сув ва парваришлаш шароитининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда бизнинг шароитга мослашмагани оқибатида касалланиб нобуд бўлмоқда. Қолгани баъзи сабабларга кўра, маҳсулдорлик қобилиятини тўла рўёбга чиқара олмаяпти.

Кейинги йилларда наслчиликни яхшилаш, иқтисодий самарадорликни ошириш мақсадида фермер ва якка хўжаликлардаги сигир ва ғунажинларни наслли буқалар уруғи билан қочириш ҳисобига маҳсулдор подалар сони ошяпти. Бу хўжаликларда зотли ва сермаҳсул молларни кўпайтиришнинг асосий йўлидир. Бир вақтлар республикамизнинг наслчилик фермалари чорвачилик фермаларига минглаб наслли ғунажинлар етказиб турган. Ахир ўзимизнинг иқлим шароитида туғилган бузоқлар четдан келтирилганларга нисбатан тез ва яхши мослашади, касалликларга кам чалинади, соғлом бўлиб, дуркун ўсади. Албатта, яхши натижаларга эришиш учун хўжаликларда танлаш, саралаш ишларини малакали зоотех- ник селекционер ва осеменаторлар олиб бориши керак. Асосий мақсад, биронта ҳам сигир ва ғунажин қисир қолмаслиги лозим. Ёш бузоқни юқори маҳсулот берадиган сигир қилиб етиштириш учун узоқ вақт ва оғир меҳнат талаб этилади. Ғунажинларни тўғри парваришлаб бориш натижасида бақувват ва ўзидан яхши авлод қолдирадиган сигир етиштирилади.

Айрим хўжаликлар маҳсулдор сигирларни сақлаш билан бирга, яхши маҳсулот берадиган ғунажинларни парваришлашнинг ҳам уддасидан чиқмоқда. Лекин кўпчилик хўжаликлар асосий кучни сигирлардан кўпроқ сут соғиб олишга қаратмоқда. Бузоқларни зоотехника талаблари асосида тарбиялашга тўлиқ эътибор беришмаяпти. Натижада подани сигирлар билан тўлдирадиган ғунажинлар ривожланишдан қолиб кетмоқда. Бу эса уларнинг қочирилиши ҳамда юқори маҳсулот берадиган сигир бўлиб етилишига тўсиқдир. Бизнинг­ча, ҳар бир вилоятда ёки туманда ихтисослашган махсус наслли ғунажинлар етказиб берадиган корхоналар қуриш, озуқа экинлари экиладиган кенг майдонлар ажратиш керак.

Юқори наслли ғунажинларни хўжаликларга сотишдан корхона юқори иқтисодий фойда кўради. Албатта, қорамоллар зотини яхшилаш, фойдаланиб келинаётган буқалар авлодини синаш учун махсус зоотехник селекционерлар иш олиб бориши зарур. Шундай қилсак, валютамизни тежаймиз, аҳолини мўл­кўл чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш, ҳатто, экспорт қилиш имкониятига ҳам эришамиз.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.