«Амир Ҳусайн Қавчин ҳақидаги тадқиқотларни давом эттириш мақсадга мувофиқ»

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг шу йил апрель ойидаги сонларида Абдибакир Эргашевнинг “Яна бир тарихий обида ёхуд Амир Ҳусайн Қавчин қабри Ғузордами?” ҳамда Ҳусниддин Нуриддиновнинг “Амир Ҳусайн Қавчин зиёратгоҳи янги сайёҳлик йўналишининг бир манзили бўлиши мумкин” номли мақолалари чоп этилган эди.

Уларда Ғузор туманидаги “Мусофир ота” қабристонида Соҳибқирон Амир Темурнинг вазирларидан бири Амир Ҳусайн Қавчин дафн этилгани, буни ҳудуддаги қабртош битиклари асослаши ҳамда мазкур зиёратгоҳни ободонлаштириб, янги сайёҳлик йўналишига киритиш мумкинлиги қайд этилган эди.

Ушбу мақолалар юзасидан Ўзбекистон Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи раҳбари Х.Файзиев номидан таҳририятимизга хат келди. Унда қуйидагилар битилган: “А.Эргашевнинг мақоласига асос бўлган Амир Ҳусайн Қавчин қабртошидаги ёзувни ўқишда Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходимлари – тарих фанлари номзоди О.Бўриев ва илмий ходим Ф.Авазов ёрдам берган эдилар. Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида қайд этилишича, Амир Ҳусайн Қавчин Амир Темур лашкарида “амир” унвонида хизмат қилган.

“Қишлоқ ҳаёти” газетасида чоп этилган мақолаларда таъкидланган “Мусофир ота” қабристонини сайёҳлик манзилига айлантириш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ваколатига киради.

Умид қиламизки, Амир Ҳусайн Қавчин ҳаёти ва тақдири келгусида олимларимиз томонидан кенг ўрганилишга муносибдир. Умуман олганда, Амир Ҳусайн Қавчин ҳақидаги тадқиқотларни давом эттириш Амир Темур салтанати тарихини ўрганиш нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқдир”.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.