Йўлларни ва дилларни боғлаган ришта

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Отабек АСЛОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Нурота тумани марказидан чамаси 35-40 километр узоқликда жойлашган Сойкечар, Янгиобод, Янги турмуш, Жарма қишлоқлари аҳолиси бир неча йиллардан буён йўлни кесиб ўтган сой устидаги кўприкнинг носозлигидан азият чекар, айниқса, ноқулай об-ҳаволи кунларда бу қийинчиликлар янада ортар эди. Ушбу кўприк имконият даражасида тикланса-да, аммо сойда сув оқими кучайса, уни тағин бузиб ташларди.

2016 йил 4 ноябрь куни давлатимиз раҳбарининг вилоят аҳолиси билан бўлиб ўтган сайловолди учрашувида мазкур масала кун тартибига қўйилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, қишлоқ аҳлининг узоқ йиллик орзулари ушалди. Бу йилги Хотира ва Қадрлаш куни сойкечарликлар учун қўшалоқ байрамга айланди.

Қисқа вақт оралиғида бунёд этилган замонавий кўприкнинг очилиш маросимида бу иншоот йўлларни йўлларга, дилларни дилларга боғловчи мустаҳкам ришта экани эътироф этилди. Узунлиги 36, эни 12 метр бўлган иншоот “Навоий кўприклардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан барпо этилди.

– Мен узоқ йиллар ўрмон хўжалиги соҳасида меҳнат қилганман, – дейди Сойкечар қишлоқчилик Ҳазрат Маматов. – Иш юзасидан туманнинг турли ҳудудларида бўлиб, одамлар билан мулоқот қилишимга тўғри келарди. Давлатимиз раҳбарининг сайловолди учрашувида кўприк қуриш масаласида қилган мурожаатим инобатга олингани қишлоғимиз аҳлини беҳад қувонтирди. Сел йўлида қурилган ушбу кўприк икки тоғ бағридаги одамларнинг ташвишсиз борди­келдиси учун имконият яратди.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.