Ободлик — муштарак маісад

Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасидаги бунёдкорлик, ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишлари Олтиариқ туманида ҳам жадал амалга оширилмоқда.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - ПЕРВАЯ СТРАНИЦА -

Туманнинг “Полосон”, “Қапчуғай” ҳамда “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида кексаю ёш, ҳудуддаги ташкилот, муассаса, корхоналар жамоалари ўзлари яшаётган, меҳнат қилаётган кўчалар, хонадонлар, йўлакчалар, кўп қаватли уйлар атрофини гўзал масканга айлантириш иштиёқи билан банд. Айни пайтда Полосон, Қапчуғай ҳамда Тинчлик маҳаллаларида мавжуд 8500 та оилада қарийб 30 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.

Қапчуғайдан бошланган кенг қамровли ободонлаштириш ишлари доирасида 38 та таъмирга муҳтож хонадон ҳамда 20 та кўп қаватли уйда 530 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилди. Янгитдан ичимлик суви тармоқлари тортилиб, 1 та сув минораси таъмирланди ва 1 та янги сув насоси ўрнатилди. Пиёдалар йўлкалари барпо этилиб, уйларнинг кириш қисмига асфальт ётқизилди. Бундан ташқари, катта йўл бўйида 7 та замонавий автобус бекати қуриш, йўл четига махсус тўсиқлар ўрнатиш, кўприкларнинг ҳимоя тўсиқларини янгилаш ишлари бажарилмоқда. Болаларни мактабгача тарбия муассасаларига қамраб олиш масаласидаги муаммолар давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида 200 ўринли боғча биноси бунёд этилиши ва ишга туширилиши билан бартараф этиладиган бўлди.

Полосон маҳалласида 42 та, Тинчлик маҳалласида 14 та аҳоли хонадонлари ҳамда 21 та кўп қаватли уй таъмирланди. Электр тармоқлари корхонаси томонидан ёғоч таянчлар бетон таянчларга алмаштирилди. “Фарғонагазтаъминот” ҳудудий филиали Олтиариқ туманлараро участкаси томонидан юқори ва ўрта босимли газ қувурлари, ундаги қурилмалар, жиҳозлар таъмирланди, яроқсизлари алмаштирилди. Оқова сув тармоқлари тозаланди ва янгитдан ётқизилди. Ичимлик суви келтиришни яхшилаш, ички йўлларга шағал ётқизиш, асфальтлаштириш ишлари тугалланиш арафасида.

Ободончилик ишларида ёшларнинг фидойилик кўрсатаётгани кексаларни қувонтирмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти бўлими раҳбари Аҳаджон Акбаровнинг айтишича, вилоятнинг уюшмаган ёшларидан 500 нафари бу ишларга жалб этилди.

Маҳалла раиси Ҳабибиддин Саидов ташкилотчилик қилиб чарчамайди, хурсандчилигини ҳам яширмайди.

– Маҳалламизнинг уч ой аввалги кўриниши билан ҳозиргиси ўртасида жуда катта фарқ бор, – дейди меҳнат фахрийси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Олимжон ака Ҳакимов. – Фарғона – Қўқон автомагистраль йўлидан Тинчлик шаҳарчасигача, имконим бўлса, олти-етти чақирим пиёда юргим келади. Юртбошимизнинг даъватлари, кўрсатмалари билан халқ ҳаракатга тушди, ўз уйини, Ватанини обод қилишга киришди...

Маҳаллаларда ғайрат-шижоат билан меҳнат қилаётган йўлсозлар, ободонлаштириш, “Тоза ҳудуд”, коммунал соҳа вакиллари, нуронийлар, ёшлар, барча-барчани муштарак мақсад – жондан азиз Ватанни янада обод, фаровон кўриш истаги бирлаштирган бўлса, не ажаб?!

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.