Гуллар шаҳрида гул байрами

Гул етиштириш ва сотиш сердаромад соҳадир. Голландия ва Монако давлатларининг ушбу йўналишдан катта маблағ олаётгани фикримиз тасдиғидир. Улар Европа ва АҚШ бозорини турфа гуллар билан тўлдириб, давлат бюджетига катта даромад келтиради.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - ПЕРВАЯ СТРАНИЦА - Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Наманган – гуллар шаҳри. Озодалик, покизалик, саранжом-саришталик ҳаёти мазмунига айланган наманганликлар ўтган асрнинг 60-йиллари бир неча километрга чўзилган, ифор таратиб турувчи фусункор гулзорлар яратдилар. Уларнинг довруғи узоқ-узоқларга етди. Бугун ҳам пок ниятли кишилар йўлнинг икки чети, ариқ бўйларига уруғ қадаб даромад кўришмоқда. Йил сайин соҳага қизиқиш ортиши гулчилар сулолалари сафи кенгайишига туртки бераётир.

– Шаҳарни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, кўча четларида гулзорлар ташкил этишга доим катта эътибор қаратилган, – дейди “Нафосат” гул ишқибозлари клуби ташаббускор гуруҳи раҳбари Дилбархон Содиқова. – Қатор давлатлардан япон сакураси, магнолия, каштан, камелия, лола, цикламен, примула, кпивея, глициния, форзиция каби юздан ортиқ манзарали дарахт ва гул, бута ўсимликлари олиб келиниб экилди, кўпайтирилди. Бу эса ҳудуднинг чиройини оч- моқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили Наманган вилоятига ташрифи чоғида айнан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли боғда бўлиб, вилоятда гулчилик соҳасини янада ривожлантириш борасида берган топшириқ ва тавсиялари ўз натижасини берди. Буни амалга оширилган катта бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳам исботлаб турибди.

– Ушбу боғда 6 миллиард 300 миллион сўмлик қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, – дейди маданият ва истироҳат боғи директори Муҳиддин Турсунов. – 26 та хизмат кўрсатиш объекти янгитдан қурилди: 800 томошабинга мўлжалланган амфитеатр, очиқ эстрада майдони, “сокин ҳудуд”, “насиҳат майдони”, 165 та тунги чироқлар, 65 та сўритокли ўтирғичлар, фонтанлар, 1,5 км. очиқ сув тизими, 3 та ер ости дренаж қудуғи, 1 гектарлик кўлдаги “Музқаймоқ оролчалари”, “Қайиқлар бекати” шулар жум- ласидан. Шахмат-шашка клуби, катта кўчалар билан боғловчи 9 та дарвоза, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими биноси ва 200 ўринли “Оталар чойхонаси” эса ҳозирданоқ гавжум.

Боғнинг 5 гектарлик майдонида 2 миллионга яқин гул ва манзарали дарахтлар парвариши йўлга қўйилган.

Шу тобда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан ушбу ҳудудда 58-анъанавий гул байрами бўлиб ўтаётир. Эрта тонгдан Наманган аэропортидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғига қадар йўл бўйларию, чор-атроф гулзорга айланган. Гул байрамига бағишланган қўшиқлар ёшлар томонидан жўровозликда куйланмоқда.

– Бугун вилоят ҳудудидаги хонадонларда 115 хилдаги гулларнинг 800 дан ортиқ тури парваришланмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Икромхон ота Нажмиддинов. – Ҳовли, кўча, гузар, ташкилот ва муассасалар ҳудуди боғ ва гулзорларга бурканишида кўпни кўрган нуронийлар ёшларга бошқош бўлиб, намуна кўрсатишмоқда.

Наманганга дунёнинг турли бурчакларидан гул ишқибозлари келгани ҳам азал-азалдан ушбу ҳудуднинг бу борада ўзига хос ўрни борлигини кўрсатади.

– Жуда кўп давлатларда бўлганман, – дейди франциялик сайёҳ Сергэ Хугиен. – Аммо Наманганнинг табиати, қалби пок одамлари, экологик тоза, шириндан-шакар мевалари, гулларга бурканган кўчалари, бетакрор гул байрами менга манзур бўлди. Янаги йилга ҳам кўпчилик бўлиб жозибали тадбирларда қатнашишни ният қилдик.

Бангладеш Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Моннон, Россия фуқароси Сергей Руцинов ҳамда Саудия Арабистони, Қувайт, Туркиядан келган сайёҳлар ҳам бу ернинг гуллари ифорини жуда юқори баҳолашди.

– Ўзбекистоннинг тарихи ва анъаналари ҳақида кўрсатувлар тайёрлаш мақсадида Ахсикентга келгандик, – деди хитойлик журналист Гай Хендерсон. – Ўзига хос, ҳайрат чулғайдиган “Гул байрами”да қатнашиш, тўғридан-тўғри кўрсатув тайёрлаш ва узатиш бахтига муяссар бўлдик. Менда жуда тез ривожланиб бораётган давлат, унинг меҳнаткаш ва меҳмондўст халқи, бетакрор ва фусункор гул байрами катта таассурот қолдирди.

Гул байрами ҳали ҳам давом этмоқда. Чунки, ҳар кимга ҳар турли гул ёқади, шоир айтмоқчидек, “Кимгадур ёқар лола, ким атиргул шайдоси”. Шундай экан, шу кунларда гулларга бурканган гўшани бир айланинг!

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.