Украиналик ишбилармонлар ЖИЗЗАХДА

Украинанинг Херсон области губернатори Андрей Гордеев, Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Алина Погребная, ишбилармонлар – Владимир Дармороз ва Олег Агеенколардан иборат делегация Жиззахга келди.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - NEWS -

Маълумки, иккала ҳудуднинг иқтисодий, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги ва сайёҳлик салоҳияти юқори, аммо бундан унумли фойдаланиш бўйича ҳали кўп ишлар қилиниши зарур. Аввало, бунда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши ташриф давомида таъкидланди. Айниқса, йилига 8 минг 500 тонна калава ип, 4 минг 500 тонна трикотаж газлама ишлаб чиқариш қувватига эга “Жиззах текстиль”, 2 минг 500 тонна базальт толаси ҳамда 3 минг тонна базальт арматура тайёрлаш имкони мавжуд “Мега инвест индустриал” каби корхоналарнинг экспорт салоҳияти юқо- рилигини мезбонлар алоҳида эътироф этишди. Шунингдек, 2022 йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши кўзда тутилаётган нефтни қайта ишлаш корхонаси ҳамда жорий йил сўнгида фаолият бошлаши кутилаётган “Uzbekistan Peugeot Citroen Avtomotive” автомобиль заводи фаолияти йўлга қўйилиши мамлакатга катта даромад келтириши айтиб ўтилди.

Шубҳасиз, мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити, солиқ, бож ва бошқа тўловлар борасидаги енгилликлар, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги ҳамда туризм имконияти, экспорт географияси, “Жиззах” ва “Зоминфарм” эркин иқтисодий ҳамда кичик саноат зоналари ҳақида эшитган чет эллик инвесторлар бу ерга ошиқаётганини кенг жамоатчилик баралла айтмоқда.

Дарҳақиқат, полипропилен маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида ҳамкорликни ошириш, шунингдек, 18 минг тонна пахта толасини Украинага йўналтириш, ушбу давлат орқали Европа бозорига кириб бориш мумкин.

Меҳмонлар ҳудудда пахта толасини қайта ишлаш борасида катта имкониятлар мавжудлигини таъкидларкан, бундан 8 йил илгари Жиззах пахтаси вилоятнинг ўзида умуман қайта ишланмагани, айни вақтда бу кўрсаткич 40 фоизга етгани билдирилди. Янгитдан барпо этилаётган 6 та йирик енгил саноат корхоналарининг ишга тушиши ҳисобига жорий йил сўнгида қайта ишлаш 65 фоизга кўтарилиши таҳлилларда ўз исботини топди.

– Фикримча, икки давлат ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш, сайёҳликни кучайтириш, қўшма корхоналар барпо этиш, айниқса, енгил саноат борасида алоқаларимизни янада яхшилаш зарур, – дейди Херсон области губернатори Андрей Гордеев. – Биз Ўзбекистон ишбилармон доираларига темир йўл рельслари етказиб бериш, Украина орқали Европага эшик очиш имкониятидан фойдаланишни таклиф этамиз. Ўз навбатида, мамлакатимиз ҳам Буюк Ипак йўли билан боғлиқ савдо алоқаларига қўшилишдан манфаатдор эканини айтиш жоиз.

Музокаралар якунлангач, иштирокчилар “Жиззах Тоштепа текстиль”, “Жуита Гулшана инвест” ҳамда “Жиззах текстиль” енгил саноат корхоналарида бўлишди. Замонавий технологиялар ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатига юқори баҳо берилди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.