«Ато ме}ридин афзал жабри устод!»

Qishloq Hayoti (Village Life) - - NEWS -

“Ҳар қандай таълим ва тарбияда асосий омил муаллим, унинг тафаккур дунёсидир”, деган эди немис педагоги ва файласуфи Адольф Дистервег. Дарҳақиқат, ўқитувчи ва унинг билими миллат келажаги қандай бўлишини, қайси ўзандан кетишини белгилаб берувчи асосий омилдир.

Кейинги пайтларда ўқитувчилар фаолияти, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи, давлатимиз ва фуқароларимизнинг эътиборидаги, муҳокамасидаги долзарб масалалардан бирига айланди, бу ҳақда кўп ва хўб ёзилмоқда. Маҳаллий ҳокимият органларининг “беминнат” хизматкорига айланган ўқитувчи давлатимиз раҳбари кўрсатмасига асосан мажбурий меҳнатдан озод этилди.

Бундан 30-40 йиллар аввалги авлод наздида ўқитувчилик – энг шарафли касб, уни эгаллаш эса орзу эди. Бугунги авлод орасида бу касбнинг азалий нуфузини эътироф этувчилар камчиликни ташкил этади. Хўш, бунга сабаб нима? Таниқли қизиқчи айтганидек, уй тўридаги ўқитувчи нега ўз ўрнини тракторчига бўшатиб беряпти?

МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ВА ҚОҒОЗБОЗЛИК

Ҳар бир дарс – алоҳида асар, ўқитувчи эса ижодкор. Ҳа, аслида шундай бўлиши керак. Ижодкор яхши асар яратиши учун илҳомланиши зарур. Лекин дарсни санъат асари даражасида ўтишдан кўра юқоридан келган топшириқларни қандай бажариш ҳақида бош қотирадиган, эрта баҳордан кеч кузгача ягана, чопиқ, кўча тозалаш, дарахт оқлашдан тортиб, ободонлаштиришу йиғим-теримгача жонбозлик кўрсатадиган, керак бўлса, газ, электр энергияси тўловларини ундиришга масъул бўлган, ундиролмаса, ўзи маошидан тўлашга мажбур этилган ўқитувчини илҳом париси йўқлаб келармиди? Эртанги дарсига қизиқарли топшириқ ёки кўргазмали қурол тайёрлаш ўрнига кераксиз ҳисоботу баённомалар, жадваллар тўлдираётган ўқитувчи ўқувчининг миясини билим билан тўлдирса бўлмасмиди? Тан олиш керак, бугун жамиятда юзага келган кўплаб муаммолар ўқитувчининг мажбурий меҳнатга жалб этилгани, натижада таълим сифатининг кескин пасайгани туфайлидир.

ЎҚИТУВЧИНИ ОТА-ОНА БОСИМИДАН ОЗОД ҚИЛИШ КЕРАК

Ота-боболаримиз устознинг ҳурматини жойига қўйганини, нафақат устоз, балки унинг фарзандларига ҳам ҳурмат кўрсатганини Алишер Навоий ҳақидаги ривоятдан яхши биламиз. Доно халқимиз бежиз “Устоз отангдек улуғ”, демаган. Аждодларимиз фарзанди аржумандларини устоз ҳузурига етаклаб борганларида: “Эти сизники, суяги бизники”, дея қуллуқ қилишган. Афсуски, ҳозирги кунда таълим-тарбия сифати- нинг тушиб кетишида азалий анъаналарни писанд этмаётган ота-оналарнинг ҳам “муносиб ҳисса”си бор.

Саъдийнинг “Гулистон” асаридаги қуйидаги мисралар ота-оналар учун ибрат бўлмас экан, бу борада олға силжишимиз қийин: Юборди ўғлини мактабга подшо, Қилиб қўйнига нуқра тахтача жо. Кумуш ул лавҳага зардин битиб ёд: “Ато меҳридин афзал жабри устод!”

Кўриниб турибдики, фарзанд тарбиясида устоз ва ота-она ҳамкорлигисиз кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.

Бугунги кунда айрим ота-оналарнинг ўқитувчиларга муносабатини кўриб маънавий қашшоқлик ҳам шу даражада бўладими, дегингиз келади. Энг ёмони, ўқитувчи ҳақ бўлса ҳам ота-она шикоят қилса, раҳбариятдан дакки эшитади, йўқ айбини “бўйнига олиб”, “тушунтириш хати” ёзади ёки унга нисбатан интизомий чора кўрилади. Ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади: “Нега ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёки бошқа айрим соҳа ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи қонунлар бору ўқитувчиларники йўқ?” Мана шундай қонун ишлаб чиқилса, айрим “ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши биладиган” ота-оналар наздида ўқитувчининг ер билан битта бўлиб ётган обрўси тикланармиди?

Ижтимоий тармоқларда аждодларимизнинг кўп йиллик кузатишлари асосида яратилган теран маъноли “Устоз отангдан улуғ” мақолини ҳеч ким отамдан улуғ бўла олмайди, дея юзаки тушунаётган, жайдари, ожиз фикри билан устознинг улуғлигини тан олмаётганларнинг аксарияти бир томонлама ёндашувчи, боғча, мактаб ёшидаги болаларнинг ота-оналаридир. Бу ҳам улар билан жиддий ишлаш зарурлигини кўрсатади.

ЭРКАКЛАРНИ МАКТАБГА ҚАЙТАРИШ КЕРАК!

Мактабда, умуман, таълим тизимида эркаклар сони тобора камайиб бормоқда. Чунки ўқитувчининг маоши оила бошлиғи бўлган эркакларни қониқтирмайди. Оилада отанинг ўрни бўлакча бўлгани сингари мактабда эркак ўқитувчининг тарбияси ҳам муҳим. Эркакларнинг бўлиши педагогик жамоада маънавий муҳит ва таълим-тарбия жараёни яхшиланишига сабаб бўлади. Қолаверса, ўқувчиларнинг тенг ярми ўғил болалардан иборат эканини назарда тутсак, уларда бир сўзлилик, мардлик, қатъият сингари йигитларга хос сифатларни шакллантиришда, қиз болаларнинг одоб-ахлоқида, ўзини тутиш ва кийиниш маданиятига риоя қилишида эркак ўқитувчиларнинг роли катта эканини англаймиз. Шундай экан, эркакларни мактабга, таълим-тарбия жараёнига қайтариш, бунинг учун уларга маълум имтиёзлар бериш керак.

СОҒЛОМ МАЪНАВИЙ МУҲИТНИ ЯРАТИШ ЗАРУРАТИ

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган айрим ҳолатлар бизни ҳушёрликка чорламоғи даркор. Таълим-тарбия муассасасида соғлом маънавий муҳит яратилмас экан, сифатли таълим ҳақида орзулар орзулигича қолаверади.

Ўқитувчи нафақат билими, балки юриш-туриши, кийиниши, одоб-ахлоқи, бир сўз билан айтганда “педагогик имиджи” билан ҳам бошқаларга ибрат кўрсатиши керак. Шогирдлари олдида ўзаро гап талашаётган, бир-бирини ҳақорат қилаётган, ҳамкасбини обрў- сизлантириш учун ҳар қандай пасткашликдан қайтмаётган “устозлар”дан нимани ўрганиш мумкин?

ОЗГИНА ФИДОЙИЛИК ҲАМ ЗАРУР

Шу ўринда бошқа мулоҳазалар ҳам туғилади. Тан олиш керак, сўнгги пайт- ларда соҳада муаммоларнинг вужудга келишида ўқитувчиларнинг ўз устида ишламаётгани, билим савияси юқори эмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда.

ХХ аср бошларида яшаб, ижод қилган маърифатпарвар боболаримиз фаолиятини ёдга олайлик. Улар халқ фарзандларини саводли қилиш учун бор маблағларини, қимматли вақтларини куч ва салоҳиятларини сафарбар этдилар. Чор ҳукумати уларни тинимсиз таъқиб остига олди, мактабларини ёпди, жазолади, шундай бўлса-да, улар ўз аҳдларида содиқ қолдилар. Нега бугун бизда ана шундай шижоат, фидойилик йўқ?

Тўғри, орамизда ҳар қанча қоғозбозлик ва мажбурий меҳнатга ботган бўлса-да, ўз касбини севадиган, болалар билан бирга қувнаб, бирга яйрайдиган фидойи устозлар ҳам йўқ эмас. Бироқ турли муаммоларни рўкач қилиб, ўз устида ишламаётган, дарсни қўл учида ўтиб, қўнғироқ чалинишини ўқувчидан кўра кўпроқ кутадиган, фарзандларимизнинг қимматли вақтини елга совураётган “ўқитувчи”лар ҳам кам эмас.

Ўқитувчининг оҳи давлат раҳбарига етиб борди – мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Хўш, энди қандай ишлашимиз керак?

Ҳозирги кунгача ўқитувчилар қоғозбозлик кўплигидан, мажбурий меҳнат туфайли кўнгилдагидек ишлай олмаётганидан ёзғирарди. Энди эса мажбурий меҳнат йўқ, қоғозбозлик масаласида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлишига умид бор. Хўш, кейин-чи? Биз ўзимиз ўқитувчи сифатида ислоҳотларга тайёрмизми? Билим савиямиз замон талабларига мувофиқми? Ўқувчи, ота-она ва жамият биздан кутган нарсани бера оляпмизми? Бугун биз ўқитаётган ўқувчи репетиторга қатнамай, ноқону-

ний йўлларни ахтармай олий таълим муассасасига кира оладими? Биз Ватан учун қандай кадр тайёрлаб беряпмиз?

Бу саволлар таълим-тарбия тизимида фаолият кўрсатаётган ҳар бир инсонни доимо ўйлантириши, жавоб топишга мажбур қилиши керак.

МУАММОНИ ҚАНДАЙ БАРТАРАФ ЭТАМИЗ?

Таълим тизимида туб ислоҳотларни амалга ошириш пайти аллақачон етди ва бу борада дастлабки қадамлар қўйилмоқда.

Бизнингча, ишни ўқитувчилар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларидан бошлаш керак. Бундай таълим муассасаларига талаба қабул қилиш, ўқитиш жараёни коррупциядан батамом холи этилмас экан, кўзланган натижага эришиш душвор.

Олий таълим муассасаси тайёрлаган кадр сифати учун жавобгарликни ўз бўйнига олиши керак. Амалиётнинг кўрсатишича, мактабга ёки академик лицейга келган ёш мутахассисларнинг аксарияти дарс ўтиш, ўқувчи билан мулоқотга киришиш у ёқда турсин, ҳатто саводхонлигида, оддий ҳужжат юритишда ҳам нўноқлигини намоён этмоқда. Ишга қабул қилиш жараёнида ёш мутахассис олий таълим муассасаси, туман халқ таълими бўлими ва мактаб маъмурияти вакилларидан иборат махсус комиссия чиғириғидан ўтказилиши лозим. Синовдан ўтолмаган кадрни қайта ўқитиш мажбурияти диплом берган олий таълим муассасаси зиммасига юклатилиши адолатдан бўлади.

Ўқитувчини ўз устида ишлашга ундайдиган, мажбур этадиган ва рағбатлантирадиган механизмни ишлаб чиқиш даркор. Айни пайтда педагог кадрларга тоифа бериш, малака ошириш тизимлари ўқитувчига алоҳида-алоҳида талаблар қўйган. Бундан ташқари, халқ таълими идоралари олдидаги мажбурият ва вазифалари ҳам бор. Турли идоралар томонидан қўйиладиган талабларни яхлитлаш, шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлаш орқали ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозлик ва асаббузарликдан қутқариш, ўз устида ишлаши, ижодкорлигини намойиш этиши учун шароит яратиш мумкин.

Хулоса шуки, ўқитувчи фидойи бўлмас, замон талабларига монанд равишда таълим-тарбия бермас экан жамиятимизнинг пойдевори ҳаминқадар бўлиб қолаверади. Бизнингча, бу касбни танлаган инсон зиммасидаги масъулият ва жавобгарлик нақадар улкан эканини англаши, уни сўзсиз бажариши шарт.

Шаҳноза ЭРГАШЕВА

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.