Ґаракатларда —амкорлик лозим

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница - Тоҳир БАХРОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мамлакатимизда экспортни рағбатлантириш, бунинг учун зарур қулайликлар, шарт-шароит ва имтиёзлар яратиш бўйича Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ҳамда қарорлар ижроси доирасида кўрилаётган амалий чоралар натижасида экспорт ҳажми тобора ортиб бормоқда. Жорий йилда экспорт ҳажмининг ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ўсиши кутилаётгани фикримиз исботидир. Лекин бизда бундан-да катта имкониятлар мавжуд.

Президентимиз 2018 йил 29 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, баъзи тармоқ ва ҳудудларнинг раҳбарлари ўз масъулиятларини етарли даражада ҳис этмаётганликлари боис бу имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз.

Мамлакатимизда импортни оптималлаштириш ҳам мутлақо қониқарсиз аҳволда. Бундай ҳолатга импорт таркибини ўрганиш ва импортни оптималлаштириш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмагани билан боғлиқ омиллар сабаб экани видеоселектор йиғилишида очиқ-ойдин айтиб ўтилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда 3,6 миллион нафардан зиёд киши меҳнат қилаётган қишлоқ хўжалиги соҳасининг мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, юртимиз экспорт салоҳиятини оширишдаги ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда. Мазкур ютуқ 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаб олингани ва бу муҳим ишга жиддий киришилгани самарасидир.

Йиғилишда бу йилги об-ҳаво шароитида мамлакатимизда ёғингарчилик нисбатан кам бўлгани, оқибатда аксарият ҳудудларда сув танқислиги юзага келгани, шунинг учун сувдан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан галдаги вазифалар белгилаб олинди. Хўш, бу вазифалар нималардан иборат? Шоли экиладиган майдонлар эндиликда 162 минг гектардан 94 минг гектарга қисқартирилади. Сув таъминотида муаммо бўлмаган Сирдарё вилоятидаги 7,5 минг гектар ер Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятидаги 5,5 минг гектар ер Қорақалпоғистон фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун берилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги такрорий экин майдонлари камайтирилади. Ушбу ҳудудларда сувни кам талаб этадиган мош, ловия ва бошқа озуқабоп экинлар етиштирилади.

Видеоселектор йиғилишида бу йилги баҳор салқин ва қуруқ келгани пахта етиштиришда жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани, натижада ғўза ривожланиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча орқада қолаётгани, бу эса экинлар парваришига жиддий эътибор бериш лозимлигини, соҳадаги назорат ишларини кучайтиришни тақозо этаётгани таъкидлаб ўтилди. Айни жиҳатни ҳисобга олган ҳолда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда жорий йилнинг 1 июнидан 1 июлигача “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” деб эълон қилинди.

Йиғилишда кун тартибига қўйилган яна бир муҳим масала – жорий йилда етиштириладиган ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмасдан қисқа муддатларда йиғиштириб олиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар хусусида ҳам батафсил тўхтаб ўтилди. Ғаллани нафақат ўз вақтида йиғиштириб олиш, балки такрорий экинларни муддатида экиш, улардан кўнгилдагидек ҳосил етиштириш эл-юртимиз фаровонлиги ва маъмурчилигига, халқимиз дастурхонини тўкин-сочин қилишга қўшилган салмоқли ҳисса экани, шубҳасиз.

Мухтасар айтганда, бугунги куннинг асосий вазифаси барча саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда, ҳар бир тармоқ ва ҳудудда ижро интизомини мустаҳкамлаш, раҳбарларнинг масъулияти ва фаолият самарадорлигини оширишдан иборатдир.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.