Ме}нат билан яралган Чуст «мґъжиза»лари

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница -

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 29 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишда қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Аграр соҳани модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланиб, бу борада аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу, энг аввало, аграр сектор имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида кенг имконият яратмоқда. Мазкур жараёнда ишбилармонларнинг ҳам ҳиссаси ошиб бораётгани диққатга сазовордир.

Ана шундай тадбиркорлардан бири Наманган вилояти Чуст туманидаги “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Содиқжон Ҳасановдир. Ҳа, эсладингиз-а. Шу йилнинг май ойида Президентимиз Наманганга ташрифи чоғида корхонасида бўлган ишбилармон, ҳавода картошка етиштираётган, ковул кўпайтиришнинг ҳадисини олган тадбиркор... Биз ишбилармоннинг ишлари билан сизни яқиндан таништирмоқни мақсад қилдик...

Оёқ остидан чиққан хазина

Чуст тумани ҳокими Баҳодир Охунов қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллар ишлаган, катта тажрибага эга, изланувчан, ташаббускор инсон. У икки йил бурун туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Ўнгқирғоқ канали соҳилларига туташ далаларни айланиб юриб, дашт ерларда ўсимлик меваларини териб юрган одамларга дуч келди. Уларнинг этакларидаги ковул мевалари эканлигини билгач, ҳосилдорлиги, қачон терилиши, қанча нархга сотишлари билан қизиқди. Шунда билдики, ковул оёғимиз остидаги биз билмай юрган хазина экан.

Ковул – қурғоқчиликка чидамли, дашт-адирда ер бағри бўйлаб ўсувчи каварслар оиласига мансуб бута. Ер юзида 300 дан ортиқ тури мавжуд. Шимолий Африка, Жанубий Европа унинг ватани ҳисобланади. Биз унчалик аҳамият қаратмаган бу ўсимликни кўплаб давлатларда шифобахш неъмат сифатида минг йиллардан буён одамлар истеъмол қилиб келади.

У қуёшсевар ўсимлик. Барглари оч яшил рангда, ёнлиги унча катта эмас, эллипс шаклида, тиканли, бандли бўлади. Май ойидан октябрь ойигача ривожланади. Гули ниҳоятда чиройли бўлиб, эрталаб очилиб, кун ботиши билан ёпилади. Меваси икки палладан иборат, тарвузчага ўхшайди. Илдизи ер тубига сув қидириб, 6 метргача кириб боради. Ундан 15 йилгача ўсиб чиқиб, дала-даштга яшиллик бағишлайди. 8 даража совуққача чидайди.

Унинг гулкуртаклари маринадланади, гуллари нектарга бой бўлгани учун асаларичилик соҳаси ривожида катта аҳамиятга эга. Қадимда унинг мевалари қуритилиб, табиий қанд ўрнида тановул қилинган. Саноатда харидогир маҳсулотлар ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилади. Европанинг қатор ривожланган мамлакатлари савдо расталарида мавжудлиги ҳам бежизга эмас.

Ковул бутаси, илдизи, баргидан тортиб мевасигача шифобахш ўсимлик ҳисобланади. Ундан турли шишлар, нафас қисиши, талоқ қотиши, қуртларни ҳайдаш, полиартрит, бўқоқ, айниқса, аллергия касалликларини даволашда кенг фойдаланилади. Янги кесиб олинган ва чой қилиб, дамлаб ичилган ковул кучли антисептик восита сифатида яхши фойда беради.

Имкон бор, ташаббус бўлса, бас

Ковулнинг ана шундай хусусиятлари билан танишган Чуст тумани ҳокими Баҳодир Охунов уни етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилиш имкониятларини ўрганди. Туманда ковул етиштириш мумкин бўлган камида 15-20 минг гектар дашт ерлар мавжуд эди. Тажрибали мутахассисларни ёнига олиб, истиқболли режа тузди. Сўнгра туман ҳудудини ва имкониятларини яхши билган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровга маслаҳат солди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йили жойларда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Наманган вилоятига ташрифи чоғида бу янгиликни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш борасида ўзининг қимматли тавсия ва топшириқларини берди. Шу асосда илк бор Наманганда Чуст тажрибаси сифатида ковул етиштиришга киришилди. Шу мақсадда тадбиркорларга 5 минг гектар ер ажратиб берилди. Соҳани чуқурроқ ўрганиш ва тадбиркорларга ўргатиш мақсадида бу борада муайян тажрибага эга мутахассислар жалб этилди. Айни вақтгача ковулни қайта ишлаш ва уни экспорт қилиш билан шуғулланиб келаётган тадбиркор Содиқжон Ҳасанов ва қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий фаолият олиб бораётган олим, Наманган давлат университетининг биология кафедраси мудири Шерзод Тошпўлатовлар мазкур масъулиятли вазифани ўз зиммасига олишди.

Ковулни кўпайтириш тажрибалари

Вазифанинг муҳим томони ковулни кўпайтириш, экиш ва парваришлаш агротехникасини ишлаб чиқиш эди. Шу кунгача ковулнинг уруғидан экиб кўпайтирилганлиги борасида маълумот учрамасди. Ўсимлик устида ўтказилган кузатув ва изланишлар илк самарасини берди. Тадбиркор Содиқжон ва олим Шерзодбеклар йигирмадан ортиқ тажриба ўтказди. Ковул уруғи устидаги плёнкага ўхшаш ҳимоя қобиғини хлорид кислотада эритиш йўли билан унинг донадор ва унувчанлигини таъминлаш мумкинлигини исбот қилди ва лаборатория шароитида бунга эришди. Айни пайтда 6 килограмм ковул уруғи сепилиб, ундириб олинди ва 200 гектарга етадиган кўчатни парваришлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Чустлик тадбиркорларнинг айтишича, ковул икки хил усулда; уруғини бевосита далага экиш ёки иссиқхонада кўчатлар тайёрлаб ўтқазиш йўли билан кўпайтирилади. Қурғоқчилик кучли, қумли ерларга март-апрель ойларида 3 м.x70 см. қилиб экилади. Шунда 1 гектар ерга 1600 туп кўчат жойлашади. Ўсимлик уч йилда ҳосилга киради. У ёз бўйи куртак ёзади. Ҳали очилмаган, 10 миллиметрдан катта бўлмаган, кичкина, думалоқ, қаттиқ куртаклари энг харидоргир маҳсулот ҳисобланади. Улар 8-10 кун оралиғида фақат қўлда териб олинади ва жаҳон бозорида қиммат нархларда сотилади. Ўсимликнинг яхши ривожланган бир тупидан ҳар теримда 3 килограммгача ҳосил олинади. Мавсум якунида бу кўрсаткич ўртача 7,5 кг.ни, гектарга чақилганда 12 тоннани ташкил этади. Умумий даромад 18 минг АҚШ доллорини ташкил қилади. Бу кўрсаткич кейинги йилларда ўз-ўзидан ортиб бориши табиий.

Садача саноат ҳудудига айланмоқда

Чуст шаҳрига ёндош, сув таъминоти оғир, паст-баландликлардан иборат ерларни ўз ичига олган ҳудуд бор. Уни Садача дейишади. 2017 йилда тумандаги “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамиятига шу ернинг 2,2 гектари лаборатория, иссиқхона, замонавий корхона бунёд этиш учун, кам ҳосилли майдонлардан 380 гектари ёнғоқ- зор, дашт ҳудудидан 3000 гектари эса ковулзорлар яратиш учун ажратиб берилди. Айни вақтда бу ерда ковулзорлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Умуман олганда, “Барака мева саноат сервис” МЧЖнинг ишлари ҳақиқий инновацияга қурилгани билан аҳамиятлидир. Айни вақтда корхонанинг 1 гектарлик иссиқхонасига экилган Голландиянинг “Аламино” навли помидор кўчатлари Садачанинг тупроғи ва иқлимида мўл ҳосил бермоқда. Ҳар тупи камида 5 кг.дан ҳосил берадиган ниҳолларнинг олди меваси пишиб етилди. Муҳими, унга харидор тайёр.

Гап шундаки, мамлакатимизда ўтказилган “Ўзбекистонда Челябинск области кунлари” доирасида Россия Федерацияси Челябинск области губернатори Борис Дубровский бошчилигидаги бизнес, таълим, тиббиёт, санъат, спорт, маданият ва бошқа соҳа вакилларидан иборат делегациянинг Чуст туманида бўлиши, мазкур корхонада амалга оширилаётган ишлар билан танишиши қатор шартномаларнинг имзоланишида омил бўлди. Шу куни 24 тонна “Аламино” помидори Россияга экспорт қилинди.

– Ўзбекистонда барча соҳаларда юқори даражадаги ривожланишлар жараёнига гувоҳи бўлдик, – деганди ташриф давомида Челябинск области қишлоқ хўжалиги министри Алексей Кобылин. – Меҳмондўст чустликларнинг тўкин дастурхонидаги палов, қуёш нурида ғарқ пишган шириндан-шакар меваларининг таъми оғзимизда қолди. “Барака мева саноат сервис” МЧЖнинг иссиқхоналарида етиштирилаётган “Аламино” навли помидорга харидор бўлдик ва икки томонлама шартномаларга имзо чекдик.

Энди уни “Чуст чандлери” дейишади

Содиқжон Ҳасанов шу йил Исроилнинг “Нетафин” компанияси билан 456 минг АҚШ долларилик шартнома тузиб, 160 гектарда томчилаб суғориш технологиясини ишга туширди. Туркиядан ёнғоқнинг “Чандлер” навини олиб келиб ўтқазди. Қолган 108 гектарига иссиқхона шароитида уланиб кўпайтириладиган, ана шу навдан қолишмайдиган кўчатлар яратиш борасида узоқ бош қотирди. Бунинг учун бир тонна маҳаллий ёнғоқнинг энг сара, ҳосилдор уруғларидан пайвандтак ҳосил қилинди. Август ва март ойларида буталган “Чандлер”нинг ортиқча шохлари энди ташлаб юборилмайди. Пайвандуст сифатида фойдаланилади. Қарабсизки, чет элдан келтирилаётган кўчатларга нисбатан 4-5 баробар арзон, маҳаллий шароитларга мослашган ёнғоқнинг “Чуст чандлер” нави энди ўзимизда етиштирилади. Ёнғоқзорлар тўлиқ ҳосилга киргач, 40,2 миллиард сўмлик маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади.

Ҳавода етилаётган картошкалар

Президентимиз жорий йилнинг май ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда давлатимиз раҳбарининг эътиборини тортган жиҳатлардан бири инновацион технологиялар имкониятидан фойдаланиб, аэропоника усулида картошка уруғи етиштирилиши бўлди.

Бу аграр соҳада жуда катта янгилик. Боиси, ушбу тажриба анъанавий усулга нисбатан 6 баробар юқори ҳосил олиш имкониятини беради. Мамлакатимиз раҳбари картошка уруғчилигини ривожлантиришга доир ушбу тажрибани вилоятдаги барча фермер хўжаликларига кенг татбиқ этиш ва махсус қарор ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди. Бу орқали бутун мамлакатга ҳосилдор уруғ етказиб бериш имконияти вужудга келади.

Хўш, аэропоника нима? Бу тупроқсиз шароитда фақат сув ёрдамида ҳосил етиштириш деганидир. Бу

тажрибани Содиқжон Ҳасанов хорижда кўрган эди. Ўтган йили Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашиб, вилоятнинг тупроқ, иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда сув тақчил адир ерларда ковул етиштиришни йўлга қўйиш, янги ёнғоқзорлар барпо этиш, иккинчи нон ҳисобланган картошкачиликни ривожлантириш юзасидан берган қимматли маслаҳатлари, йўл-йўриқлари уни амалга оширишига туртки бўлди.

– Ер юзида йилдан-йилга аҳоли сони ортиб бормоқда, – дейди Содиқжон Ҳасанов. – Янги уй-жой қурилиши, экологик эврилишлар натижасида қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган экин майдонлари камайиб боряпти. Бу ўз ўрнида мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланиш, айниқса, янги инновацион технологияларни ҳаётга татбиқ этган ҳолда фаолият кўрсатишни тақозо этаётир. Шу ўринда мамлакатимиздаги каби вилоятимизда, туманимизда, жамоамизда ҳам энг сўнгги янгилик, инновацион технологияларни ишлаб чиқаришда қўллаб иш ташкил этишни бош мақсад қилиб олганмиз. Шу маънода ишимизни илмий олиб боришга қарор қилиб, олим Шерзодбек Тошпўлатовга маслаҳат солдик.

Европадан катта маблағ эвазига харид қилинадиган аэропоника қурилмасини яратишда Содиқжон ва Шерзодбекларга ихтирочи Рустамжон Исоқбоев ёрдамга келди. 120 квадрат метр ўлчамдаги қурилмага 3000 туп картошка кўчати “экилди”. Остидан минерал ўғитларга тўйинтирилган сувни ҳар 20 минутда сочиб, илдизларни доимий нам ҳолатда сақлаб турувчи пуркагич жойлаштирилди. Натижада 1,2 сотих ҳажмдаги бу мосламадан 5 сотихли ер майдонига экилганига нисбатан 6 марта кўп картошка уруғи етиштириш имконияти яратилди. Айни кунларда аэропоника усулида 90 кунда етиладиган картошканинг “Сарнав” нави уруғини тайёрлаш жараёнлари давом этмоқда ҳамда ғалладан бўшаган 2 гектар ерга экишга ҳозирлик кўрилмоқда.

– Давлатимиз раҳбаридан зарур маслаҳатлар, йўл-йўриқлар олдик, – дейди Содиқжон Ҳасанов. – Бу бизнинг ғайратимизга ғайрат, шижоатимизга шижоат қўшди. Кўплаб истиқболли лойиҳаларни режалаштиряпмиз. Насиб бўлса, барчасини инновация билан бойитиб, фаолиятга татбиқ этамиз.

– Хўп замонлар келди-да, – дейди Содиқжон Ҳасановнинг отаси салкам тўқсон ёшли Деҳқонбой ота. – Ўғлим Содиқжон олим дўсти Шерзодбек билан ҳавода картошка етиштираётганини кўриб, роса ажабландим. Бизнинг умримиз кетмонга боғланиб ўтиб кетди. Ҳозирги замондаги техникалар, кашфиётлар у пайтда қаёқда дейсиз. Шундай кунларга етказгани учун Яратганга шукрона айтамиз. Халқимизнинг тинчосойишта, фаровон ҳаёт кечириши, ёшларимизнинг эмин-эркин, тадбиркорона фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитларни яратиб бераётган Юртбошимиз ҳақларига ҳар куни дуодамиз. У киши раҳбарлигида қилинаётган ишларни кўриб, инсон қўли гуллигига, меҳнат билан мўъжизалар яратиш мумкинлигига яна бир бор амин бўлдим. Илоҳим, бундай мўъжизалар кўп бўлсин. Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.