Јашіадарё тадбиркорлари Корея ва Туркияда

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев раҳбарлигида Қашқадарё вилояти делегацияси жорий йилнинг 28-31 май кунлари Жанубий Корея, 1-2 июнь кунлари Туркия давлатида бўлиб, бир қатор ҳамкорлик шартномаларини имзолаб қайтди.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ҳусан ТЕМИРОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Хусусан, Кореяда қирқдан ортиқ нуфузли компания вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Уларда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм йўналишида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтариш бўйича ўнта келишув имзоланди. Хусусан, Қарши шаҳридаги Шайхали қўрғончасида “Обод маҳалла” дастури бўйича Кореянинг Инчхон шаҳридаги Согу тумани билан ҳамкорликда шаҳарсозлик, ландшафт дизайни, истироҳат боғларини яратиш, ободонлаштиришда илғор тажрибаларни қўллаш ҳамда қўшма корхоналарни ташкил этишда ҳамкорликни йўлга қўйишга келишилди.

Ташриф давомида “Korea Environment Corporation” компанияси билан экология ва атроф-муҳитни ободонлаштириш учун Қарши шаҳрида Корея технологияси бўйича чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини яратишга келишиб олинди. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида вилоят мутахас- сисларининг Кореяда тажриба орттириши ташкил этилади.

Қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасида умумий қиймати 49,5 миллион АҚШ долларилик 7 та инвестицион лойиҳа бўйича меморандум ҳам имзоланди.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида эса 38,7 миллион АҚШ доллари қийматига тенг бешта лойиҳани амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича Сеул шаҳрида жойлашган “Ханянг” университети қошидаги шифохона билан ҳамкорлик йўлга қўйиладиган бўлди.

Туризм соҳасида Кореянинг Пучон шаҳрида жойлашган нуфузли “AiinsWorld” тематик боғида “Оқсарой” мажмуасининг макетини жойлаштириш учун майдон ажратишга келишилди ҳамда “Seecord” компаниясининг инвестициялари ҳисобига Шаҳрисабз туманида экотуризм хизматини жорий қилиш учун ихтисослаштирилган хонадон вазифасини ўтовчи автотиркамаларни етказишга келишилди.

Қарши халқаро аэропортини янада ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш мақсадида “очиқ осмон” тизимини жорий қилиш ва халқаро бошқарувга бериш борасида Корея аэропортлар корпорациясини жалб этишга келишиб олинди.

Ташриф чоғида икки давлат шаҳарларида ободончилик ва шаҳарсозликда амалга оширилган ишлар ҳам кўздан кечирилди. Сафарда орттирилган тажриба ва билимларни келажакда вилоят туманлари миқёсида, айниқса, “Обод қишлоқ” дастури доирасида жорий этиш босқичма-босқич олиб борилади.

Қашқадарё вилояти делегациясининг Туркия сафарида ҳам ижтимоий-иқтисодий соҳада муҳим аҳамиятга молик келишувлар имзоланди.

Ташриф давомида иқтисодиётнинг турли соҳаларига тўғри- дан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни кўзда тутувчи 10 та лойиҳани рўёбга чиқариш бўйича шартномалар имзоланди.

Шунингдек, делегация аъзолари Денизли ва Измир шаҳрида ҳам бўлди. Мазкур ҳудудда 1500 метрдан чиқаётган иссиқ маъданли (гейзер) сувда ишлайдиган иссиқхоналар билан танишди. Ҳосилдорлик анъанавий иссиқхоналарники каби (мисол учун помидор бир гектарга ўртача 150 тонна). Лойиҳа нархи эса республикамизда барпо этилаётган иссиқхоналарга нисбатан арзон. Мазкур иссиқхона технологиясини вилоятда жорий қилиш юзасидан туркиялик ҳамкорлар билан келишувга эришилди. Ушбу лойиҳани Косон ва Муборак туманларида амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Мазкур ташрифлар қашқадарёлик тадбиркорлар билан Жанубий Корея ва Туркия ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг ҳар томонлама самарали йўлларини белгилаб берди.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.