Хорижда тан олинган сифат – сифатдир

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Президентимизнинг 2017 йил 2021 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан “Қорақалпоғистон синов ва сертификатлаштириш маркази” томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2017 йилнинг август ойида марказ учун янги бино қуриб берилди. Синов лабораторияларидаги 26 турдаги эскирган синов ва ўлчов ускуналари замонавийларига алмаштирилди.

Бу билан синов услубиятлари 48 тага кўпайтирилди. Шунингдек, синов лабораторияларининг аккредитация доиралари 8 та турдаги халқаро синов услубиятларига кенгайтирилди. Хусусан, ўтган йили олиб келинган “Кьельдал” универсал визкозиметр ускуналари сут ва гўшт маҳсулотларидаги оқсилнинг масса улуши ва қуйилтирилган сут маҳсулотларида қовушқоқлик кўрсаткичларини аниқлаш имкониятини бермоқда. Жорий йилда универсал узиш машинаси олинди. У билан полиэтилен плёнкалар, полипропилен қоплар ва бошқа маҳсулотларнинг чўзилувчанлик кўрсаткичини аниқлаш йўлга қўйилди. Харид қилинган замонавий масспектрометр ускунаси ёрдамида эса озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидаги пестицидлар миқдорини аниқлашга эришмоқда.

Марказ томонидан синов ва ўлчаш лабораторияларини модернизация қилиш, халқаро методларни қўллаш, экспорт қилишда мавжуд муаммоларни ўрганиш, маҳсулот экспорт қилинаётган давлатларнинг стандартлаштириш ва сертификатлаштириш бўйича талабларини ўрганишга эътибор қаратилмоқда. Маҳсулот туридан келиб чиққан ҳолда халқаро талаблар ва амалдаги нормалар ўртасидаги тафовутни аниқлаш, корхоналарда халқаро ISO 9001 сифат менежменти ва ISO 22000 озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежменти тизимларини жорий этиш ҳамда ушбу йўналишларда фаолият кўрсатадиган ходимларнинг малакасини ошириб бориш асосий вазифалардан этиб белгиланган.

Президентимизнинг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йилгача Қорақалпоғистон Республикасида 272 та корхонада менежмент тизимларини жорий этиш белгиланган эди. Жорий йилда 66 та корхонада шундай тизим ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, айни вақтда асосий ишлар уддаланди.

Корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг халқаро стандартлар талабларига жавоб беришини таъминлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида, шунингдек, саноат корхоналаридаги мавжуд синов лабораторияларини замонавий синов ускуналари билан жиҳозлаш ва халқаро синов усулларига оид меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш бўйича экспортчи корхоналар билан ҳамкорликда ишлаш тизими яратилди. Шу мақсадда “Маҳсулотни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси” ташкил этилиб, жорий йил бошидан буён 103 та корхонага бепул маслаҳат хизматлари кўрсатилди.

Марказнинг малакали мутахассислари томонидан тадбиркорлар ва экспортчи корхоналар вакилларига халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари стандартлари “Кодекс Алиментариус” ва қишлоқ хўжалик озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро стандартлари, “GLOBAL G.A.P.” талаблари, моҳияти ва долзарблиги юзасидан ўқув семинарлар ўтказиб келинмоқда. Уларда мазкур хорижий стандартни амалиётга жорий этишнинг афзалликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ва экспорт қилувчиларга мазкур стандартларни сертификатлаштириш жараёнларида белгиланган меъёрларга амал қилиниши муҳимлиги таъкидланмоқда.

Метрологик хизматлар кўрсатиш бўйича марказдан узоқ масофадаги аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммоларини жойида ечиш, уларга яқиндан ёрдам кўрсатиш мақсадида Элликқалъа ва Чимбой туманларида газ ва сув ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказадиган махсус шохобчалар фаолият кўр- сатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Беруний туманида маиший газ, Амударё туманида маиший электр ҳисоблагичларини қиёслаш шохобчаси ишга туширилди. Марказдан энг узоқ масофадаги Қорақалпоғистон ва Жаслиқ посёлкалари аҳолисига Дамас автомашинасига ўрнатилган қиёслаш ускуналари ёрдамида хизмат кўрсатилмоқда.

Бу борадаги имкониятларни ошириш мақсадида 3 та замонавий – ҳарорат калибратори, саноат газ ҳисоблагичларини қиёслаш ускунаси ва энергомер намунавий ўлчаш воситалари харид қилинди.

Марказда аккредитатланган сертификатлаштириш идораси фаолият кўрсатиб, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва четдан олиб келинаётган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги, кимё, электротехника, қурилиш ва машинасозлик маҳсулотларини сертификатлаштириш бўйича иш олиб борилмоқда. Бу ерда тадбиркорлик субъектлари учун маҳсулотларни ва хизматларни сертификатлаштириш ишларини ташкил қилиш, миллий мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш, сертификатлаштирилган маҳсулотларни давлат реестрига киритиш, улар устидан инспекцион назорат ўтказиш каби хизмат турлари кўрсатилади.

Жорий йил бошидан 514 та мувофиқлик сертификати расмийлаштирилиб берилди. Шунинг билан бирга, 184 минг сўмлик маҳсулотлар яроқсиз, деб топилганлиги боис, мувофиқлик сертификатини бериш рад этилди.

Ўтган йили марказнинг 4 нафар ходими Туркия ва Беларусь давлатларида тажриба ошириб қайтган бўлса, жорий йилда 5 нафар ходим Хитойда малака ошириши режалаштирилмоқда.

Баҳодир САПАРОВ, “Қорақалпоғистон синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси бўлим бошлиғи.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.