¤рмонда нима гаплар...

ёхуд адирларимизда ўсган ўсимликдан тайёрланган маҳсулотни хорижда танимаган юртдошларимиз

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

ВИЛОЯТДА ЎРМОНЧИЛИК СОҲАСИДА ТАЛАЙ КЕМТИКЛИКЛАР БОР. ЭНГ АВВАЛО, 3 МИЛЛИОНДАН ЗИЁД АҲОЛИ ЯШАЁТГАН ҲУДУДДАГИ ЎРМОН ФОНДИ 2 МИНГ ГЕКТАРГА ТЕНГ. ЯНА КЎП ЙИЛЛАР ДАВОМИДА ЭЪТИБОРСИЗ ҚАРАШ ОҚИБАТИДА СОҲАДА БИРОР-БИР ИЖОБИЙ ЎЗГАРИШ РЎЙ БЕРМАГАН.

Ёзнинг жазирамаси адирлар силласини қуритар, кўкарган дарахт қолмасди, ҳисоб. Тўғри, пахта яккаҳокимлиги кезлари адирларни ўзлаштириш асносида кучли насос станциялари барпо этилиб, ирригация тармоқлари кенгайиши эвазига қирларга ҳам сув етгани рост. Аммо объектив ва субъектив сабаблар боис адирларга муносабат салбий томонга оғди. Бозор иқтисодиёти шароитида эса, аввало, бебаҳо тоғ ресурслари – дов-дарахтлар, ўсимликлар дунёси бой берилди.

Бундай ҳудудлар майдони эса 30 минг гектардан зиёдни ташкил этади. 2017 йил ёзида Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғи айни ўрмончилик билан боғлиқ масалалар ҳам кун тартибида бўлди. Давлатимиз раҳбари бу борада ҳам жонланиш шартлигини таъкидлаб, адир шароитида илғор усулларни қўллаб, ўрмончиликни ташкил этиш ва ривожлантириш, шу орқали ҳам ишчи ўрни, ҳам даромадни кўтариш фойдадан холи бўлмаслигини қайта-қайта уқтирди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда ўрмончиликни замон тала- блари даражасига кўтариш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, ишлар бошлаб юборилди.

Президентимиз ташрифи давомида Хонобод шаҳрини дам олиш марказига айлантириш ва бу ерда йирик санаторий мажмуаси барпо этиш таклифини берганди. Айни вақтда бу борадаги ишлар ниҳоясига етказилмоқда. Айниқса, Хонтоғга туташ Тошохур массивида ўрмон хўжалигининг 4 минг 600 гектар адирлик ерида кўлами кенг ишлар ўз ижросини топмоқда. Хусусан, 1 минг 200 гектар майдонга хандон писта, ёнғоқ, наъматак кўчатлари ўтқазилди. Улар ҳосилга киргунга қадар қатор ораларида дуккакли экинлар, доривор ўсимликлар парваришлаш мумкин. Хонобод томонларга кел- сангиз, тоғлар орасида бўй кўрсатаётган шаҳардан завқланасиз. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Андижон вилояти бошқармаси раҳбари Қобилжон Обидов ёз охирида дастлабки дам олувчилар бу ерга келишини, санаторийга яқин Андижон сув омбори экотуризм учун энг қулай маскан эканини қувониб гапириб ўтди.

Марҳамат туманидаги “Истиқлол”, Асака туманидаги “Шарқ ҳақиқати”, Бобур номли массив адирликларида ҳам кенг кўламдаги ишлар бошлаб юборилган. Сув хўжалиги тизимига қарашли ўрмон участкалари ҳам хўжалик ихтиёрига ўтказилиб, дарё ва сойлар қирғоқларида ҳимоя вазифасини ўтовчи дарахтзорлар яратиш ҳам ушбу хўжалик зиммасига юклатилган.

Шубҳасиз, қисқа муддатда соҳани оёққа турғазиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ўз натижасини бера бошлади. Айтайлик, 2016 йили ялпи даромад 400 миллион сўмни ташкил этган, холос. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 3 мил- лиард 89 миллион сўмдан ортди. Ўрмон фонди майдонининг 7 минг 700 гектарга етказилиши баробарида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми кескин кўтарилди. Шунингдек, хўжаликка лизинг йўли билан юқори унумли 5 та трактор, 13 та бошқа турдаги техника воситалари харид қилинди. Бу ҳам янги ерларни ўзлаштиришда асқотади.

Эътиборлиси, жорий йил 7 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрлаш бўйича белгиланган кўрсаткичлар ортиғи билан уддаланади. 2021 йилга келиб, ялпи даромадни салкам 16 миллиард сўмга етказиш режалаштирилгани қувонарлидир. Бундан ташқари, 2016 йили бу ерда 127 нафар ходим фаолият кўрсатган бўлса, ҳозир улар 480 нафардан кўпроқдир.

Президентимиз ўрмон хўжалигида саноатбоп дарахтлар парваришлаш, бунда илғор инновацион технологияларни жорий этишга алоҳида урғу берганди. Шу мақсадда вилоятда ўрмончилик илмий тадқиқот институти филиали очил- ди, ҳозир у ерда 9 нафар илмий ходим изланиш олиб бормоқда.

Келгуси режаларга мувофиқ, ер ости сувларини буғлантирувчи дарахтларни кўпайтириш ҳамда табиий мелиорация муҳитини яратишга эътибор берилаётир. Эндиги вазифа – инновацион технологиялар асосида уруғликлардан кўчат яратишдир. Бир гектарлик иссиқхона ана шу мақсадда барпо этилмоқда. 2 гектар лимонарий майдони учун эса кўчатлар ва қаламчалар тайёрланган.

– Туркияга тажриба алмашгани борганимизда кутилмаган воқеликка дуч келдик, – дейди Қобилжон Обидов. – Мезбонлар тушлик чоғи таомлар қаторида ихчам қадоқланган тузламани дастурхонга тортишди. Сафардошлар бирортаси ҳам ушбу тузлама ҳақида маълумотга эга эмасди. Ўшанда мезбонлар. “Нега ҳайрон бўласизлар? Ахир, бу тузлама юртингиздан келтирилган”, дейишганда ҳайратда қолдик. Билсак, у адирларда ўсадиган, барча биладиган, аммо кўп-да, эътибор бермаган ковул ўсимлиги меваси экан. 100 граммлик идишдаги тузламанинг баҳоси 1 АҚШ долларига тенг. Оёқ остидаги бойликни пайқамаган эканмиз.

Айни пайтда харидоргир ковулни кенгроқ майдонларда плантация тарзида етиштиришга киришилди. Унинг уруғчилигини йўлга қўйиб, кўчатини иссиқхонада етиштириш технологияси ўзлаштириляпти. Вилоятнинг 7 та туманида адирлар борлиги, аксарияти меҳнат ресурси катта қишлоқларга ёндошлиги ковул етиштиришни кескин кўпайтиришга асос бўлади.

Хуллас, ўрмончиликни ривожлантириш, аввало, табиат мусаффолигини таъминлаш, қоғоз саноати учун зарур хомашё берувчи дарахтзорларни йилма-йил кенгайтириб бориш билан доимий ва мавсумий ишчилар сонини оширишга эришилади.

Яқинда Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида вилоят ўрмон фондини янада бойитиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш зарурлигини таъкидлаган эди.

Адирларнинг кўп ўзлаштирилиши натижасида қўйчиликни ривожлантиришга имкон қолмаётган эди. Шу мақсадда Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудидан 20 минг гектар яйловни Андижон ўрмон хўжалиги тасарруфига ўтказиш масаласи ижобий ечилди. Ўйлаймизки, яратилаётган ушбу шарт-шароит кун келиб янада кўп ҳосил беради.

Қобилжон АСҚАРОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.