«СоІлом авлод» болаларни чорлади

Ёзги таътил бошланиши билан Хонқа туманидаги “Соғлом авлод” оромгоҳи болажонларни ўз бағрига чорлади. Салкам 7,5 гектар майдонни эгаллаган ушбу масканда болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Оромгоҳ соя салқин, баҳаво ҳудудда жойлашганлиги билан бошқаларидан тубдан фарқ қилади. Бу ернинг мўтаъдил ҳавоси болаларда учрайдиган нафас органлари касалликлари учун асосий шифо турларидан ҳисобланади.

Оромгоҳ мавсумда жами 400 нафар дам олувчини соғломлаштириш қувватига эга. Бу ердаги шароитлар билан танишар эканмиз, болажонларга яратилган қулайликларни кўриб қувондик. Кенг ва шинам ётоқхоналар, дам олиш хоналари, даволаш бўлимлари етарли шароитларга эга. Турли йўналишларда тўгараклар ташкил қилинган бўлиб, улар мунтазам ишлаб турибди. Болалар у ерда спортнинг барча турлари билан шуғулланишлари мумкин. Оромгоҳ ошхонаси таомномасидан миллий, парҳезбоп, тўйимли ва мазали таомлар жой олган. Тарбияланувчиларнинг онгу шуурини ўстириш ва маънавиятини ошириш мақсадида ташкил қилинган “Маънавият хонаси” ва кутубхона хизмати ҳам жуда яхши йўлга қўйилган.

Дам олувчиларнинг вақтини мазмунли ўтказиш учун турли тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказишга ҳам шароитлар етарли.

– Туманимизнинг барча умумтаълим мактабларидан дам олувчиларни чекловларсиз қабул қиламиз, – дейди оромгоҳ раҳбари Фарҳод Ўринов. – Болалар учун яратилган шароитлар пойтахтдаги оромгоҳлардан фарқ қилмайди. Тарбияланувчиларни тиббий кўрикдан ўтганидан сўнг қабул қилиш йўлга қўйилган. Бундан мақсад турли хил касалликларнинг олдини олишдир.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.