Эл таниган Элибой Таниев

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Нуриддин БОЛИЕВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Пастдарғом туманидаги “Умсим момо” фермер хўжалиги раҳбари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор Элибой Таниевни нафақат туманда, балки бутун вилоятда яхши билишади. Туман марказидан қарийб 50 километр нари чўл ҳудудидаги “Янгиобод” хўжалигини обод қилишда унинг ҳалол меҳнати синган.

– Бу жойларда ишлашни бошлаганимда айни қирқ ёшни қирчиллатган эдим, – дейди у. – Уч йил қир­адирларни ўзлаштириб, ер очиб деҳқончилик қилиш учун шароит яратдик. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ, демай, бор меҳримизни ерга бердик. Хўжаликда аввалига ишчи, кейин бригадир ва раҳбар бўлиб ишлаш насиб этди. Кейин фермерликка киришдим.

Шу тобда “Умсим момо” фермер хўжалиги 85 гектар ерининг 44 гектарига пахтанинг “Жарқўрғон” нави экилиб парвариш қилиняпти. Чўл ҳудуди бўлгани боис, ҳар йили фермер аввал ерни суғориб кейин чигит экишга киришади. Ҳозирда далада кўчат тўлиқ ундириб олинган бўлиб, қатор орасига икки­уч мартадан ишлов берилди. Бу эса сув танқис ушбу йилда намни қочирмасликка имконият яратади. Ҳартугул, 41 гектар майдонга экилган ғалланинг ҳосилдорлиги ҳам кўнгилдагидек. Ҳосилдорликда 70­75 центнернинг чўғини олган фермер айни пайтда ўрим­йиғим ишларига тайёргарликни бошлаб юборган.

Ўтган йили пахтадан, ғалладан олган даромадга қишлоқ хўжалик техни­ калари олиш билан бирга чорвачилик, паррандачиликни ҳам йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратди. Шунинг ортидан яхшигина даромад ҳам ола бошлади. Ахир бугунги фермер кўптармоқли бўлиб, нафақат пахта ёки ғалладан, балки бошқа йўналишларда ҳам меҳнат қилишини, шунинг ортидан эл, халқ корига ярашини даврнинг ўзи талаб қиляпти.

Яқинда Элибой Таниев яна бир хайрли ишга қўл урди: туман марказида фаолият кўрсатмаётган эски босмахона биносини ўз ҳисобидан 80 миллион сўм маблағ ажратиб, қайта таъмирдан чиқарди ва янги замонавий китоб дўкони фаолиятини йўлга қўйди. Бинода китоб савдоси билан бирга ўқиш зали ҳам китобхонлар ихтиёрига берилди. Бу эса туман аҳлини бирдек хурсанд қилди.

– Ўзгаришлар, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни ҳамда яратилаётган имкониятларни кўриб, ғайратимга ғайрат қўшиляпти, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор Элибой Таниев. – Қўл қовуштириб ўтирадиган замон эмас. Экспортга эшиклар ланг очиқ, шунча имкониятдан унумли фойдаланмасак, уят бўлади.

Элибой бобонинг галдаги режалари ҳам улкан. 9 гектар майдонда интенсив боғ яратиб, шу ернинг ўзида музлаткич қуриш, етиштирган маҳсулотини ички ва ташқи бозорга чиқариш борасидаги амалий ишларни ҳам бошлаб юборган.

Мухтасар айтганда, умрини далага, деҳқончиликка бағишлаган Элибой Таниевни эл тан олган десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.