Шундай яшар одатда одам...

Умр – оқар дарё. У ўз ўзанида кимларгадир эзгулик улашиб боради. Бу йўлда кимдан яхши ном, кимдан солиҳ фарзанд, кимдан эса илм қолади.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ҳусан ТЕМИРОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Қарши туманида яшаб ўтган фидойи инсон, халқ хўжалигининг турли тармоқларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган Ҳамдам Каримовнинг умр йўлларига назар ташласангиз, ана шундай “эзгулик ўзани”ни кўрасиз.

... Ҳамдам ҳаётни жуда эрта тушунган эди. Унинг болалиги уруш йилларига тўғри келганди. Турмуш машаққатларини, одамларнинг оғир меҳнатини фақат илм билан яхшилаш мумкин, деб билди. Ўрта мактабни тугатдию, олийгоҳга кирди. Билим олди. Ўқиди. Изланди. Ўқиш давридаёқ барчага намуна бўлди. Ёш мутахассис дастлаб фаолиятини Косон туманидаги “Қўнғиртов” хўжалигининг директорлигидан бошлади. Узоқ йиллар хўжалик раҳбари, сўнгра “Қарши қурилиш” ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари, кейинчалик янги ташкил этилган Нишон тумани ижроия қўмитаси раиси лавозимларида сидқидилдан хизмат қилди.

Шу даврда Қарши чўли ерларини ўзлаштириб, боғу­бўстонга айлантиришга бош­қош бўлди.

Ҳамдам Каримов истиқлол йилларида янада ғайрат ва шижоат билан ишга киришди. Қарши туманининг Ҳилол, Косон туманининг Обидида, Некуз, Хўжақўрғон, Нишон туманининг Пахтаобод, Чўлиобод қишлоқларини обод қилишга муносиб улуш қўшди.

... Аммо тақдир бундан ўн йил олдин у кишини орамиздан олиб кетди. Ўшанда у етмишдан ошган эди. Яхши амал, эзгу иш инсон умрини бардавом этади. Бугун ҳам Ҳамдам Каримов ана шундай гўзал хотиралар билан эсланади. Унинг эзгу ишларини солиҳ фарзандлари, шогирдлари давом эттирмоқда.

– Ҳамдам Каримов кўпчиликка қандай яшашни, қандай ишлашни ўргатган инсон эди, – дейди Қарши тумани Ҳилол қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Назар ота Қодиров. – У бизнинг ҳудуддаги хўжаликка қарийб йигирма йил давомида раҳбарлик қилди. Бу даврда қишлоғимизда равон йўллар, турар жой бинолари, мактаб, тиббиёт маскани, маданият саройи бунёд этилди. Қишлоқ хўжалигида аҳоли катта тажриба тўплади. Хусусан, пахта ва ғалла, сабзавот, полиз экинлари етиштириш ҳадисини олди. У киши эрта тонгдан кечгача халқ билан бирга эди. Меҳнат қилганни қадрларди. Ана шундай камтарин, меҳнаткаш инсон билан елкадош бўлганлигимдан фахрла­ наман. Бу ҳақда ёш авлодга ибрат мисолида сўзлаб бераман.

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг фидойилиги, ташаббускорлиги, ғайрат­шижоати бошқаларга ҳам юқади, ибрат бўлади. Кишилар беихтиёр уларга ўхшагиси, уларнинг ёнида ишлагиси келади. Бундай инсонлар элни тўплай олади, жамоани шакллантиради. Уларни ободликка, бунёдкорликка йўналтира олади. Ҳамдам Каримов ҳам шундай инсон эди. У кўплаб шогирдлар қолдирди. Уларга деҳқончилик илмининг ўзига хос сир­синоатларини қунт билан ўргатди.

– У кишининг чеҳрасида нур, кўзларида ўчмас меҳр бор эди, – дейди вилоят қишлоқ хўжалигининг фидойиларидан бири, меҳнат фахрийси Бахтиёр Туропов. – Ҳар бир шогирдига топшириқ бериб, унинг ижросини қатъий назорат қиларди. Агар бирор­бир ишда камчилик сезса, босиқлик билан маслаҳат берар, “бу йўл­йўриқлар эртага ўзингга асқотади” деб насиҳат қилар эди.

– Отамнинг доимий таъкиди шундай эди: фаровон ҳаётнинг калити – меҳнатда, – дейди фарзанди Аъзам Каримов. – Отам берган таълим­тарбия меҳнат фаолиятимда, турмушимда мулоҳаза билан иш юритишда бизга қанот бўлмоқда.

Ҳамдам Каримовнинг оиласидан ҳам ибрат олса арзирди. Турмуш ўртоғи Олия ая ҳам оқила аёл бўлиб, улар тўққиз нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишди. Фарзандлар, набиралар ҳам элу юрт хизматига камарбаста инсонлар бўлиб вояга етди. Энг муҳими, қандай жабҳада хизмат қилишмасин, эл корига яраш, юртни равнақ топтиришга ҳисса қўшиш нияти билан яшаш уларга отаси, бобосидан мерос бўлиб келмоқда.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.