Имконсизликдан имкон топиб...

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ҳусниддин НУРИДДИНОВ

Ғузорлик Алишер Мирзаев Россияда бир неча йилдан буён меҳнат қилиб келарди. Аммо фалокат оёқ остида деганларидек...

“2017 йилнинг 4 августида “Мир” олмос конида ҳалокат содир бўлиб, шахтанинг бир қисмини сув босади. Бу вақтда шахтада 151 киши ишларди. Уларнинг 142 нафари қутулиб чиқишга улгуради, 9 киши ичкарисида қолиб кетади. Улардан бири – Алишер Мирзаев эди. Аммо у қутулишга эришди. Қарийб ўттиз соатдан сўнг 36 ёшли йигит лойқа сув босган шахтадан сузиб чиқди. Ҳамкасбларининг айтишларича, у жуда кучли жисмоний тайёргарлиги ва шахта рельефини мукаммал билгани учун имконияти бўлмаган ишни амалга оширган”.

Россия нашри “Аргументы и факты” газетасининг 2017 йил август ойидаги сонларидан бирида юқоридаги хабар эълон қилинган эди.

“Вестник алроса” газетасининг 2017 йил октябрдаги сонида эса Алишернинг матонати тўғрисида шундай сўзлар қайд қилинган: “Алишер Мирзаев жуда оғир шароитда, кўкрагигача сатҳдаги муздек сув ичида, ифлос балчиқ орасида ва зимистон қоронғуликда бир кеча­кундуздан кўпроқ ўз ҳаёти учун кураш олиб борди. Кучли жисмоний тайёргарлик ва метин ирода унга ўз кучи билан сузиб чиқишга ва юқоридагиларга қўнғироқ қилишга имкон берди. Бош миясининг ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши, кўкрак қафаси ва танаси кўп қисмининг жароҳатлари ва гематомаси оқибатида қаттиқ шамоллашга қарамасдан бу қийинчиликларни енгди”.

Россия матбуотида эълон қилинган хабарлар қаҳрамони Алишер Мирзаев яқинда она Ватанига қайтиб келди. Ҳалокат оқибатида узоқ даволанган ва анча толиққан Алишер Ўзбекистонни соғингани шундоққина кўриниб турибди. Яқин қариндошларининг меҳридан ўзини яхши ҳис қилмоқда.

1980 йилда Ғузор шаҳрида туғилган Алишер Мирзаев ота­онаси ва яқинлари бағрида. Айниқса, бобоси Муртоза Мирзаевнинг қутлуғ 100 ёшлик юбилейида иштирок этаётганлигидан жуда мамнун.

– Ҳозир ўзимни яхши ҳис этяпман, – дейди Алишер. – Яқин қариндошларим ва дўстларимнинг қўллаб­қувватлашлари, улар билан дийдорлашув соғлиғимни тиклашимга жуда яхши таъсир кўрсатди.

Фалокат содир бўлишининг сабабини сўраганда, у қисқа қилиб жавоб қайтарди.

– Конда илгари қазиш ишлари очиқ олиб борилган ва роса чуқурлашиб қолгач, туннел шаклида, шахта усулида давом эттирилган. Ёмғир­қор сувлари, тупроқ орасидан сизиб чиққан сув ичкарига уриб кетмаслиги учун насослар ёрдамида ташқарига чиқариб турилган. Эътиборсизлик туфайли бу насослар ишлатилмай қолган ва натижа шундай фалокат билан якунланди.

Россиялик шифокорлар назоратида узоқ вақт даволанган Алишер айни пайтда она Ватанида ўзи ҳис қилаётган меҳр ва эътибор оғушида тобора кучга тўлмоқда.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.