Иш билганни ишбилармон дейдилар

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Болтабой МАТҚУРБОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Амударё бўйларида деҳқончилик қилишнинг ҳам қулай, ҳам мураккаб томонлари бор. Қулай томони шуки, ерлар унумдор, экинларнинг ривожи яхши бўлади. Ерга тушган уруғ борки, бехато униб чиқади. Мураккаблиги – дарёнинг ўжарлиги. Буни дарё бўйларида деҳқончилик қилган деҳқонлар яхши билишади. Хонқаликлар бу борада жуда катта тажрибага эга.

Исломбек Хожиматов асли Хонқанинг Дурғадик қишлоғидан. Амударё бўйларида фермер хўжалигини ташкил этганига ўн уч йил бўлди. Шунча йилдан буён ҳар куни салкам 20 чақирим йўл босиб, хўжалигига келади, деҳқончилик қилади.

У раҳбарлик қилаётган “Ораста­Шохиста” фермер хўжалиги шоличиликка ихтисослаш­ ган собиқ “Ал­Хоразмий” давлат хўжалигининг Амударё қишлоғи ҳудудида жойлашган. Дастлаб 8 гектар ердан бошланган Исломбекнинг экин майдонлари 70 гектарга кенгайди. Жорий йилда 40 гектар ерга чигит қадаган уста деҳқон далаларида ғўзаларнинг ривожи баравж. Экилган чигитни тўлиқ ундириб олишга эришган фермер далаларида ғўзалар бегона ўтлардан тозаланиб, майдонлар уч марта ишловдан чиқарилди. Ғўзалари шоналаб, гул кўрсатаётган далаларга сув таралмоқда. 11 гектар ерга экилган ғалла эса пишиб етилди. 55 тонналик хирмон кўтариш мақсадида ўрим­йиғимга киришилди.

Исломбек Хожиматов – тадбиркор, ишнинг кўзини биладиган ҳақиқий деҳқон йигит. У фермер хўжалигида пахтачиликдан ташқари ўзига бириктирилган майдонларнинг 5,5 гектарига соя, 2 гектарига мош, бир гектарига фасол, 5 гектарига полиз ва 2 гектарига сабзавот экинлари эккан. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фермер хўжалигини кўп тармоқли қилишни ният қилиб, чорвачилик ва паррандачиликни ҳам йўлга қўйди. Айни пайтда хўжаликда парваришланаётган 15 бош қорамолнинг бош сони кўпайтирилмоқда. Бундан ташқари, фермер ҳудуд шароитидан унумли фойдаланиб, 2,3 гектар майдонда сунъий ҳавза қаздириб, балиқ етиштиришни ҳам мўлжалламоқда.

Деҳқонлар орасида шундай гап юради: “Мўл­кўл ҳосил етиштириб, эл дастурхонига тортиқ қилиб, пешона тери эвазига даромад топяптими, ҳалоли бўлсин!” Бу танти деҳқоннинг чапаничасига қилган эътирофи.

– Деҳқон учун бекаму­кўст келган йилни эслай олмайман, – дейди Исломбек Хожиматов. – Бир йили сув тақчил бўлса, бошқа йили кўп бўлади. Қайсидир йил баҳор яхши келса, куз ёғингарчиликларга бой бўлади. Яқинда вилоятда рўй берган туз бўрони ҳам табиатнинг инжиқликларидан бири бўлди. Мутахассислар ёрдамида бундай офатларга қарши зарур чораларни кўряпмиз. Қаловини топган деҳқон ютқазмайди. Ота­боболаримизнинг “Дарё бўйида бўлсанг ҳам сувни исроф қилма” деган нақлига амал қилиб, оби ҳаётни тежаб­тергаб ишлатишга ҳаракат қиляпмиз.

“Ораста­Шохиста” фермер хўжалиги пахтадан юқори ҳосил олувчи илғор хўжаликлар қаторида туради. Ўтган йилги меҳнатлари эвазига Исломбек “Дамас” автомашинаси билан мукофотланди. Фермер хўжалигида ишлаётган 15 нафар ишчи ҳам моддий рағбатлантирилди.

2017 йил натижаларига кўра фермер хўжалиги 360 миллион сўмдан зиёд соф даромад қилди. Олинган даромад эвазига 2 та трактор харид қилинди. Деҳқоннинг қаноти бўлган техника хўжаликда бўлганига нима етсин?!

Исломбекнинг турмуш ўртоғи, ўғил­қизлари ҳам далада меҳнат қилади. Бир­бирига кўмакдош, бир­бирига елкадош бўлаётган аҳил оила ҳалол меҳнатнинг самарасидан баҳраманд. Эл дастурхонининг тўкинлиги ва юрт равнақи йўлида заҳмат чекаётган Исломбекка топганинг ҳалолинг бўлсин, деймиз!

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.