Сангардак жозибаси

Сангардактоғ дараси ўзининг гўзал табиати, ўсимликлар дунёсининг рангбаранглиги, турфа ҳайвонот олами, минглаб булоқлару чашмалари билан машҳур. Бу ерда бир вақтнинг ўзида йилнинг тўрт фаслини кузатиш мумкин.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

“Сангардак” атамаси дастлаб Х аср тарихчи олими Муқаддасий маълумотларида учрайди. У Чағониён юрти ҳақида ёзиб, бу ердаги турар жойлар қаторида Сангардакни ҳам тилга олади.

Минг йилдан зиёд тарихга эга қадим манзил атамасининг келиб чиқиши борасида турлича фикр­мулоҳазалар юритиш мумкин. Хўш, “Сангардак” аслида нима деган маънони англатади? Муҳаммад Юсуф Баёнийнинг “Шажарайи Хоразмшоҳий” асарида “сангар” сўзи учрайди ва у истеҳком, мудофаа жойи, қўрғон, қалъа маъноларини англатади. Шу нуқтаи назардан мулоҳаза юритилса, “Сангардак” атамаси “сангар” ҳамда “дай”, “дак”, “дек” каби сифат қўшимчаларидан таркиб топган. Яъни истеҳкомдек жой деганидир. Агар Сангардак қишлоғининг атрофи тоғлар билан ўралган жой эканига эътибор берсак, у ҳақиқатан ҳам истеҳком мисоли манзилдир.

Изоҳли луғатлардаги фикрларга эътибор қаратилса, атамани форсий “санг” ва “ғирда”, “гирдак” сўзлари бирикмаси ҳам дейиш мумкин. Қадим форс­тожик тилида “гарда” сўзи учрайди. У қора тупроқли, тоши­тупроғи кўмирли жой маъноларини беради. Бундан хулоса шуки, “Сангардак” – атрофи тоғу тошлар билан ўралган, ихота қилинган, тоғу тошлар оралиғи деган маъноларни беради. Қора тупроқли жой ёки тоши ва тупроғи кўмирли манзил дейилган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Араб сайёҳи ва тарихчи олими Муқаддасий маълумотига кўра, Сангардак Чағониёндан бир кунлик йўл экан. Тарихчи ва шарқшунос олим, академик В.Бартольд эса қадим Сангардак рустоқи Сангардак ва Қизилсув дарёларининг қўшилиш жойлари атрофидалигини тахмин қилади. Бироқ бу ғояни қадимшунослар Ртвеладьзе ва Аршавскаялар рад этишади. Уларнинг фикрича, Сангардак Чағониён марказидан йигирма километрлар олисда, ҳозирги Юрчи қўрғонидан шимолроқда бўлган. Муқаддасийнинг “оралиқ бир кунлик йўл” деганига эътибор берилса, В.Бартольднинг юқоридаги кўрсатмаси мантиққа тўғри келмайди. Чунки Чағониён марказию юқорида тилга олинган дарёлар қўшилиш жойи пиёда учун деярли уч­тўрт соатлик масофа, бир кунлик эмас. Шундан келиб чиқиб, Муқаддасийда бугунги Сангардак тилга олинган дейишимиз мумкин.

Сангардак табиати бебаҳо манзил. Бу ердаги ден­ гиз сатҳидан икки минг метр баландликдан отилиб тушувчи шаршара табиатнинг ноёб мўъжизасидир. У 150 метр юксакликдан атрофдаги қояларга урилиб оқади. Сангардак ўзининг бош ўзанини 3800 метрлар баландликдаги ер ости сувларидан олади. Умумий узунлиги ўртача 106 километр атрофида. Денов тумани ҳудудига ўтиб, дарё Қизил сув номини олади ва Сурхон дарёсига бориб қўшилади. Сангардакдарёнинг умумий сув ҳавзаси 932 квадрат километр атрофида, деб тахмин қилинади. Сув оқими ҳажми табиий иқлим шароити, ёғингарчиликлар келиб чиққан ҳолда ўзгарувчан ва ўртача энг кўп йиллик сув сарфи бир сонияда 14,7 метр кубга боради. Камалак мисол товланиб, сачраётган зилол сув баҳри дилингизни очади. Ўзига хос овози асабни тинчлантириб, юракка қувват беради. Унинг суви совуқ бўлса­да, қанча ичилса ҳам саломатликка зиён қилмайди. Аксинча, вужудингизни тетиклаштиради.

Табиатнинг бу гўзал туҳфаси қиш фаслида ўзгача фусун касб этади. Шаршара музлаб, улкан сумалакка айланади. Ёз бошланиши билан бу ҳудуддан меҳмонларнинг қадами узилмайди. Кейинги йилларда шарша­ ра атрофида бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Натижада меҳмонларнинг кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришлари учун барча қулайликлар яратилди.

Шаршаранинг ўнг томонида, “Жавзо шаршара”си бор. У йилда бир марта, фақат жавзо ойида тоғ бағридан сизиб чиқади. Бурж ниҳоясига етганда шаршара суви ҳам ўз­ўзидан тўхтайди. Олимлар бу ҳолатнинг сирини ҳалигача билиша олмайди. Шаршаратоғ этагидаги митти булоқлардан эса йил бўйи сув оқади. Қизиғи, шаршаралар жойлашган тоғ чўққилари устида умуман музликлар ва тоғ кўллари йўқ. Улардан сўнг тоғ ўрмонлари ҳамда палахса­палахса харсанглардан иборат беҳисоб тепаликлар бошланиб кетади.

Бу масканнинг тўрт томонини ўрмонлар, осмонўпар қоялар ўраб олган. Бу ерда турлари камайиб бораётган дарахтлар бисёр ва бу Сангардактоғнинг асл ҳолатини сақлашда қўл келмоқда. Бинобарин, фарқ, заранг, писта, зирк, мурут каби мевали ҳамда туғдона, самбиттол ва оддий тол, тоғтерак, татум сингари ёғочбоп дарахтлар парваришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шаршара бағрида сум­

була ўтлари девор бўйлаб ўсиб ётибди. Унинг ҳар баргидан тинимсиз тўкилаётган маржон томчиларни кўриб ҳайратга тушасиз. Дарвоқе, бу ҳақда шундай ривоят ҳам бор: қадимда севганига эришолмаган сулув қиз тоғ шаршараси унгурига кириб ғойиб бўлади. Унинг майда ўрилган сочлари ўрнидан сумбула ўти ўсиб чиқади. Маржон томчилар эса ўша сулувнинг кўз ёшлари экан.

Шаршара атрофидаги тоғ ва сойларда доривор ўтларнинг 266 тури мавжуд. Мазкур ўсимликларнинг барчаси шифобахш. Улардан саломатликни сақлашнинг турли усулларида фойдаланилади.

Сангардактоғ қояларини минглаб ёввойи каптарлар уя қилиб олган. Улар қишинёзин шу ерда яшайди. Эрта тонгда какликларнинг овози ён­атрофни тутса, тоғ булбули навосидан ҳузурланасиз. Какку овози ҳар тарафдан қулоққа чалинади. Тоғ қорақуши, тоғтешар, зағча ва қарға, тоғ чумчуқ, кўк қарға, лочин, тоғ бойқуши, қўнғир айиқ, силовсин, тоғ эчкиси, бўри, тулки, қашқалдоқ, Осиё сариқ суғури, бурамашох кийик – барчаси бу ернинг ҳайвонот олами нақадар бойлигини кўрсатади.

Сангардактоғ шаршараси яқинида деярли текисликлар йўқ. Майдони оз бўлган текис жойлар бўз тупроқдан иборат. Энг тотли тоғ олмаси айнан шу манзилда ҳосил беради. Узоқ муддат сақлаш мумкинлиги учун ҳам Сангардак олмаси келгуси мавсумгача сақланиб, Самарқанд, Қарши, Навоий, Қўқон, Тошкент ва Бухоро бозорларида сотилади.

Ушбу ҳудуд теварагида Кенггузар, Нилу, Хўжаи Ҳубон, Сангардак, Чанглоқ, Боғча каби қишлоқлар бўлиб, аҳолисининг асосий турмуши чорвачилик ва боғдорчиликдан иборат.

Ҳа, Сангардак табиати ва шаршаралари воҳа ҳуснига ярашган хол. Қолаверса, бу ҳудуднинг сайёҳлик имкониятлари кенглигидан далолат беради.

Дилфуза ЖЎРАЕВА, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.