ПРЕЗИДЕНТ ИШОНЧИ – ҲАМ ШАРАФ, ҲАМ МАСЪУЛИЯТ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница -

Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи одамлар қалбида бугунидан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлади. Зеро, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси жойларда рўй бераётган улкан ўзгариш ва янгиликларда янада ёрқин намоён бўлмоқда.

Наргизахон АМИНОВА, Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

– Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг корхонамизга ташрифи бизни ғоят тўлқинлантириб юборди. Ишчилар билан мулоқот самимий ўтди.

Замонавий корхонамизда кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилиши натижасида ички ва халқаро бозорда харидоргир бўлган ўнлаб турдаги аёллар кийим-кечаги ва қишки либослар тайёрланмоқда. Айниқса, аёллар пальтоси юқори сифати, ўзига хос дизайни ва бежиримлиги билан ажралиб туради. Бу ерда йилига ўртача 45 минг дона аёллар пальтоси ишлаб чиқариш қуввати мавжуд. Ҳозирги кунда маҳсулотларимиз асосан МДҲ давлатлари ҳамда Исроилга экспорт қилинаётир. Ички бозорда ҳам корхонамиз маҳсулотлари бренд даражасига етган, деб бемалол айта оламиз.

Президентимизнинг корхонамизга ташрифи чоғида бизнес-лойиҳанинг иккинчи босқичи – жун аралашмали матолар ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Бу лойиҳа ҳарбий ва давлат хизматчилари кийимлари хомашёсини маҳаллийлаштиришни назарда тутади. Айни пайтда ушбу хомашё валюта ҳисобига четдан келтирилади. 2024 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳа йилига 2 миллион погонометр маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятини яратади.

Ташриф чоғида берилган топшириқлар асосида мутахассислар билим ва малакасини ошириш, хорижий давлатларда савдо уйлари очиш борасида ҳам аниқ тадбирлар белгилаб олдик. Президентимизнинг бу тавсиялари бошлаган ишимизнинг эртаси порлоқ эканига ишончимизни янада мустаҳкамлади.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.