Хирмон юксалмоіда, ґрим эса авжида

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница - Бозорбой БЕКМУРОДОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Истиқлолнинг илк йиллариданоқ ғалла мустақиллигига эришиш давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири этиб белгилангани бежиз эмасди. Албатта, ғалла мустақиллигига эришиш замирида дастурихонларимиз тўкинлиги, халқимизнинг фаровон ҳаёти мужассам.

Дон тайёрлаш, уни қайта ишлаш корхоналарида йирик модернизациялаш ва энг янги замонавий тегирмонлар қуриш ишлари жадал олиб борилгани натижасида уннинг сифати янада яхшиланиб, харидоргирлиги тобора ошиб бормоқда. Пештахталарни тўлдириб турган ширмойи нонлар ризқ-рўзимиз тўкинлигимиз рамзи.

Бугун ғаллазорларда комбайнлар наъраси, бошоқларнинг мавжланиши дон мўллиги, саховат ва баракотдан мужда беради. Механизатор-операторларнинг ғайрат-шижоати, турнақатор машиналар далаларда ишлар қизғин кечаётганидан нишонадир.

Ҳа, ғаллазорларда ўрим-йиғим ўзгача кўтаринкилик, мардоналик билан давом эттирилаётир. Сирдарё вилояти ғаллакорлари ҳам ўрим-йиғимга уюшқоқлик билан киришдилар. 280 дан ошиқ комбайнлар икки навбатда тўла қувватда ишлатилаётир. Ҳосил чўғи ҳам чакки эмас. Кунига 7400-7500 тоннадан ошиқ дон ўриб-янчилиб, омборларга ғамланаётир. Вилоят ғаллакорлари жорий йил 86600 гектар майдондан давлат омбор- ларига 191 минг 840 тонна сара дон ўриб-йиғиб топширишни ният қилганлар.

Ўрим-йиғим отрядлари ҳосилни нест-нобудсиз барвақт саранжомлаб олишга сафарбар этилмоқда. Саид Аҳмедов, Отамурод Жўратоев, Ўткир Ботиров, Орзимурод Ниятов каби операторлар бу йилги мавсумда ҳам бошқаларга ибрат бўлишмоқда. Улар кунига 80-100 тоннадан донни ўриб-янчиб, механизаторлар ўртасидаги беллашувда пешқадамликни қўлдан беришмаяпти. Эътиборлиси, ишчи гуруҳлари, энг аввало, қамиш, қора шўра босадиган майдонларда ўрим-йиғим ишларини ўтказиб, ҳосил ерга тўкилишининг олдини олишни қатъий назорат қилиб бораётир. Оператор ва донни ташиш гуруҳи аъзоларига иш ҳақи ўз вақтида тўлаб борилаётгани, моддий манфаатдорлик ўрим-йиғим суръатини янада оширмоқда.

– Иш ҳақи ҳар беш кунда ҳисоб-китоб қилинаётгани янада енг шимариб ишлашга ундаяпти, – дейди илғор оператор Отамурод Жўратоев. – Айни вақтда ҳар гектар ўрилган ғалла учун 300 минг сўмдан ҳақ олаяпмиз. Иш суръатини ошириб, кунига 80-100 тонна донни ўриб-янчиб бераяпман.

Ўрим-йиғимда Ховос, Сайхунобод туманлари ғаллакорлари айниқса, юқори суръатга эришмоқдалар. Ховосликлар бугунгача йиллик шартнома режасининг 42 фоизи миқдорида (7400 тонна) сара дон тайёрлашди. Сайхунободликлар топширган дон эса 7700 тоннадан ошди.

– Бор куч, эътиборни ҳосилни тез ва соз ўриб-йиғиб олишга қаратяпмиз, – дейди Ховос тумани “Машина трактор парки” МЧЖ раҳбари Ражаб Умрзоқов. – Айни дамда туман ғаллазорларида 39 та ўрим комбайни юқори суръатда ҳаракат қиляпти. Таъмирлаш бригадалари тўла сафарбар этилиб, зарур эҳтиёт қисмларнинг дала бошигача етказиб берилаётгани иш суръати, операторлар шижоатини янада оширмоқда.

Вилоятда ҳозиргача хирмонларга уюлган дон 50 минг тоннадан ошди. Вилоятда 350 дан зиёд фермерлик жамоаси давлатга дон сотиш шартнома режаларини ошириб бажариб, эндиликда қўшимча ҳосил топширмоқда. Улкан ғалла хирмони яратишни дилга туккан ғаллакорлар ўрим суръатига суръат қўшмоқдалар. Ўрим-йиғим тугагунча эса бу ният амалга ошиши, шубҳасиз.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.