Меµнатнинг самараси шу ойда билинади

“Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” давом этмоқда

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Хусусан, Ёзёвон туманидаги “Агросервис Такалик” фермер хўжалигида ғўзага ишлов беришда кескин бурилиш ясалганига гувоҳ бўлдик.

– Мамлакатимиз раҳбарининг селектор йиғилишида айтган сўзларидан ғоят таъсирландим, – дейди фермер Умаржон Қурбонов. – Дарҳақиқат, ўтаётган кун ғанимат. Зарбдор ойликда фидойиларча ишлаб, куну тун ғўзада кафолатли ҳосил яратишга ҳаракат қилмоқдамиз. 23,4 гектарга пахта, 2 гектарга картошка, 10 гектарга яқин майдонга бошоқли дон экканмиз. Бугун асосий эътиборни ғўза парваришига қаратдик. Сабаби, баҳор ойлари қурғоқчил келди. Сувга тақчиллик сезилмаса ҳам ҳосил зараркунандалари тухуми ҳар жойда кўзга ташланди. Шу боис шира, трипс ва ўргамчаккана пайдо бўлмасидан олдини олиш учун “ОВХ” билан ишлов бермоқдамиз. “Агрокимёҳимоя” туман филиали механизатори Умиджон Йўлдошев бу ишни сифатли адо этмоқда. Кўсак қурти капалагига қарши феромон тутқичлар қўйиш ишларини якунладик.

Фермер хўжалигига минерал ўғитлар ўз вақтида етказиб бериляпти. Ҳозиргача дала бошларига 4 жойда маҳаллий ўғит шарбати оқизиладиган ҳандақлар қазиб ўғитга тўлдирилди, ҳар гектар ерга зарур миқдорда минерал ўғит аралашмаси солинди. Энди суғоришга тайёргарлик кўриляпти. Чўлга яқин бўлган ер шароитида ғўза чанқамасдан сув қўйилса, тескари “самара” бериб қолиши мумкин.

Эрта экилган картошкадан гектарига 155 центнердан ошириб ҳосил олинди. Умаржон Қурбонов оиласи парваришлаган 3 қути қурт уруғидан 220 килограммдан ошириб ҳосил олингани оилага 3,5 миллион сўмдан ортиқ даромад олиб кирди.

Сув сарфини камайтириш мақсадида хўжалик аъзолари бу йил эгилувчан қувур ёрдамида суғориш усулини қўллашмоқчи. Сувчилар Аҳмаджон Ибрагимов ва Раҳмонберди Худойбердиев ғўзани об-то- бида суғориш бўйича яхши тажриба тўплаган.

... Далада туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғининг ўринбосари Мирзоабдулла Тожибоевни учратдик.

– Кўриб турганингиздек, туманда “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” мутахассис, фермерлар, сувчилар, механизаторлар ва барча деҳқонларнинг фидойилиги билан ўтяпти, – дейди М. Тожибоев. – Туман бўйича ғўза зараркунандаларидан шира, трипс, ўргамчакканага, кўсак қурти капалагига қарши тўхтовсиз иш олиб бориляпти. Айрим ҳудудлар тоза эса-да, ҳашарот пайдо бўлиши эҳтимоли аниқланиб, чора-тадбирлар кўриляпти. “Агрокимёҳимоя” туман филиали жамоаси самарали ишламоқда. Туман бўйича 5560 гектар пахта майдоннинг 2800 гектаридаги ғўзалар шоналади, қолгани 5-6 чин барг чиқариш палласида турибди. Ғўза зараркунандаларига қарши 24 ОВХ, 85 та қўл аппарати, 1 та биолаборатория ишлаб турибди. Сув танқислигининг олдини олиш мақсадида битта марказий ва 7 та ҳудудий штаблар ишлаяпти.

Ҳақиқатан, шу ой астойдил меҳнат қилинса, ҳосил шунга яраша бўлади. Ёзёвон туманидаги 287 та пахта етиштирувчи фермер хўжалигида “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” қандай ўтаётганини, албатта, ҳосил олингач билиш мумкин. бироқ ўйлаймизки, фидойилик билан қилинган меҳнат натижаси ёмон бўлмайди.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан ўтказилган селектор йиғилишида ғўза парвариши бўйича кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирларни ташкил этиш юзасидан муҳим топшириқлар берилганди. Бу топшириқлар Фарғона вилоятида масъулият билан амалга оширилаётганини...

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.