Жиззахлик заршунослар зафар маррасида

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Жиззах вилояти “кумуш тола” ижодкорлари 550 тонна ўрнига 556 тонна пилла тайёрлаб, республикамизда биринчилардан бўлиб йиллик шартнома режасини ортиғи билан бажарди.

“Silk expert processing” Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонасига Жиззах шаҳрининг Сайилжойи маҳалласидаги 1,12 гектар майдонга эга бўш турган қозонхона биноси “ноль” қийматда ажратилганди. Тут барги етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнларни ўз ичига олган йирик лойиҳа яқин кунларда ўз фаолиятини бошлайди. Маҳсулотлар тўлиқ экспортга мўлжалланган бўлиб, жорий йилда 2 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган. Чунончи, 2017-2021 йиллар давомида босқичма-босқич йилига 998 минг тонна барг бериш қувватига эга тут плантациялари юзага келтирилади.

Шунингдек, “Zomin Asl ipak Tolasi” МЧЖ йилига 600 тонна пиллани қайта ишлаб, ундан ипак ва момиқ ишлаб чиқаради. Маҳсулотлар тўлиқ экспортга мўлжалланган бўлиб, жорий йилда 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинади.

Эришилган муваффақиятларда тутзорларнинг кўпайтирилиб, озуқа базасининг мустаҳкамлангани, мавсумга малакали мутахассислар жалб этилиб, заршунослар учун зарур шарт-шароит яратилгани муҳим омил бўлди. Пиллачиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ихтисослашган замонавий пиллахоналар барпо этилди. Вилоятда пиллачилик соҳасида “кластер” усули қўлланилиб, жорий йилда 550 тонна пилла етиштириш бўйича фермерлар ва касаначилар билан юқоридаги икки корхона ўртасида шартномалар тузилди.

– Соҳада тажрибага эга қатор фермер хўжаликлари, касаначилар пилла парваришидек нозик ишни якунлаб, етиштирилган ҳосилни буюртмачиларга етказиб бермоқда, – дейди Жиззах “Агропилла” МЧЖ бош ҳосилоти Шерзод Аҳмадқулов. – Ипак қурти парваришида уларга етакчи мутахассисларимиз яқиндан кўмаклашди. Натижада ҳосилдорлик ортди. Айни кунгача тарқатилган 10 минг 100 қути ипак қуртининг ҳосили терилиб, корхоналарга 556 тонна пилла топширилди.

Мирзачўл, Зафаробод, Шароф Рашидов, Пахтакор туманлари пиллакорлари биринчилар қаторида пилла етиштириш бўйича шартномавий режани ошириб бажарди.

– Туманимиз бўйича 826 қути ипак қурти парваришланиб, ҳар қутидан 61 килограммдан “кумуш тола” олдик, – дейди Мирзачўл тумани “Агро-пилла” МЧЖ раиси Комил Бердиёров. – Фермер хўжаликлари ўзларининг зиммаларидаги режаларини ортиғи билан уддалашди. 45 тонна ўрнига 50 тонна сифатли хомашё қабул қилиб олдик.

Шароф Рашидов туманидаги “Мусурмон ота”, Пахтакор туманидаги “Чақмоқ Жаранги”, Арнасой туманидаги “Миллий бойлик” фермер хўжаликлари аъзолари ҳар қутидан 60-65 килограммдан ҳосил кўтардилар.

– Шартномадаги 200 ўрнига 212 килограмм пилла топширдик, – дейди “Мусурмон ота” фермер хўжалиги раҳбари Субинисо Бойматова. – Эътиборлиси, пиллани қайта ишловчи йирик корхоналар билан тўғридан-тўғри шартнома туздик. Унга кўра, корхона мавсум давомида керак бўладиган жиҳозларни етказиб берди. Натижада юқори сифатли хомашё етиштирилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан пилланинг янги навларини яратиш ҳамда ипак толасининг сифатини халқаро стандартлар талаблари даражасига олиб чиқиш, уни замонавий бозор тамойиллари асосида сотиш, қайта ишлаш жараёнини ислоҳ қилиш устувор вазифа этиб белгилангани соҳадаги муваффақиятларда муҳим омил бўлмоқда.

Зеро, бу қимматбаҳо хомашё шаҳар ва қишлоқлар ободлиги, саноат тараққиётида ўзига хос ўрин тутади. Бир тонна пилладан 350 килограмм ипак, 20 минг метр адрас, 13 минг метр атлас олиш мумкинлигини, умуман, пилла толасидан ўнлаб турдаги маҳсулот тайёрланишини эътиборга олсак, пиллакорларимиз эришган ютуқлар иқтисодиётимизнинг янада юксалишига хизмат қилиши яққол намоён бўлади.

Муқимбой ИСМОИЛОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.