Марказий Осиёда ягона

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев ҳамда Франция тараққиёт агентлигининг мамлакатимиздаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Рафаэль Жозан томонидан чиқиндиларни тартибга келтириш ва қайта ишлашга бағишланган келишув лойиҳаси имзоланди.

Таъкидлаш керакки, Франциянинг тараққиёт агентлиги ўз лойиҳалари билан Осиёдаги ривожланаётган давлатларнинг экологик ҳолатини ижобий томонга ўзгартишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўтган йиллар давомида агентлик таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув таъминотини яхшилашга қаратилган қатор лойиҳаларни молиялаштириб келган. Марказий Осиё минтақасида ягона ҳисобланган чиқиндиларни қайта ишлаш, атрофмуҳит тозалигини таъминлашга қаратилган ушбу лойиҳа 2020 йилгача Самарқанд вилоятида амалга оширилиши режалаштирилган.

– Лойиҳа доирасида биореактор яратиб, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш билан шуғулланамиз, – дейди Р.Жозан. – Лойиҳанинг умумий қиймати 37 миллион евро бўлиб, шундан 23 миллиони Франция тараққиёт агентлиги, 8 миллиони Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади.

Франция тараққиёт агентлигининг мамлакатимиздаги биринчи лойиҳаси ҳисобланган ушбу лойиҳа 2018-2020 йиллар давомида ҳаётга татбиқ этилади. Эътиборлиси, ушбу саъй-ҳаракатлар биохилма-хилликни асраб-авайлаш, тоза экологик ҳудудни кенгайтиришга хизмат қилади. Нуриддин БОЛИЕВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.