Ерга эксанг, бериб эк

Урганч туманидаги “Иброҳим-Фарида” фермер хўжалиги раҳбари Давронбек Ҳожиев дон қабул қилиш масканидан чиқаётганида туман ҳокими Отабек Бекчоновни учратди.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Болтабой МАТҚУРБОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

– Раҳмат сизга, – деди ҳоким қўлини маҳкам сиқиб. – Режани муваффақиятли уддаладингиз. Яна туманда биринчи, вилоятда олдингилар қаторида. Энди такрорий экинга ғайрат қилинг...

Давронбек қушдай енгил бўлиб даласи томон шошди. Йўл-йўлакай топширган ғалласини ўзича хомчўт қилиб кўрди. Ҳозирча топширган ғалласи 93 центнерданга тўғри келяпти. Ҳали 4 гектарлик дала ўрилгани йўқ...

Асли касби ҳайдовчилик бўлса-да, деҳқончиликнинг сир-синоатини пухта ўрганди. Туман мутасаддилари 2014 йилда унга ер таклиф қилишди. У рози бўлди. Оиласи, фарзандлари ва қариндош-уруғларини ёнига олиб, иш бошлади. Дастлабки йили 44 гектар ерга пахта ва буғдой экди. Гарчи режалар бажарилган бўлса-да, унинг бу ҳосилдан кўнгли тўлмади. Яна ўқиб ўрганди. Вилоятнинг номдор, уста деҳқонлари ҳузурига бориб, уларнинг иш тажрибаларини амалиётда қўллади.

Ерлар ҳосилдан бўшагач, биринчи иши карталарни йириклаштириш ва текислаш бўлди. Далалар теп-текис бўлгач, ерни маҳаллий ўғит билан тўйинтиришга киришди. Кейинги йилги ҳосил чакки бўлмади. Шу-шу йилдан-йилга ҳосилдорлик ошиб бораверди.

Мана, бу йил ҳам фермер ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажарди. Ўрилмай турган 4 гектарлик буғдойзор эса барча ишчи-хизматчилар учун яхшигина мукофот бўлади.

– Буни тажриба учун экдим, – дейди фермер. – Ҳали уч-тўрт кунлик вақти бор. Менинг мўлжалимча 120 центнердан ҳосил бериши керак.

Юқори ҳосилдорликнинг сабаблари билан қизиққанимизда фермернинг жавоби оддий бўлди: “Меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат! Уста деҳқонларнинг айтишича, ерга бериб эк, бермасанг экма. Мен ҳар доим мана шу олтин қоидага амал қиламан”.

ҲАМ ШОЛИ, ҲАМ БАЛИҚ

Бу усул Вьетнам технологияси асосида вилоятда ўтган йилдан бери қўлланиб келинмоқда. Буғдойдан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида шоли экилади. Бунинг учун биринчи галда дала текис бўлиши ва ҳамма жойда сувнинг бир меъёрда келиши талаб этилади. Дала текис бўлмаса, унинг ўрталаридан эгат олиш керак. Эгат эса балиқларнинг равон ҳаракатланишига таъсир қилади. Шунинг учун картанинг текис бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Давронбек ҳам бу усулни ўтган йили қўллаб кўрди. Натижа ёмон бўлмади. Шолизорлар ичига юборилган балиқ чавоқлари кеч кузга бориб 1-1,2 килограмм тош босди. Жорий йилда ҳам 3 гектар майдонга шолининг энг харидоргир навидан экиб, гектарига 3500 донадан балиқ чавоқлари ташлади. Дала четларининг 3-4 метр жойини чуқурроқ қилиб, балиқларнинг эмин-эркин ҳаракатланиши учун шароит яратди. Шу тариқа бир далада икки ҳосил бир-бирига халақит бермай ўсмоқда. Шолининг мўл ҳосил беришида балиқнинг роли, балиқнинг салмоқли бўлишида шолининг тутган ўрни жуда катта экан. Бу тажрибада исботланган усул.

– Мен бу усулни ўтган йили Янгибозор туманидаги “Хоразм фахри” фермер хўжалиги далаларида кўргандим, – дедим фермерга.

– Тўғри айтасиз, – деди у тўлқинланиб. – Ўша фермер хўжалигининг раҳбари Отабек қариндошимиз бўлади. Иккаламиз биргаликда бу ишнинг уддаси- дан чиққанмиз. ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ... Давронбек тиниб-тинчимас, янгиликка ўч йигит. Деҳқончиликда бирон бир янгиликни кўрдими, дарҳол даласида синаб кўради. У ўтган йили 15 гектар ерда интенсив боғ ташкил этди. Боғнинг катта қисмига ҳосилдорлиги юқори бўлган нок кўчатларини ўтқазди. Унумдор ерларга ўтқазилган кўчатларнинг ҳаммаси бехато униб, яхши ўсмоқда.

Булардан ташқари, фермер чорвачилик ва паррандачилик фаолиятини ҳам йўлга қўйганки, насиб бўлса, икки-уч йилда бу тармоқлар ҳам ривожланиб, фермернинг даромади янада кўпаяди.

Фермер хўжалиги аъзолари буғдойдан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида сабзавот, картошка, мош каби экинлар экишни ҳам бошлаб юборишган.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.