«Бухоро» миришкорлари маррада

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Арнасой тумани “Бухоро” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси ғаллакорлари вилоятда биринчилардан бўлиб давлатга ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажарди. Жорий йилда 374 гектар майдонда буғдойнинг эртапишар ва серҳосил “Таня”, “Кроснадар”, “Гром” навларини етиштирган деҳқонлар режадаги 760 тонна ўрнига 824 тонна дон топширди.

– Албатта, бу натижа осонликча қўлга киритилмади, – дейди хўжалик бош агрономи Қирон Раҳмонов. – Ғалла парвариши борасида давлатимиз томонидан кўрсатилган эътибор ва кўмак муваффақиятимизнинг бош омили бўлди. Соҳа ходимлари учун барча шароит яратиб берилди. Асосийси, доннинг харид нархи ошди. Бу ҳам меҳнатга бўлган муносабатни ўзгартирди. Пишиб етилган ҳосил нестнобуд қилинмасдан давлат омборларига етказиб берилди. Далаларимизда ҳали ҳосил мўл. Шу боис тажрибали деҳқонлар ва илғор фермерлар билан ўзаро кенгашиб, давлатга яна 50 тонна дон топширишни мақсад қилдик. Ғалладан бўшаган майдонларга эса такрорий экин экамиз.

Жорий йилги ноқулай об-ҳаво ва сув танқислиги шароитига қарамасдан, жонбозлик кўрсатган 19 нафар фермер хўжалигининг аксарияти юксак намуна кўрсатиб, 45-50 центнердан ҳосил олди. Айниқса, “Бўстон карчолони”, “Заркентлик Зафар”, “Нигина Болиқулова”, “Самарқанд лочини”, “Чўл зиёси” каби фермер хўжаликлари юксак натижаларга эришди.

– Бу йил 10 гектар майдонга буғдойнинг “Гром” навидан эккандик, – дейди “Самарқанд лочини” фермер хўжалиги раҳбари Жавлон Умиров. – Давлатга жами 27 тонна ғалла топшириб, режани ортиғи билан уддаладик. Бунда агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширганимиз муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, экин майдонларига етарли миқдорда маҳаллий ва минерал ўғитлар солдик. Суғоришни “шарбат” усулида амалга оширдик. Кимёвий минерал ўғитларни ҳам ўз вақтида сепдик. Бугун юзимиз ёруғ бўлди, меҳнатларимиз зое кетмади. Ҳали даламизда ҳосил бор. Энди даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади. Даромаддан ишчиларимизни ҳам рағбатлантирамиз, шунингдек, моддий-техник база- мизни мустаҳкамлаймиз.

Ер – хазина. Унинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш мўл ҳосил ва барака дегани. “Бухоро” фермерлари бу ҳаётий тамойилга қатъий амал қилмоқда. Айни кунда уюшмада ғалладан бўшаган майдонлар пешма-пеш шудгорланиб, такрорий экин экилмоқда. Муқимбой ИСМОИЛОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.