«50 нафар ма—алладошим тадбиркор бґлди»,

– дейди улуғнорлик Дониёрбек Нуралиев

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

“Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Усмонжон Сулаймонов билан суҳбатимиз қизигандан қизиди. Раис бува мулоқотимиз аввалида Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ёшу қарини бирдек қувонтираётганига алоҳида урғу берди. Унинг айтишича, маҳаллада тадбиркорлик сари интилаётган ёшлар анчагина. Уларнинг айримлари ўз фаолиятларини бошлаб қўйган бўлсалар-да, молиявий масалалар ечими борасидаги югур-югурларга бироз дош беришмаётган эди.

Ҳамроҳимиз бизни Носиржон Нуралиевлар хонадонига таклиф этди. Асли касби зоотехник бўлган хонадон соҳиби узоқ йиллар давомида хўжалик ҳамда туман миқёсида фаолият кўрсатган экан. У кичик ўғли Дониёрбекнинг паррандачиликка ихлоси борлигини пайқайди. Ота фарзандига оқ йўл тилар экан, хонаки товуқчиликнинг эртаси борлигига ишора қилди.

Бир муддат аввал бозордан 10 дона хонаки товуқ сотиб олиб иш бошлаган ёш тадбиркор бугунги кунда уларнинг бош сонини 500 тага етказди. Айни кунда товуқларнинг 100 таси тухум бермоқда. Куз бошига бориб кунлик тухум олишни 500 тага чиқариш мўлжалланмоқда.

– Яқинда маҳалламизга “Агробанк” ходимлари келишди, – дейди Дониёрбек Нуралиев. – Улар мамлакатимизда ишбилармонларга яратилаётган имконият ва берилаётган имтиёзлар ҳақида сўзлаб беришди. Тадбиркорликнинг кўплаб йўналишларини қамраб олган видеоролик намойиши давомида дастурда паррандачилик ҳам мавжудлиги кайфиятимни кўтариб юборди. Натижада эса шу ернинг ўзида 50 нафарга яқин маҳалладошим “Агробанк”нинг туман бўлими би- лан ҳамкорлик қилишга қарор қилишди. Биз турмуш ўртоғим Зулфияхон билан 2 та лойиҳа бўйича 34 миллион сўмлик кредит олишга аҳд қилдик ва ҳужжатларни тайёрлашга киришдик.

Сир эмаски, бозорларда хонаки товуқ гўшти ва тухумига бўлган талаб юқори. Хонадон шароитида шунча товуқни боқаётган ва даромадга кириб бораётган ёш йигитнинг ғайрат-шижоатини кўриб унга бўлган ҳавасимиз ортди. Дониёржон кредит олиши биланоқ алоҳида товуқхона қуришни ва паррандалар бош сонини 2019 йилнинг охирига қадар 10 мингтага етказишни мўлжалламоқда.

Дониёрбекка тенгдош маҳалладоши Жаҳонгир Шерматов балиқчилик билан шуғулланишни аллақачон бошлаб юборган. У аввал товар балиқ етиштириш билан шуғулланган бўлса, эндиликда уруғчилигини ўзлаштиришга киришди. Жаҳонгирнинг янги йўналишга қўл уриши бежиз эмас. Ушбу соҳага бўлган эътибор ёш тадбиркорни янгилик томонга етаклади. Вилоятда, қолаверса, Улуғнорда ҳам балиқ парвариши тараққиёт босқичида бўлиб, тадбиркорлар чавоқларни узоқ жойлардан олиб келишга мажбур бўлишмоқда. Шу жиҳатни ҳисобга олган Жаҳонгир балиқ чавоқлари етиштиришни йўлга қўйди. У ҳам шу борадаги лойиҳаси билан оилавий тарзда 34 миллион сўм кредит олишга ҳужжатлар тайёрлади ва банкга топширди.

Биз акциодорлик тижорат “Агробанк” нинг Улуғнор тумани бўлими бошқарувчиси Анваржон Исмоилов ҳамда кредит бўйича масъул Мирзоҳид Мамажонов билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича фикр алмашдик.

Улуғнор туманида 57 мингдан зиёд аҳоли бўлиб, 20 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Ҳар бир маҳалла кесимида Президентимизнинг мазкур қарори доирасида тарғибот ва тушунтириш ишлари режали тарзда олиб борилмоқда. Чунончи, реклама билан боғлиқ рангли буклетлар тарқатилди. Жамоат жойларида эса йўналишлар бўйича видеороликлар намойиш қилинди, тавсия этилаётган технологиялар, машина-механизмлар, асбобускуналар кўргазмаси ҳақида тушунчалар берилмоқда. Ҳозирга қадар 1600 нафардан зиёд аҳолидан таклифлар олинди. Уларни ўрганиш ва кредит ажратиш узвийлиги таъминланмоқда.

Давлат раҳбари қарорида қайд этилганидек, ҳар бир қишлоқда ёки маҳаллада маълум йўналишга ихтисослашув мавжуд. Масалан, “Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғинида бошқа ҳудудларга нисбатан иссиқхоналар тармоғи кенгроқ. Маҳалла раиси Ҳамдамбек Мирзаевнинг айтишига қараганда, иссиқхоналарда бодринг, помидор, лимон етиштириш ҳадисини олган миришкорлар талайгина. Шундан бўлса керакки, оқтомликлар айни шу йўналишда тадбиркорликни таш- кил этишга қарор қилишмоқда.

Тажрибали тадбиркор Машрабжон Расулов қишлоқда биринчи бўлиб лимон етиштиришга киришганлардан. Ҳозирда унинг иссиқхонасида 210 туп лимон кўчати бор. Ўтган кузда Машрабжон салмоқли хирмон кўтарди ва баракали даромадга кирди. Машрабжонга ҳавас қилган маҳалладоши Жаҳонгир Мирзаев ҳам лимон етиштиришнинг нозик томонларини ўзлаштирди. Энди у янада салмоқлироқ иссиқхона қуриш ҳаракатида. Унга эса банк молиявий кўмак беришга тайёр. Бундай мисолларни янада кўплаб келтиришимиз мумкин.

Маҳалла йиғини раисининг маслаҳатчиси Гулмирахон Мирзаева ана шу интилишларни ҳисобга олган ҳолда “Оқтом замин зийнати” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди. Ушбу янги тузилма бевосита аҳоли билан ҳамкорликда иш юритади. Иссиқхона қуриш, кўчат ва уруғлик етказиб бериш, етиштирилган маҳсулотни улгуржи бозорда сотишгача бўлган жараёнларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатади.

“Чўлобод” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам тадбиркорлик борасида ҳавасга, эътиборга муносиб ишлар талайгина. Бу ҳудудда ҳам иссиқхоналарни табиий равишда иситиш орқали эртаки сабзавотлар етиштириш яхши йўлга қўйилган. Ўнлаб тадбиркорлар фаолиятини янада ривожлантиришни орзу қилаётган- ликлари ҳақиқатдан йироқ эмас. Бугун Искандар Шерхонов, Абдулҳамид Абдураимов, Олимжон Абдулҳаев, Одинахон Қобулова каби тадбиркорлар ўз бизнес режаларини банкка тақдим этишди.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зоҳидахон Ҳасанова чўлободликларнинг фахрига айланган тадбиркор Азизбек Жалолиддиновнинг ташаббуси ҳақида сўзлаганда бағрикенгликнинг ёрқин тимсолини ҳис этдик. Маҳаллада 49 та кам таъминланган, 156 та ёш оила бор. Ҳозирда вилоятдаги энг йирик паррандачилик мажмуаси эгаси бўлган Азизбек Жалолиддинов ҳам тадбиркорликнинг оғир-енгилини бошидан ўтказганлардан бири. Унинг корхонаси босқичма-босқич кенгайиб бормоқда ва ишчиларининг кўпчилиги маҳалла ёшларидан иборат.

Бугун-эрта яна бир бино қурилиши ниҳоясига етади. Азизбек ўша жойга маҳалладошларидан 30 нафарини ишга олиш баробарида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишларига шароит яратиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Яъни, ҳар бир ёш 4 миллион сўмдан кредит олади. Олинган кредитга яраша жўжа ажратилади ва бир жойда парвариш қилинади. Жўжа парвариши ўта нозик иш бўлиб, у ҳамиша барқарор махсус озуқа таъминотига эга бўлиши, доимий ветеринар назорати остида парвариш қилиниши боис, бу муҳим аҳамият касб этади.

Улуғнор тумани ҳокимлиги фойесида тадбиркорлар учун алоҳида кўргазма майдони мавжуд. Тадбиркорликни ташкил этиш истагида бўлганларга маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Энг қизиқарли жиҳати шуки, унда “қаддини ростлаб олган тадбиркорлар” ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда, биз айни шу жойда “Агробанк” акциядорлик тижорат банки республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Рустамжон Маматқуловнинг бир гуруҳ тадбиркорлар билан мулоқотда эканлигига гувоҳ бўлдик. Улар сафида фахрий тадбиркор Абдуғаффор ота Абдуллаев ҳам бор эди.

– Яқиндагина Президентимиз Андижонга ташрифи давомида Улуғнорда ҳам бўлиб вилоят фаоллари билан йиғилиш ўтказдилар, – дейди Абдуғаффор ота. – Аввало давлатимиз раҳбари туман марказидаги Шаҳриобод маҳалласида бўлиб “Обод қишлоқ” дастури бўйича амалга оширилган ишлар билан танишдилар. Бугун туманимиз маркази гўзал шаҳарча қиёфасида. Унинг бу қадар обод бўлишида тадбиркорларнинг ҳам ҳиссалари бор. Албатта, тадбиркорнинг кўпайиши элнинг, юртнинг обод бўлишидир.

Қобилжон АСҚАРОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалда

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.