УруІчиликка жиддий эътибор іаратиш

давр талаби эканлигини }аётнинг ґзи исбот этмоіда

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Бозорбой БЕКМУРОДОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Президентимизнинг жорий йил 17 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ғўза уруғчилиги республика маркази ва Бошоқли дон экинлари уруғчилиги республика маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази, ҳудудларда эса ушбу марказнинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди.

Уруғчиликни ривожлантириш маркази жамоаси зиммасига қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, ғўза ва бошоқли дон экинлари уруғларини тайёрлаш, улардан фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, маҳаллий ва хорижий селекция навлари, хусусан, биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш, тармоқ корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини тайёрлаш, уруғчилик соҳасида илмий ва тажриба экспериментал тадқиқотларни олиб бориш, халқаро ва миллий органлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш, ушбу соҳадаги ноу-хауларни жорий этиш каби вазифалар юклатилган бўлиб, бу улардан катта масъулият талаб этади.

Айтиш мумкинки, яратилаётган навлар келгусида ривожланган давлатларникидан асло қолишмайди ва ҳар хил яроқсиз навларнинг асоссиз кириб келиши, татбиқ этилишининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази раҳбари Улуғбек Тошпўлатовнинг вилоятда янги ташкил этилган “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” Давлат унитар корхонаси ҳудудий бошқармаси ишчи-хизматчилари билан ўтказган суҳбати, мулоқотларида ҳам уруғчилик тизимини такомиллаштириш борасидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Марказ раҳбари Боёвут туманидаги “1-Боёвут”, Гулистон туманидаги “Уч Қаҳрамон” элита уруғчилик лабораториялари ҳамда “Оқолтиндон” маҳсулотлари АЖнинг уруғлик цехи ишчи-хизматчилари билан учрашиб, лаборатория ва цехларда яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Соҳа ходимларини уруғчиликка доир янгиликлардан хабардор қилди ва тизимда ҳал этиш лозим бўлган муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўтказилаётган учрашув ва олиб борилаётган мониторинг таҳлилларидан шуни англаш мумкинки, бугун ғўза ва ғалла уруғчилигини яхшилаш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, уларни экпортга йўналтириш қишлоқ хўжалигида биринчи даражали вазифа этиб белгиланган. Шундай экан, жаҳон андозаларига жавоб берадиган уруғларни тайёрлаш ва экин майдонларига жойлаштириш давр талабидир. Бинобарин, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, белгиланган вазифалар ҳар бир мутахассис ва деҳқон зиммасига катта масъулият ва мажбурият юклайди.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.