Халі іабулхоналарида

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Муҳаббат ЭЛИБОЕВА Қашқадарё вилояти

Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, аҳолини қийнаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Халқ қабулхоналари дунё ижтимоий-сиёсий жараёнларида ўзига хос янгилик бўлиб, давлат ва жамият ўртасида кўприк вазифасини ўтаяпти.

Фуқаролардан тушаётган шикоят ва аризалар қабулхоналар томонидан тезкорлик билан ўрганилиб, жойларда ташкил этилган секторлар раҳбарлари иштирокида ҳал этилиши фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Хусусан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора­тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан Қашқадарё вилояти Халқ қабулхоналари томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилги статистик маълумотларга назар ташласак, вилоят бўйича жами 6325 та мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг 1561 таси бевосита вилоят Халқ қабулхонаси, 4764 таси Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари ва туман Халқ қабулхоналарига йўлланган. Мурожаатлардан 2923 таси, яъни 56,6 фоизи қаноатлантирилган, 2144 таси бўйича тегишлича тушунтиришлар берилган, 66 таси рад этилган ва 24 таси кўрмасдан қолдирилган ва тугатилган. Шу ўринда савол туғилади. Фуқароларнинг қайси мазмундаги мурожаатларига нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилиши, кўрилмай қолдирилиши ёки рад этилиши мумкин? Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Давлат Имомов саволимизга шундай изоҳ берди: – Амалдаги қонунларга биноан, агар фуқаро бир мазмундаги мурожаатнома билан аввал ҳам мурожаат этган ва тўлақонли жавоб олган бўлиб, такроран мурожаат қилса, унга яна қайта жавоб бериб тушунтириш ишлари олиб борилади ёки ариза кўрмасдан қолдирилади. Шунингдек, имзосиз, аноним мурожаатлар ёхуд ваколати бўлмаган бошқа шахслар томонидан қилинган мурожаатлар рад этилиши мумкин. Вилоят бўйича келиб тушган жами 6325 та мурожаатнинг 4841 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали келган бўлиб, уларнинг 1961 таси ёки 51,9 фоизи қаноатлантирилган. 1484 таси бевосита Халқ қабулхоналарига берилган. Виртуал қабулхона орқали берилган мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27977 тага, Халқ қабулхоналарига тушган мурожаатлар сони эса 1484 тага камайган.

Хўш, бу статистик маълумотларни биз нега келтиряпмиз? Аризалар ўрганилиб, жойларда фуқароларнинг муаммо ва камчиликлари ўрганилса, халқ дардига қулоқ тутилса, амалий ёрдам натижасида аҳвол ўнглансагина шикоятлар камаяди. Юқоридаги маълумотлар эса бу жараёнда ишлар бироз бўлса­да яхшиланиб бораётганидан дарак бермоқда.

Муборак тумани “Янги Қорақум” МФЙ аҳолиси номидан фуқаро Ф.Шарипов туман Халқ қабулхонасига ичимлик суви муаммоси юзасидан мурожаат қилади, ушбу муаммо туман миқёсида ҳал бўлмагач, вилоят Халқ қабулхонасига мурожаат этади. У ердаги мутасаддиларнинг аралашуви билан намунали уйларга сув қувурлари қайтадан уланиб, 515 та хонадон аҳолиси ичимлик суви билан таъминланди.

– Айрим мутасаддилар ҳамон бугунги ўзгаришлар замонини тўла ҳис этолмаяпти, – дейди биз билан суҳбатда вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Абдуҳалим Холмаҳматов. – Мурожаатларни кўриб чиқишда масъулиятсизликка йўл қўйган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласида 48 марта таклиф киритилган бўлиб, уларнинг натижалари бўйича жами 50 нафар мансабдор шахсдан 10 таси маъмурий, 37 таси интизомий, биттаси жиноий жавобгарликка тортилди, 2 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Кўриниб турибдики, жойларда ҳали ечилмаган муаммолар, камчиликлар бор, фуқаролар эса ўзларини қийнаётган масалада ёрдам сўрамоқда. Бу секторлар мутасаддиларидан халқ дарди билан яшашни, Президентимиз таъбири билан айтганда, халқни рози қилишни талаб этади.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.