Андижонлик фермерлар дон тайёрлаш бўйича шартнома режасини ортиғи билан адо этдилар

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница -

Вилоятда 78 минг 200 гектар майдонда бошоқли экинлар парвариш қилинди. Шартнома бўйича 244 минг 200 тонна ғалла тайёрланиши белгиланиб, амалда салкам 290 минг тонна буғдой тайёрлов корхоналарига етказиб берилди.

Айтиш жоизки, бу қадар салмоқли дон ва даромад биринчи марта олинди. Ғалла майдонлари қисқариб бораётган бир шароитда бу қадар залворли натижага осонликча эришилмади, албатта. Пахта йиғим-теримининг чўзилиб кетиши, қишнинг илиқ келиши оқибатида буғдой майсаларининг тиним даврини тўла ўтамаганлиги ва бошқа сабаблар парваришни шароитдан келиб чиққан ҳолда омилкорлик билан олиб боришни тақозо этди.

Агротехник тадбирлар жараёнида қаерда ишни ўнглашга туртки берадиган тажриба бўй кўрсатган бўлса, уни атрофга ёйиш, натижасини кўриш бошоқлар ранг олгунга қадар давом этди. Бугун эса ҳамманинг юзида қувонч, кайфият эса ундан-да баланд.

БАЛИҚЧИЛИКЛАР ШИЖОАТИ

Ушбу туманда деҳқончилик маданияти борасида ўзига хос тажриба мактаби бор. Мазкур мактабни яратишга тамал тоши- ни қўйган миришкор деҳқонлар ўз вақтида республикамиз миқёсида эътироф этилганлиги ҳам ҳақиқат. От ўрнини той босади, деганларидек, бугунги фермерлар мавжуд мактаб тажрибасини янада бойитишга, ютуқларни бирга баҳам кўришга интилишмоқда.

Соҳибахон Худойбердиева бошқараётган “Коинот” фермер хўжалиги шартнома мажбуриятларини бажаришда ҳамиша пешқадам. Хўш, бунинг сири нимада? Тажрибали деҳқон бўлмиш меҳнат фахрийси Аҳмаджон ота Ҳожиев билан суҳбатимиз давомида бир неча бор Соҳибахоннинг номи тилга олинди. Устознинг таърифи шуки, Соҳибахонда аввало шижоат бор. У ҳеч қачон бугунги ишни эртага қўймайди, ҳамиша дала кезади. Механизатор ёки сувчи билан бирдек нафас олади. Ҳар қандай масалани ишнинг устида ечишга одатланган. Натижадан ҳамма бирдек манфаат кўришини истайди.

Туманда биринчи бўлиб ўрим-йиғимни бошлаб берган фермер икки иш кунида шартнома режасини бажарди. 29,1 гектар майдон ҳисобига дон корхонасига 119,3 тонна ғалла топширди. Хўжалик хирмонида эса 90 тонна дон қолди.

Ғалла мавсумида наинки Андижонда, ҳатто республикада илғорлик қилаётган балиқчилик фермерлар ҳар гектар ер ҳисобига 40 центнердан давлатга дон сотганликлари уларнинг ер билан тиллашиш борасидаги маҳоратидан даракдир.

“ОЛТИН”НИНГ ЮКСАК ХИРМОНИ

Пахтаобод туманидаги “Олтин” фермер хўжалиги раҳбари Аброр Эгамов ҳосилдорлик борасида вилоятда пешқадам. Унинг даласида парвариш қилинган “Первица” нави гектарига 80 центнердан ғалла бердики, бу қадар салмоқли хирмон яратган Аброрнинг номи фермерлар орасида оғизга тушди. 20 гектар ғаллазордан хўжалик комбайнчиси Тожиддин Отақўзиев 160 тонна дон янчиб олди. Етиштирилган дондан 90 тоннаси тайёрлов корхонасига етказиб берилди. Шундан 70 тоннаси эса уруғликка қабул қилинди ва хўжалик даромади ортишига ижобий туртки берди.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.