КЛАСТЕР ни ривожлантириш омиллари

Агросаноат соҳасида бунинг аҳамияти қай даражада?

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Маълумки, ҳозирги кунда юртимизда 51 фоиздан зиёд аҳоли қишлоқ жойларда яшайди. Бироқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 17 фоиздан ошмайди. Аграр соҳа маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми эса 10 фоизга ҳам етмайди. Ҳолбуки, ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 50 фоиздан ортиқни ташкил этади. Шу муносабат билан қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш лозим”, дея алоҳида таъкидланган.

Албатта, бу бежиз эмас. Маҳсулотни қайта ишлаш, уни хомашё тарзида сотишдан кўра бир неча баробар кўпроқ даромад беради. Саноатни йўлга қўйган тадбиркорлик субъекти фаолият ҳамда молиявий самарадорликда бошқалардан ажралиб туради. Шу мақсадда ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш стратегиясида хомашёвий иқтисодиётдан кластер иқтисодиётига ўтиш масаласи илгари сурилган.

Шу ўринда кластер тизими хусусиятларига изоҳ берадиган бўлсак, бу – маҳсулотнинг рақобатбардошлилиги ва минтақа иқтисодий ўсишини таъминлаш учун илмий ва молиявий муассасалар билан ҳамкорлик қилаётган корхоналарнинг ҳудудий-соҳавий кўнгилли бирлашмалари; бир-бирига яқин жойда ўрнашган ва бир-бирига боғлиқ ҳамда бир-бирини тўлдирадиган корхоналар гуруҳи; ўзига тўқ, тараққий этаётган ташкилот.

Юртимиз шароитида, тупроқ-иқлим ҳудудларига мувофиқ, деҳқон хўжаликлари ва йирик аграр фирмаларнинг дончилик, дончилик-чорвачилик, қўйчилик-йилқичилик, қўйчилик-қоракўлчилик, сутчилик, гўшт-сутчилик, сабзавотчилик ва полизчилик, пахтачилик, узумчилик, мева-резаворчилик ва бошқа ихтисослашган турлари мавжуд бўлиб, улар кластерларни шакллантиришнинг асосий омиллари саналади.

Шунингдек, мамлакатимиз агросаноат мажмуаси таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур секторда маҳаллий (туман) даражада ишлаб чиқариш кластерлари ҳамда вилоят даражасида минтақавий кластерлар фаолиятини ривожлантириш мумкин, деган хулосага келинади. Хусусан, АСМнинг 157 туман кластерлари, 26 та туманлараро, 11 та йирик минтақавий кластерлари, шу жумладан, йирик шаҳарлар атрофида 119 та агросаноат кластерларини ташкил этиш мумкин.

Эътиборлиси, барча агросаноат кластерлари ички ва ташқи бозорга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради. Ялпи ички маҳсу- лотни икки ёки уч баробар ошириб, меҳнат унумдорлигининг ўсишини ҳамда минтақаларнинг сармоявий (инвестицион) жозибаси яхшиланишини таъминлайди, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Теранлилик ва мураккаблиликка қараб кластерлар турли шаклларни олади. Бироқ, асосан тайёр маҳсулот ёки сервис компаниялари, ишлаб чиқаришнинг ихтисослаштирилган омиллари, компонентлар, машиналар, сервис хизматларини етказиб берувчилар, молия институтлари, ҳамкор тармоқларда фаолият кўрсатадиган фирмаларни қамраб олади. Шу билан бирга, кўп ҳолларда қуйи тармоқларда ишловчи фирмалар, қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, савдо уюшмалари ва хусусий сектордаги бошқа қўшма тузилмаларни ўз ичига олади.

Кластерлар ривожланган иқтисодиёт шароитларида бўлгани каби, ривожланаётган иқтисодиёт шароитларида ҳам фаолият кўрсатади. Бироқ улар иккинчи ҳолатда дурустроқ тараққий этган бўлади. Улар ҳажм, қамровнинг кенглиги ва ривожланганлик даражаси билан фарқланади.

Тадқиқотларимиз натижалари шуларни кўрсатмоқдаки, кластерлар инновациялар билан узвий равишда боғлиқ. Фирмалар кластерда янги технологияларни жорий этиш, иш услубларини яхшилаш ва мақбуллаштириш, маҳсулот, хизматларни етказиб беришни амалга оширишда афзалликларга эга бўлади. Кластерлар иннова- цияларга нисбатан мослашувчан ва тезкорлик билан жавоб бериш имконини беради. Кластер доирасида янги ишлаб чиқариш линияси бўладими, жараёнми, етказиб бериш моделими, бундан қатъи назар, янги компонентлар, хизматлар, асбоб-ускуна ва инновация- ларнинг бошқа элементлари учун манбаларни тезроқ топа олади.

2017-2021 йилларда кластерларни ривожлантиришга оид лойиҳада Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятларида пахта кластерини амалга ошириш ғояси маъқулланган. Маълумки, ҳозиргача мазкур вилоятларда пахта хомашёси ё экспорт қилинарди ёки ундан пахта толаси ишлаб чиқиларди. Эндиликда бу ҳудудларда хомашёдан тортиб, сифатли тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни амалга ошириш юзасидан ишлар олиб борилаётир.

Ўзбекистонда кластерларнинг самарали ишлаши ва ривожланиши учун қуйидагилар тавсия этилади: тармоқ ва кластер тузилмалари ҳамда технологиялари асосида юртимизда бизнеснинг рақобатбардошлилигини ошириш стратегиясини яратиш. Кластер тузилмаларини шакллантириш учун меъёрий ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш (бунда экологик тоза маҳсулотни ишлаб чиқариш ва аҳолига мақбул яшаш муҳитини яратиш шартлари кўзда тутилади); Ноҳукумат ташкилотлари, бошқа ишбилармонлар уюшмаларини жалб қилган ҳолда кластерларни ташкил этиш учун шарт-шароитларни яратиш; Кластер тузилмаларининг самарали ривожланиши учун давлат хизматлари вакиллари, фирмалар, илмий-тадқиқот марказлари ходимларини тайёрлаш ва уларни хабардор этиш юзасидан чора-тадбирларни белгилаш.

Минтақа даражасидаги кластерларнинг фаолият кўрсатиши ва уларнинг ривожланиши учун муҳим кўрсаткичлар тизими мавжуд бўлиб, уларга қуйидагилар киради: тармоқларни жадал шакллантириш учун имкониятларнинг мавжудлиги; кластерларни яратишда юқори тадбиркорлик фаолияти ва ғайрат; инновациялар ва ходимларни ўқитишнинг юқори салоҳиятли имкониятлари; истиқболларни жамоа бўлиб кўра олиш ва мураккаб лойиҳани бошқариш қобилияти.

Кластерларни ташкил этишда қуйидаги йўналишлар бўйича таҳлил ўтказиш мақсадга мувофиқдир: мазкур сектор ёки мўлжалланаётган кластер минтақасида иштирок этаётган корхоналар, муассасалар ва ходимлар сони ҳамда таркибини; кластердаги аъзоларнинг салмоғи, уларнинг минтақа ва мамлакатдаги салмоғини; технологик жараённинг бутун тизими бўйича даромад ва харажатларнинг нисбатини; кластернинг ўрта ва узоқ келажакда ўсиш суръатларини аниқлаш.

Кластер моделлари Ўзбекистондаги шароитларга қуйидаги механизмлар орқали мослашади: Демократик фуқаролик жамиятини мақбул давлат, жамоат институт- лари ва тузилмаларини ташкил этиш, шунингдек, жамиятнинг барча аъзолари турмуш даражасини оширадиган, жамиятнинг барча қатламлари ва фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий манфаатларини уйғунлаштириб, мувозанатлаштирадиган ҳамда билим даражасини оширадиган хусусий ва жамоат қадриятларини яратиш;

Фуқаролар менталитети ва тадбиркорлик субъектларининг иш кўришини “аввал инсон ва иш манфаатлари, сўнгра давлат манфаатлари” принципига асосан ўзгартириш, фуқароларда хусусий мулкка нисбатан ижобий муносабатни янада кучайтириш;

Иқтисодиётни тармоқ ва ҳудудий кластерларни ташкил этиш орқали ҳамда ахборот алмашиш афзалликлари ва ҳокимият идораларининг бизнес-тузилмалар билан ҳамкорлиги орқали ривожлантириш;

Товар ишлаб чиқарувчилар ва, айниқса, кластер бирлашмалари иштирокчиларига солиқ, божхона, кредитлаш, турли сармояларни жалб қилиш борасида афзаллик ва имтиёзлар бериш орқали давлат томонидан қўллаб-қувватланишини такомиллаштириш.

Хулоса қилиб айтганда, кластер тизимини кенг миқёсда йўлга қўйиш бугунги кун талаби, иқтисодий кўрсаткичларни мустаҳкамлаш ва фаолликни ошириш, юксак технологиялар тармоғини ривожлантириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини барқарорлаштириш омили бўлиб, мазкур йўналишдаги ишлар изланиш, интилиш ва фидойиликни талаб қилади.

Ю.ДОДОБОЕВ, Иқтисод фанлари доктори, профессор.

БАРЧА АГРОСАНОАТ КЛАСТЕРЛАРИ ИЧКИ ВА ТАШҚИ БОЗОРГА ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ЕТКАЗИБ БЕРАДИ. ЯЛПИ ИЧКИ МАҲСУЛОТНИ ИККИ ЁКИ УЧ БАРОБАР ОШИРИБ, МЕҲНАТ УНУМДОРЛИГИНИНГ ЎСИШИНИ ҲАМДА МИНТАҚАЛАРНИНГ САРМОЯВИЙ (ИНВЕСТИЦИОН) ЖОЗИБАСИ ЯХШИЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.