Пиллачилик

энди оісамайди

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ҳамиджон БУРҲОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Ёзёвон туманида 2006 йилдан бошлаб тутлар кесила бошланди. Пиллачиликка панжа орасидан қаралаётганига ҳамма ҳайрон эди. Ҳар йили пилла қурти парваришлаган хонадон соҳиблари касбларидан ажраб қолган, кимга арз қилишни билишмасди.

– Бу туманда пилла тайёрлашнинг кескин камайиб кетишига олиб келди, – дейди “Ёзёвонагропилла” МЧЖ раҳбари Йўлдошали Исабоев. – Пилла етиштириш, тут кесишга қарши курашиш ва янги тут кўчатларини экиш ишлари сусайди. Шу тариқа ўн беш йил пилла тайёрлаш режаси бажарилмади, бунинг сабабини биров сўраб, биров сўрамади. Охирги йиллари ҳосил янада пасайди. Отам шу соҳага раҳбарлик қилган йиллари туман 350 тонналик маррага эришганди. 2014 йили мени пиллачилик идорасига раҳбар этиб тайинлашди. Бош қотди, уялиб қолмасмиканман, деган андиша бор эди.

Кишида, аввало, шахсий масъулият, истак, ирода етишмас экан, янада баттарроқ бефарқлик юзага келиши турган гап. Шуни англаган Йўлдошали туман ҳокимиятига, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими масъулларига таянган ҳолда белни маҳкам боғлади.

...Туман ҳокимлиги томонидан тузилган комиссия Қатортол, Ёзёвон, Янги бўстон қишлоқларида пилла қуртининг асосий озуқа базаси – 5000 тупдан ортиқ тут дарахтлари айрим фермерлар томонидан кўчириб ташлангани аниқланди. Уларга янги тут кўчатларини экиш бўйича кўрсатмалар берилди. Акс ҳолда кескин чора кўрилиши эслатилди. Ишлар бирдан жадаллашди.

2016 йил кузидан бошлаб “Шарқ юлдузи”, “Фар-Ботир 2002”, “Беш тол”, “Билол”, “Фар-Ботир” фермер хўжаликларига қарашли ерларга 12 минг тупдан зиёд янги тут кўчатлари экилди. Уватлар, дала йўллари, ариқ-зовур ёқасига экилганидан ташқари, туман ҳокими қарори асосида алоҳида плантациялар барпо этилди.

Айниқса, пиллачилар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида уларнинг мавсум давомидаги фаолияти бир йиллик меҳнат стажига ўтиши белгилангани пиллачиларни руҳлантириб юборди.

...Хонобод қишлоғи ҳудудидаги “Фар Эгамёр” фермер хўжалиги 20 қути қурт уруғи парваришлаш тўғрисида шартнома тузди. Саъй-ҳаракатлар самара бериб, улар ваъдаси устидан чиқишди. 1,5 тонна юқори навли пилла ҳосили териб олиниб, қабул пунктига топширилди. Албатта, чилги ҳосил катта даромад ҳам олиб келди. Ўн йилдан ортиқ тажриба тўплаган фермер пиллачиликнинг истиқболи учун қаттиқ курашди. 10 гектар ердаги тут плантациясида захи- ра таъминланди. Бу тутлар билан бундан кейин яна иккинчи қурт, иложи бўлса, учинчи қуртни ҳам тутиш мумкинлиги исботланди. Жорий йилнинг 10 июнидан иккинчи қурт уруғи жонлантирилиб, қуртбоқарларга тарқатилди. Ҳозирги кунда тажриба тариқасида 100 қути қурт уруғи парваришланяпти. Мутахассисларнинг диққат-эътибори иккинчи ҳосилни ҳам мўл бўлишини таъмин этишга қаратилган.

Туманда 125 гектар ерда тут плантациялари яратилгани соҳани ривожлантириш истиқболини белгилаб берди. Жорий йилда ҳудуддаги тут плантациялари “Ёзёвон агропилла” МЧЖ ихтиёрига ўтказилди.

– Уларни ҳар битта қурт боқувчига бир гектардан бўлиб беришни режалаштирганмиз, – дейди “Ёзёвон агропилла” МЧЖ раҳбари Йўлдошали Исабоев. – Шунда пиллачиларга кўпроқ манфаат етади. Тут қаторлари ўртасига бошқа озиқовқат экинларини экиб, қўшимча даромад ҳам олиш мумкин.

Ипак қурти парваришлайдиган 9 та ҳудудга пиллачилик агрономи бириктириб қўйилган. Хонобод қишлоғи бўйича Азизбек Болтабоев 240 қути қурт уруғини жонлантиришдан тортиб то ҳосилни йиғиб-териб олишгача бўлган ишларни талаб даражасида бажарди. Унинг участкаси ҳар қути қурт уруғидан 73,4 килограммдан ҳосил олди, баъзи пиллачилар ғайрати сабаб бу кўрсаткич 80-90 килограммдан ҳам ошди.

Иштирхон МТП бўйича участка агрономи Раҳимахон Машрапова 94 қути қурт уруғи парваришлашга масъул эди. У ҳар қутидан ўртача 61 килограммдан ҳосил етиштиришга эришди. Қоратепада Аҳаджон Назаров 174 қути қурт уруғи парваришлаган қурт боқувчиларга агротехника қоидаларига қатъий амал қилиниши лозимлигини уқтириб борди. Натижада участка бўйича ўн тоннадан ортиқ ҳосил етиштирилди.

Тўққиз йиллик тажрибага эга Ойшахон Ибрагимова тўрт йилдирки, бош агроном. Қуртхоналар ҳароратини мўътадил сақлаш, баргдан узилиб қолмаслик, ўз вақтида даста қўйиш ишларининг аҳамияти ҳақида пиллачиларга кўп тушунтиради.

– Узоқ йиллардан бери ишлайман, лекин бу йилдагидек пилла ҳосили мўл етиштирилганини кўрганим йўқ, – дейди Ойшахон Ибрагимова. – Мана, яна элга қут-барака келди, ҳар йили пилла етиштириш кўпаяверади, пиллачилар даромади ошаверади, хотин-қизларни миллий либосларга буркаш, ипакли майин матолар тўқиш ҳажми ошади.

Туман ҳокими ўринбосари, қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи Бекзоджон Жўраев билан учрашиб, ундан туманда пиллачиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўрадик.

– Пилла етиштиришни кўпайтириш, соҳани ривожлантириш ва пиллачиларга қатор имтиёзлар яратиб бериш бўйича бир неча қарорлар чиқди, – дейди у. – Уларни бажариш бурчга айланган, шу жараёнда тут плантацияларини бапро қилиш ва қуртбоқарларга имтиёзлар бериш ишлари туманимизда ўз вақтида адо этилмоқда. Ипак қуртини боқишда хорижликлар тажрибасидан фойдаланилмоқда. Янги технологияларни соҳага татбиқ этиш яхши самара беряпти. Энди Ёзёвонда ҳеч қачон пиллачилик оқсамайди, деган умиддамиз.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.