Обод жойга барака ёІилади

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Аввалроқ Улуғнор тумани марказига келган меҳмон бугун бу ерга ташриф буюрса, ўзгаришларни кўриб, беихтиёр ҳайратга тушиши аниқ

Илгари Шаҳриобод маҳалласидаги йўлдан ўтсангиз, кўзингиз ахлат уюмларига тушарди. Бинолар олди-орти ташландиқ эди. Бунинг устига ҳудудда сайргоҳ ва болалар майдончаси ўрнида тандир, ўчоқ, омборхона ва оғил пала-партиш қуриб ташланганди. Инфратузилма ҳақида ўйлаш ақлга сиғмасди. Ҳовлиларда яшаётган аҳоли ҳам андак бепарво эди. Уларнинг сигир-бузоғи дарахтларга боғланар, қўланса ҳиддан ўтган-кетганнинг таъби бузиларди.

Дарҳақиқат, Жиззах вилоятининг Манас қишлоғида бошланган улкан бунёдкорлик жараёни шаҳриободликлар қалбини ҳам ёритиб юборди. Кун сайин қиёфаси ўзгариб борган маҳалла обод масканга айланди. Бугун ушбу ҳудудга йўлингиз тушса, инсоннинг қўли гул эканига амин бўласиз. Ранг-баранг гулзорлар ўзига қаратади, болалар ҳайқириб, замонавий майдончада ўйнайди.

Давлатимиз раҳбари Андижонга ташрифи чоғида Шаҳриобод маҳалласида ҳам бўлганди. Ўшанда инсон ҳаётидан мамнун яшаши учун кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини Юртбоши- миз қайта-қайта таъкидлаганди.

– “Обод қишлоқ” дастури аҳоли ўртасида катта қизиқиш уйғотди, – дейди Омадхон Холматова. – Шаҳриобод шаҳар қиёфасига кирди. Куни тундан, туни кундан гўзал бўлди. Ўзгаришларни кўргани келаётганлар бизга ҳавас қилаётганидан хурсанд бўляпмиз. Муҳими, энди бепарволик жамоатчиликни тарк этди.

Айни кунларда Улуғнордаги ободончилик ва инфратузилма объектларини янгилаш, капитал таъмирлаш ишларида тадбиркорлар фаоллик кўрсатишмоқда. Алоҳида ишлаб чиқилган лойиҳада маҳалланинг эртаси акс этган. Бугунги ҳаракат эса ўша лойиҳаларни юзага чиқаришга қаратилган.

Улуғнорда ҳали дастурга киритилмаган маҳаллаларда ҳам ободончилик ва аҳолига хизмат кўрсатишни янада яхшилашга қаратилган ишларнинг бошлаб юборилганини кўрдик. Чунончи, Мингбулоқ, Оқтом, Тўрттол қишлоқларида бошланган ўзгаришлар кўзни қувнатади.

– Ободлик қалбга ҳам кўчмоқда, – дейди оқтомлик фермер Каримжон Мамажонов. – Президентимиз “Обод қишлоқ” масаласини жамоатчилик ҳукмига ҳавола этганидан сўнг одамлар янада жипслашди. Ишончимиз комилки, бу ташаббус юртимиз қиёфасини ўзгартирибгина қолмай, барчани эзгулик, бунёдкорлик сари ундайди. Маҳалламизда ҳам тадбиркорлар томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

2018 йил режасида вилоят бўйича 50 та маҳаллада “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури ижроси рўёбга чиқади. Шундан 28 таси қишлоқлар ўрамида бўлиб, дастур билан боғлиқ лойиҳалар жамоатчиликнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида тайёрланди. Электр токи, табиий газ, ичимлик суви тармоқлари таъмирланиши эса аҳолининг яхши шароитларда яшашига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори бамисоли узукка кўз қўйгандек бўлди, десак муболаға бўлмайди. Айнан маҳалла кафолати билан фуқароларга тақдим этилаётган имтиёзли кредитлар қишлоқ аҳолиси турмуш тарзига ижобий таъсирини кўрсатади.

Биз Асака туманининг “Ниёзботир”, Балиқчи туманининг “Баркамол”, Андижон туманининг “Чем”, Жалақудуқ туманининг “Қиличмозор”, Марҳамат туманидаги “Ўқчи”, Избоскан туманидаги “Қораёнтоқ”, Олтинкўл туманидаги “Оқтепа” МФЙларда бўлганимизда имтиёзли кредитлар тарғиботи билан боғлиқ масалалар жамоатчилик томонидан қизғин қабул қилинаётганини кўрдик. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича вилоят, туман, маҳалла миқёсида алоҳида ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Ишчи гуруҳлари аъзолари назаридан бирорта ҳам хонадон эътиборсиз қолдирилмаётир. Банклар томонидан кўргазмали семинарлар ўтказилиб, дастур билан боғлиқ йўналишлар бўйича берилаётган фикр ва мулоҳазалар умумлаштирилмоқда.

Албатта, уларнинг барчасида юрт ободлиги ва турмуш фаровонлигига қўлдан келганича ҳисса қўшишдек пок ният ва олижаноб мақсад мужассамдир.

Қобилжон АСҚАРОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.