Дала }овлидаги туя³уш

– У ўзига хос даромад манбаи экан, – дейди меҳнат фахрийси Баҳриддин Муродов.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Шаҳарда, айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли орасида тоза ҳаволи табиат қучоғини, боғроғларни, уй ҳайвонлари-ю, оқар сувларни соғиниш ҳисси ҳамиша устувор бўлади. Аммо ҳар доим ҳам табиат билан ҳамнафас яшашга имконият топилавермайди. Инсон кўпинча иш, ўқиш, турли хизматлар сабаб бунга вақт ажрата олмайди.

Шу боис, кўпчилик ушбу ҳаётий эҳтиёжни қондириш мақсадида шовқинли шаҳардан олисроқдан, имкон қадар тоғли, мусаффо ҳаволи қишлоқ ҳудудларидан чоғроққина бир маскан қидиради. Маъқул жойни топиб, обод этади ва бу ер унинг иккинчи уйига айланади. Биз бундай гўшаларни оддий тилда дала ҳовли деймиз.

Бу, аслида, ҳеч кимга янгилик эмас. Масалан, Россияда ҳатто дала ҳовли ширкатлари тузилган. Дала ҳовли ерларидан фойдаланувчиларга сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослашган инфратузилмалар ташкил қилинган. Бу ҳақда турли маслаҳат ва тавсиялар бериб борувчи махсус журнал ҳам чоп этилади. Нима бўлганда ҳам дала ҳовли шахсий бўлганлиги учун ундан ҳар ким ўз ихтиёрича фойдаланади. Биров ҳафта давомида зўриқиб ишлаган асабларини дам олиш кунлари тинчлантириб, маза қилиб ҳордиқ чиқаради. Кимдир оиласи билан чўмилиб, қуёшда тобланади. Яна биров дўстлари билан тўпланиб, улфатчилик қилади. Қандай дам олиш ҳар кимнинг ўз иши, албатта. Аммо яна шундай дала ҳовли эгалари борки, улар томорқада ишлаб, тер тўкиб, ғуборини чиқариб яйрайди. Яратган боғидаги дов-дарахтлар парвариши, рўзғори учун турли маҳсулотлар етиштиришдан завқ олади. Қулай шароитдан фойдаланиб, бўш вақтини мароқли ўтказиш баробарида ёрдамчи хўжалик ташкил этиб, оила иқтисодини янада яхшилашни ўз олдига мақсад қилади.

Меҳнат фахрийси Баҳриддин ака Муродов вақтини дала ҳовлида ана шундай мароқли ўтказаётган кишилардан.

– Ўзим асли Фарғона водийсиданман, – дейди у. – Болаликда ҳовлида яшаб, томорқада ишлаб, уй ҳайвонларини парваришлаб улғайганмиз. Аммо кейинчалик ўқиш, иш туфайли пойтахтда қолиб кетдик. Уч ўғлим кўп қаватли уйда туғилиб, шаҳарда улғайишди. Ҳаммалари олий маълумотли, уй-жойли. Фарзандларимнинг камолидан кўнглим тўқ бўлса-да, уларнинг ердан, табиатдан узилиб қолганига негадир ўзимни айбдор, деб ҳисоблардим. Шу боис бир умр оиламни табиат билан боғлаш, ерга яқинлаштириш ниятида эдим.

Бугун Баҳриддин аканинг дала ҳовлисида бўлган ҳар қандай одамнинг баҳри дили очилади. Турли мевалар, узум, рўзғорга керакли барча ноз-неъматлар ғарқ пишган. Парранда, қуён ва беданалар, сакраб ўйнаётган қўзичоқларни айтмайсизми. Ҳовли этагидаги атрофи тўсиқлар билан ўралган май- донда эса ингичка бўйинларини чўзганча юлқиниб юрган туяқушлар...

Баҳриддин ака турмуш ўртоғи Муҳаббат опа билан дала ҳовлисига кўчиб ўтгач, аввало, ўзларида катта ўзгаришларни сеза бошлади. Ҳаво тоза. Чор атроф яшиллик, гулу гулзор. Тунлари олисдан атрофдаги жилғаларнинг ёқимли шилдираши эшитилади. Энг муҳими, шовқин йўқ. Уларнинг ёшида бу соғлиқ учун жуда муҳим омил. Ўғиллар, уч келин ва 6 нафар набира ҳам энди дам олиш кунлари ота-оналарини кўргани дала ҳовлига келишади. Бирга ишлашади. Жонворларни парваришлашга кўмаклашади.

– Қўшнимизда 10 та туяқуш бор эди, – дейди Баҳриддин ака. – Қизиқиш устун келиб тўрттасини сотиб олдим. Интернетдан кўрсам, бу жониворлар даромаднинг нақ кони экан. Териси ноёбликда тимсоҳникидан қолишмайди. Ундан тикилган бир жуфт туфли 350 АҚШ долларида баҳоланади. Турли тасма, бежирим сумкалар, тухумидан сувинирлар ясалади. Хуллас, гўштидан патигача даромад экан. Яхши ниятда кўпайтиряпмиз. Қўй, қуён гўштлари, товуқ ва бедана тухуми, рўзғорга керакли ҳамма резаворлар ўзимиздан чиқяпти. Чамалаб кўрсам, дала ҳовли нафақат дам олишда, балки оилавий бизнес билан шуғулланишда ҳам зўр имконият экан.

Баҳриддин аканинг “оромижон ранчоси”дан қайтар эканман, йўл-йўлакай чўзи- либ кетган дала ҳовли дарвозаларидаги қатиқ, сут, қимиз, тухум, эчки сути деган ёзувларга кўзим тушди. Бу маҳсулотлар хонадон эгалари эҳтиёжларидан ортяптики, шундай ёзувлар илинган. Беихтиёр Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ ва Пискент тумани ҳудудларидаги сўлим гўшаларда тикланган минглаб дала ҳовлилар кўз олдимга келди. Шунда бугун юртимизда “Ҳар бир оила – тадбиркор” йўналиши бўйича амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар доирасида, агар истовчилар бўлса, ушбу масканларда ҳам хайрли ишлар қилишга қулай имкониятлар бор эканлиги кўнглимдан ўтди.

Иброҳим ТОШЕВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.