Аграр со—ага етук мутахассислар

ТОШКЕНТ ДАВЛАТ АГРАР УНИВЕРСИТЕТИ НУКУС ФИЛИАЛИДА БУ БОРАДАГИ ИМКОНИЯТЛАР ЯНАДА КЕНГАЙДИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Давуд АБИБУЛЛАЕВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртлари сингари Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалида ҳам 2018/2019 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

– Жорий ўқув йили учун филиалимизда 19 та бакалавриат таълим йўналишида 74 та давлат гранти ва 226 та тўлов контракти бўйича қабул режаси белгиланган, – дейди Қабул комиссияси масъул котиби Бекбай Калимбетов. – Шунингдек, 7 та магистратура мутахассисликлари бўйича давлат гранти асосида 19 та қабул режалаштирилган.

Бакалавриат таълим йўналишида Сабзавотчилик, Полизчилик ва картошкачилик, Агробизнес ва инвестицион фаолият, Гидротехника иншоотлари ва насос станциялари, Қоракўлчилик каби янги йўналишлар очилган бўлса, 10 та таълим йўналишининг номланишига ўзгартириш киритилган.

Магистратурада эса Агрокимё, Ўсимликшунослик, Ўсимликлар ҳимояси, Селекция ва уруғчилик, Сабзавотчилик ва полизчилик, Паррандачилик, Наслчилик каби мутахассисликлар бўйича янги йўналишлар очилди.

Давлат тест синовларига тайёргарлик кўриш ва қабулни юқори савияда ўтказиш мақсадида етакчи профессор-ўқитувчилардан иборат “Ишчи гуруҳи” тузилди. Қабул комиссияси таркибига Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг фаол аъзоларидан 10 нафар етакчи жалб этилди. Абитуриентлар ҳамда уларнинг яқинлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ахборот-маслаҳат хонаси ташкил этилди. Факультетлар, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари мазмунини очиб берувчи баннерлар, буклетлар тайёрланди, катта экранли мониторда видеороликлар орқали маълумотлар тақдим этиб борилмоқда. Бундан ташқари, Ахборот-маслаҳат маркази қабулга оид меъёрий ҳужжатлар, статистик маълумотлар, фанлар бўйича дастурлар, маслаҳатлар жадвали, эълонлар ва бошқа зарур маълумотлар билан тўлиқ таъминланди. Абитуриентлар ва ота-оналар учун кутиш, дам олиш, овқатланиш жойлари ҳам ташкил этилди.

– Мамлакатимизда балиқ етиштиришнинг илмий асосланган усуллари ва интенсив технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти Нарпай туманидан келган абитуриент Мирзабек Абдукаримов. – Шунинг учун ҳам, ҳужжатларимни балиқчилиқ мутахассислигига топширдим. Бу ерда абитуриентларга барча шарт-шароитлар яратилган. Ҳужжат топшираётган тенгдошларимга омад тилайман.

2018/2019 ўқув йили қабули ҳақида маълумотлар, қабул жараёнига киритилган ўзгартиришлар, мақсадли ва қўшимча қабул, абитуриентларга, шу жумладан, хорижий фуқаролар ҳамда ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга ёшларга бериладиган имтиёзлар мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар бериш учун шу соҳа бўйича мутахассис профессор-ўқитувчилар масъул қилиб бириктирилган.

Яна бир янгилик шундан иборатки, жорий ўқув йилидан бошлаб, бакалавриат таълим йўналишида сиртқи таълим жорий этилди. Унда Агрономия, Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси, Зооинженерия (Балиқчилик) ҳамда Ўрмончилик мутахассисликлари бўйича ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Сиртқи таълим йўналиши мутахассисликларига ўзбек ва қорақалпоқ тилларида жами 100 нафар талаба ўқишга қабул қилинади.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.