Ишда унум, барака бґлса...

ШУ ЙИЛНИНГ 12-13 ИЮНЬ КУНЛАРИ МАМЛАКАТИМИЗ РАҲБАРИНИНГ ФАРҒОНА ВИЛОЯТИГА ТАШРИФИ ОЛТИАРИҚДАГИ “ИСМОИЛ НОЗИМОБОД” ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ РАҲБАРИ КОЗИМБЕК МАДРАҲИМОВ ВА ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ИШЧИЛАРИ УЧУН УНУТИЛМАС ВОҚЕА БЎЛДИ.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ҳамиджон БУРҲОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

– Муҳтарам Президентимизнинг фермер хўжалигимизга ташрифидан бошимиз осмонга етди, – дейди фермер. – У киши аҳволимиз, ишларимиз билан қизиқди. Шу ернинг эгаси экансиз, бу йилги ҳосил қандай бўлади, деб сўради. Жавобимни эшитгач, дала оралаб бир туп ғўзани олиб, унинг томирига қаради. Бу ғўза қанча ўғит олганини, қанча сув ичганини айтиб турибди, деди. Ғўзамиз ривожи орқароқда қолаётганини ҳам таъкидлади. Парваришни кучайтириб, ҳосил тўплашда қўшимча имкониятларни ишга солишимиз зарурлигини англадик.

Давлатимиз раҳбари пахтазордан чиқиб, энди ўрим бошланган ғаллазорни кўздан кечирди. Ҳосил чўғи билан қизиқди. Сўнгра хўжалигимиздаги наслли чорва моллари, картошка ҳосили йиғиб олинган ерлар ва боғларимизга назар солди. Кўп тармоқли фермер хўжалигимиз фаолиятига омад тилади. Очиқ айвонда йиғилиб турган фермерлар билан дилдан суҳбатлашди.

Президентимизнинг фермер хўжалигимизга келиб кетганига бир ойдан ошган бўлса, шу давр ичида катта ижобий ўзгаришлар бўлди. Ишга муносабатимиз ўзгарди, ғайратимизга ғайрат қўшилди. Ғалла ўримини бир кунда якунладик. 30 гектар ердаги бошоқли дон экинидан 80 центнердан ҳосил олиб, давлатга 125 тонна юқори навли буғдой сотилди. Фермер хўжалигимиз эҳтиёжи учун қолган ҳосилдан ишчиларга тақсимлаб берилди. Буғдойдан бўшаган ернинг сомони тезда йиғиштириб олиниб, такрорий экинлар экилди. Шунингдек, 10 гектар ерга яхши ният билан чигит ҳам қадалди. Бунда ўтган йили кечки пахтадан мўл ҳосил олган фермерлар тажрибаси қўл келмоқда.

Юртимизда “Ҳосилга ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” давом этмоқда. Бу даврда ғўза парва- риши кучайтирилиб, барча имкониятлар ишга солинмоқда. Ғўзага иссиқлик жуда зарур. Ҳозирги юқори ҳарорат ғўза ривожига ижобий таъсир этмоқда.

Фермер хўжалигида механизаторлар Рўзибой Мўйдинов, Турсунали Отахонов, тажрибали сувчи Содиқжон Пўлатов, ёш сувчилар- дан Усмонали Жўраев, Ҳасанбой Пўлатов ва бошқалар ғўзага ишлов беришда астойдил меҳнат қилмоқда.

– Отам илгари хўжалигимизга қарашли ерларда 35 йил бригадирлик қилган, – дейди Козимбек. – Менинг пахтачиликдаги биринчи устозим ҳам отам бўлади. Отам пенсияга чиққач, мени бригадирликка сайлашди. Фермер бўлгач, бирга ишлаган 35 нафар ишчи хўжалигимизга аъзо бўлди. Улар меҳнатига яраша муносиб рағбатлантириб келинмоқда. Шу боис ишимизда унум, барака бор.

Фермер хўжалигида қўшимча тармоқлар фаолияти ҳам яхши йўлга қўйилган. 2013 йили 40 миллион сўмлик банк кредити ҳисобига 5 бош наслли қорамол сотиб олинганди. Бу йил улар сони 30 бошга етди. Бундан кўринадики, тармоқ йил сайин ривожланиб бораверади.

Шунингдек, асаларичилик ва паррандачилик йўналишларида ҳам яхши натижаларга эришилмоқда. Бундан ташқари, 2 сотих ердаги иссиқхона қўшимча даромад келтиряпти. Фермер келажакда балиқчилик соҳасини ҳам йўлга қўймоқчи.

Хуллас, фермерга, унинг қизғин иш фаолиятига ҳавас қилса, арзийди. Ишбилармонлиги, ҳалол меҳнати орқасидан рўзғори обод, кўнгли хотиржам, тани соғлом. Худди шундай ишчиларининг ҳам кўнглию рўзғори обод. Ҳаётидан мамнун. Ҳалол меҳнат, пешона тери эвазига топилган ризқ баракали, тотли бўлишини ушбу фермер ва унинг ишчилари мисолида яққол кўришингиз мумкин.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.