Де}іонга уруІ бердингиз...

унинг эзгу мақсадларини рўёбга чиқарсин!

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Карим РАҲИМОВ, Уруғчиликни ривожлантириш маркази Бухоро ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси.

Мўл-кўл ҳосил яратиш илинжида даласига отланган деҳқон борки, ерга сара уруғ қадашга ҳаракат қилади. Чунки, ерни ҳар қанча оби-тобига келтирган, экинни ўз вақтида эккан, парваришни ҳам меъёрида ўтказган бўлса-да, сифатсиз уруғ унинг режаларини барбод қилиши ҳеч гап эмас.

Президентимизнинг жорий йил 17 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжали давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 27 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалиги тармоқларини ҳосилдорлиги юқори, сифати аъло, таъми ва таркиби жаҳон андозалари талабига жавоб берадиган, маҳаллий тупроқ ва иқлим шароитига мос келадиган уруғликлар билан таъминлашда муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади.

Тан олиб айтадиган бўлсак, кейинги йилларда миришкор деҳқонларимизни сифати ва юқори ҳосилдорлиги кафолатланган уруғлик билан таъминлаш масаласидаги оқсашлар сабаб, улар билиб­билмай тадбиркорлар томонидан таклиф этилаётган гибрид ва гинетик жиҳатдан ўзгартирилган уруғлардан фойдаланишга ўрганиб қолишди. Натижани эса таҳлил қилишга ҳожат йўқ. Сабаби, бугун фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари далаларида етиштирилаётган аксарият қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мазаси оғзингизни тахир қилади. Ҳолбуки, илгари етиштирилган сабзавот, полиз ва боғдорчилик маҳсулотларининг ҳил­ҳил пишиб тургани эмас, ҳатто қоқисининг ҳам таъми тилни ёрадиган даражада бўлган.

Минг афсуски, ҳозирги кунда деҳқон хўжалик ва томорқа ерларимизнинг асосий қисмини эгаллаб улгурган бу турдаги уруғлардан олинаётган ҳосил салмоғи ҳам баракали эмас. Очиқ майдонларда етиштирилаётган картошка, помидор, пиёз каби асосий озиқ­овқат маҳсулотлари саналган экинларнинг ҳосилдорлиги мақташга арзигуликмас.

Яна бир гап. Гибрид ва гинетик ўзгартирилган нав уруғларидан тартиб бўйича бир марта ҳосил олинади. Баъзи деҳқонларимиз эса дастлабки йили бироз юқори ҳосил берган экинлардан уруғ олиб, кейинги йилларда ҳам такроран экишаётгани сабабли катта иқтисодий зарар кўришмоқда.

Юқоридаги ҳуқуқий ҳужжатлар эса аграр соҳадаги ушбу муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади. Унга кўра, Республика Ғўза уруғчилиги ва Бошоқли дон экинлари уруғчилиги республика марказлари негизида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази, вилоятларда эса ушбу марказнинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди.

Ғўза ва бошоқли дон экинлари билан бир қаторда юқори ҳосилдорлик ҳамда маҳаллий шароитга мос сабзавот, полиз ва дуккакли экинлардан оналик материаллари тайёрлаш, уларни сақлаш, кўпайтириш, деҳқон ва фермер хўжаликларининг талабини шу аснода қондириш, соҳада илмий ва тажриба­экспериментал тадқиқотларни олиб бориш, уруғчиликка инновацион технологияларни жорий этиш каби бир қатор вазифалар ушбу марказ ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари зиммасига юклатилган.

Айни кунгача Бухоро вилоятидаги 5 та элита уруғчилик лабораториясида “Бухоро­6”, “Бухоро­8”, “Бухоро­102” ва истиқболли “Бухоро­10” ғўза навларидан юқори авлодли уруғлар етиштирилаётган бўлса, эндиликда бу ерда воҳа миришкорларининг талабларини қоплайдиган даражада бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини етиштириш мақсадида ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган.

Айни кунда уруғчиликка ихтисослашган Ромитан туманидаги “Тўхтабобо” фермер хўжалигида сабзи, Когон туманидаги “Чорбоғкенти” фермер хўжалигида ош лавлаги, Вобкент туманидаги “Нажим Тошобод” фермер хўжалигида турп экинларининг оналик материаллари парвариш қилинмоқда.

Мухтасар айтганда, бизнинг мақсадимиз юртимизда мавжуд бўлган ва бугунги кунда йўқолиб бораётган ноёб қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини топиш ҳамда уларни қайта тиклаш, селекция ишларини самарали йўлга қўйиш, илмий муассасаларнинг мутахассис ва олимлари ишланмаларини амалиётга кенг жорий этишдир. Зеро, деҳқон даласига қадалган уруғ унинг эзгу мақсадларини рўёбга чиқарсин!

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.