Набототнинг ажиб олами

“Фаол тадбиркор — ижодкор нигоҳида” танловига

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ҳулкар ТЎЙМАНОВА, журналист.

Тувакда кўкариб турган гулни кўрганда шакли қандай бўлишидан қатъи назар, қараб кайфиятингиз кўтарилади. Табиатнинг ажиб мўъжизаси. Агар гулнинг “кўнгли”га йўл топа олсангиз, у соат ва кун сайин гуркираб ўсади. Қалби гўзалликка, нафосатга ташна инсон гул экади, бута кўкартиради, боғ яратади, бундан кишиларни баҳраманд қилгиси келади. Ўз ҳовли-жойида, катта ер майдонида ана шу эзгу иш билан шуғулланаётган замондошларимизни Тошкент туманининг Ҳасанбой қишлоғида ҳам учратасиз.

“Баҳор гуллари” боғ марказига кирган киши дафъатан шошиб қолади. Жазирама ёз офтобидан ҳимоялаш учун ўсимликларнинг устига сетка тутилган. Катта­кичик тувакларда ўсаётган наботот хилларига ҳаво, ҳарорат, меҳр етарли. Боғнинг умумий майдони 2 гектар. Йўлаклар бўйлаб айлансангиз, бир­биридан антиқа ўсимликларни кўрасиз. Ҳар битта турга мансуб ўсимликнинг паспорти мавжуд. Тадбиркорлар хорижий давлатлардан келтирилиб, Ўзбекистон иқлимига мослаштирилаётган ўсимликларни 8 туркумга ажратишган: дарахтлар, нинабарглилар, буталар, мевалилар, атиргуллар, лианлар, пальмалар, кўп йиллик ўсимликлар. Ўзига хос шакли, турлича япроқлари, гули билан бир­биридан фарқланувчи манзарали бу ўсимликларни бизнинг иқлим ша- роитимизга мослаштириш осон эмас.

– “Баҳор гуллари” бундан 20 йил муқаддам кичкина гул дўкони сифатида ўз фаолиятини бошлаган эди, – дейди унинг раҳбари Наргиза Усмонова. – Кейинчалик гулларни кўкартириб кўпайтириш, мижозларга тақдим этиш ғояси туғилди. Ер майдонини расмийлаштириб, гул турларини кўпайтирдик. Маҳаллий шароитда ўстириладиган гул навларидан ташқари хорижий давлатларда ўсадиган қимматбаҳо наботот хилларини ҳам олиб кела бошладик. Бозорда ўз ўрнимизни топдик. Ҳозир буюртмаларимиз оз эмас. Ташкилот, корхоналарга 700 хилдан зиёд маҳсулотларимизни тақдим этяпмиз. Нинабарглиларга қизиқувчилар кўп. Боғимизда унинг 10 дан зиёд хили мавжуд. Киви, қайин, эман, каштан, магнолия, чинор дарах- тлари, барбарис, сирен, олеандра буталари, гейхерелла, мискантус каби кўп йиллик ўсимликларни парвариш қилиш натижасида ўзига хос хусусиятларини билиб олдик. Аҳолидан тушадиган буюртманинг яна бир шакли – ландшафт дизайни билан ҳам шуғулланмоқдамиз. Эрта баҳордан кеч кузга қадар боғимизда иш жараёни қизғин кетади. Фақат қиш ойларида совуққа чидамсиз флора вакилларини иссиқхонага жойлаймиз.

Ўсимлик – тирик организм, унга меҳр ва эътибор зарур. Боғни макон айлаган бута ва дарахтларга ёз жазирамасида яна ҳам кўпроқ парвариш керак. Уларни тез­тез суғориб туриш талаб қилинади. Акс ҳолда иссиқ салбий таъсир кўрсатади. “Баҳор гуллари” боғ маркази агрономи Эркин Нажимовнинг қўли қўлига тегмайди. Офтобдан сақланиш учун бошига оқ рўмол танғиб олган бу киши 5 нафар йигитни ўсимлик парваришига жалб этган.

– Уй олди, ишхона яқин бўлса, вақт йўқотмас экансиз. Қўлимиздан келадиган иш, бандлигимиз таъминланди, ойлик маош чакки эмас. Сув насос орқали чиқарилади. Бир сидра суғорилган бутани кейинги марта суғор- гунча уч кун ўтади. Кўриб турганингиздек, Италия, Польша, Ҳиндистон, Голландиядан келтирилган ўсимликларни навбати билан суғорамиз. Вақти­вақти билан муайян миқдорда минерал ўғит солинади. Буюртмачилар келса, ҳар бир ўсимликни қандай парвариш қилиш бўйича маълумот берамиз, – дейди Эркин ака пешонасидаги терни артиб.

“Баҳор гуллари” боғ марказида мавсумий ҳолатга қараб 20­30 нафар кишининг иш билан бандлиги таъминланмоқда. Буюртмачилар талабэҳтиёжига қараб, 8 турдаги хизмат кўрсатилади: ландшафт дизайнида индивидуал услуб, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш лойиҳалари, комплекс тарздаги ландшафт лойиҳаси, боғ парвариши, агротехник тадбирларга кўмаклашиш, яроқсиз ҳолга келиб қолган дарахтларни қўпориб ташлаш, кичик меъморий шакл вужудга келтириш, сунъий майса ўрнатиш. Бир­бирини тўлдирувчи ва бири иккинчисига ўхшаш жараёнда буюртмачининг хоҳиш­истаги инобатга олинади.

“Баҳор гуллари” боғ маркази тасарруфидаги ер майдони 2016 йилдан бошлаб янада кенгайтирилди. Қибрай туманининг Байтқўрғон қишлоғида 16 гектарлик боғ яратилди. Бу ерда 270 хил ўсимлик парвариш қилинмоқда.

– Хорижий мамлакатлардан келган наботот хиллари юртимиз иқлим шароитига мослаштирилмоқда, – дейди бош директор Баҳодир Мақсудов. – Бу осон эмас. Аммо хорижлик ҳамкасбларимиз берган кўрсатмага мувофиқ иш тутаётганимиз туфайли барча ўсимликлар бир текис ривожланмоқда. Ҳаво, тупроқ, сув, ўғит – ҳаммасидан ўрни ва меъёрида фойдаланиш ҳар қандай ўсимликнинг “тили”ни топишда қўл келади.

Халқимизда “Қарасанг, боғ унар”, “Боғни боқсанг боғ бўлар, ботмон дахсар ёғ бўлар” деган нақллар бор. Ниҳолни қадасанг, бир кун келиб соя берадиган дарахтга айланувчи юртимизда гул­буталарни кўпайтиришни, бунинг ортидан ҳам ўзига, ҳам халқига манфаати тегишини ўйлаётган боғ маркази тадбиркорларига тасанно, дегингиз келади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта, унинг учун бундан садақа ҳосил бўлур” деб марҳамат қилганларки, бу биз ҳикоя қилган тадбиркорлар фаолиятига айнан мосдир.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.